Хитой тилини мукаммал билганлар учун мукофот

Тошкентда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси стипендия дастури ғолиблари тақдирланди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг мажлислар залида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси стипендия дастури ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Низомий номидаги ТДПУ қошидаги академик лицейи, Тошкент шаҳридаги 59-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Хитой миллий маданият маркази ўқитувчи ва ўқувчилари, талабалар иштирок этди.

Фото: EmbassyofChinaInUzbekistan

Тантанали маросимда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Ян ғолибларни табриклар экан, 2022 йил Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик ривожидаги ютуқ билан нишонланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Президент Си Цзиньпин сентябр ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш учун муҳим йўналиш белгиладилар. Хитой томони маданий-гуманитар алмашувларни чуқурлаштириш ва икки давлатнинг яқинлашувига кўмаклашиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр”.

Элчи Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратди ва Ўзбекистон ёшларига катта умид боғлади ва уларни “Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик келажаги” деб атади.

“Ёшлар кучли бўлса, давлат ҳам мустаҳкам бўлади. Замонавий хитойлик ва ўзбек ёшлари ўз қобилиятларини юзага чиқариш учун энг кенг майдон берилган даврда яшамоқда, улар орзуларини рўёбга чиқариш учун чексиз порлоқ келажакка эга бўлишади”, — деди элчи. У Ўзбекистон ёшлари икки давлат ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида астойдил ўқиб-ўрганишига умид билдирди. Элчихона Хитой тилини ўрганадиган ва Хитой маданиятини севадиган ҳар бир кишига ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади.

Тадбир давомида тақдирланганлар дастур ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон-Хитой дўстлигининг буюк мақсадини илгари суриш мақсадида Хитой тилини ўқитиш ва ўрганишни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Фото: EmbassyofChinaInUzbekistan

Эслатиб ўтамиз, бу йил элчихона Ўзбекистонда биринчи марта Хитой тили ва маданиятини ўқитиш ва ўрганишни рағбатлантиришга қаратилган стипендия дастурини ишга туширган эди. Тошкент шаҳридан жами 50 нафар, самарқандлик 15 нафар талаба ва мактаб ўқувчилари совринни қўлга киритдилар. Ғолиблар жиддий танловдан ўтиб, юксак даражада тайёргарлик кўрганликлари ҳамда Хитой тилини мукаммал билишларини кўрсатишди.