Мамлакатимизда чет тилларини мукаммал ўрганган йигит-қизлар сафи йил сайин ортиб бормоқда. Уларнинг халқаро кўламда илм олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамда Хитойнинг Пекин чет тиллар университети докторанти Жасур Ёқубов ҳам шундай иқтидорли йигитлардан. Унинг хитой ва ўзбек тилларига оид тадқиқотлари бўйича бугунгача эришган ютуқлари барча ёшларга ўрнакдир.
Жорий йилнинг 7-9 ноябрь кунлари Хитойда ўтказилган “Хитой тилини ўқитиш ва тадқиқ қилиш“ мавзусидаги XIII халқаро конференция ва Пекин университетининг хитой тили I халқаро форумида ёш олим “Бошланғич даража гуруҳлари учун мўлжалланган хитойча-ўзбекча педагогик луғатидаги морфолексема ва сўзлар таснифи, уларнинг грамматик белгилари” деб номланган мақоласи билан қатнашди. Мазкур халқаро тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ малакали мутахассислари томонидан Жасур Ёқубовнинг илмий иши “Энг инновацион мақола” дея эътироф этилди. Тадбир ташкилотчилари томонидан ҳамюртимиз мақоласи махсус тўпламга киритилиб, диплом ва эсдалик совға билан тақдирланди.
Айни пайтда Жасур Ёқубов Пекин чет тиллар университети профессори Чен Гоухуан раҳбарлигида “Бошланғич даража гуруҳлари учун мўлжалланган хитойча-ўзбекча педагогик луғатининг тадкиқи ва тузилиши” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда.
Манба: ЎзА