Асрлар оша инсониятни ҳайратлантираётган девор

Дунёнинг етти мўъжизаси қаторига кирмаган бўлса-да, олимлар, тадқиқотчилар, қурувчилару фазогирлар, қолаверса сайёҳларнинг энг қизиққан объектларидан бири бу – Буюк Хитой деворидир.

Кўпчилик Хитойга бориб, бу деворни кўрмай қайтганларни Хитойга бормаган, деб ҳисоблашади. Шу сабабли ҳам мамлакатга келган меҳмонларга энг биринчи кўрсатиладиган иншоотлардан бири айни шу девордир. Ўзбекистон журналистлари сафари кун тартибидан ҳам унга ташриф ўрин олди. Тоғлар орасида қад кўтариб турган деворни узоқдан илғай бошлайсиз. Унга яқинлашганингиз сари эса, сайёҳларнинг ҳайратланаётганини, одамларнинг бир-бирларига ҳозиргина олган суратларини кўрсатиб, технологиялар йўқ вақтда қандай қийин шароитда қурилиш ишларини олиб боришгани-ю, меҳмонларнинг девор билан боғлиқ афсоналарни сўзлашаётгани қулоғингизга чалинади. Испан, инглиз, француз, ҳинд, африкалик… хуллас бу ерда дунёнинг турли нуқталаридан келган кишиларни учратасиз. Кимдир биринчи минорага кўтарилибоқ чарчаган, яна кимдир эса, сўнгги минорани забт этиш илинжида тепага қараб дадил илдамлайди. Қариялар-у, гўдаклар, талабалар, мактаб ўқувчилари, ёшидан қатъи назар Буюк Хитой девори ҳаммага бирдек жозибадор.

Нечта хитой бор?

Мексикалик сайёҳ, журналист Оскар Тапияни суҳбатга тортамиз. У эса бир оз нафас ростлашга фурсат топганидан хурсанд бўлар экан, ўз ҳайратини яшириб ўтирмади.

– Икки минорага кўтарилгунча чарчаб қолдим, аслида сўнгги нуқтагача боришни ният қилгандим, – дейди Оскар Тапия. – Биз охиригача юриб боролмаяпмиз. Энди тасаввур қилинг бу бинони қурганлар қанчалик қийин вазифани уддалашган. Буни мўъжиза деса бўлади. Бу ҳудуднинг бундан минг йиллар аввал ҳам жуда уддабурон ва ақлли халқи бўлганидан далолат беради. Бу девор ўз даврининг энг буюк иншооти бўлиб, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Биз мексикалик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари билан ҳам қизиқдик.

– Тўғриси Ўзбекистоннинг ҳам шу девор каби қадимий иншоотлари, қизиқарли тарихи ва маданияти борлигини касбим тақозоси сабаб биламан. Мен боришим лозим бўлган давлатлар рўйхатида у ҳам бор. Лекин, ҳали имконим бўлгани йўқ. Фикримча, биз каби журналистларга сизнинг мамлакатингизга пресс турлар сонини ошириш керак. Мен албатта борган бўлардим. Ўзбекистондан бизнинг томошабин учун қизиқарли бўлган материаллар тайёрланишига ишонаман, – дейди Оскар Тапия.

“Пиониналар ороли”га саёҳат (фото)

Қисқача Буюк Хитой девори тарихига тўхталсак. Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида қад ростлаган, Сариқ денгиздаги Ляодун қўлтиғидан бошланиб, ғарб томон чўзилган бу мудофаа девори кўҳна Чин меъморчилигининг улкан ва ноёб намунаси саналади. Деворни тадқиқ қилган олимлар унинг яралиши санаси борасида турлича фикрларни илгари суришади. Кўп манбаларда у милоддан аввалги IV-III асрларда ҳоқон Цинь Шихуанди фармонига биноан барпо этилгани айтилади.

Буюк Хитой девори қурилишига, ўша вақтда умумий аҳолининг бешдан бир қисми жалб этилган бўлиб, дастлабки ўн йилда 1 миллионга яқин киши унда иштирок этган. Ишчи кучи сифатида эса деҳқонлар, ҳарбийлар, қуллар билан бир қаторда жиноятчилар жазони ўташ учун жўнатилган.

Турли ҳоқонлар даврида, қачондир қурилиш ишлари тўхтаб, маълум муддатдан сўнг яна давом эттирилган. Бу ишлар бир неча асрлар давомида олиб борилган бўлиб, деворга илк тамал тоши қўйилган даврда фойдаланилган қурилиш ашёлари сабабли тез емирилгани таъкидланади. Шунингдек, турли урушлар вақтида айрим қисмлари бузиб кетилган. Маълумотларга қараганда, девор милоддан аввалги II ва I асрларда ғарбга томон 500 километрга узайтирилган. XIV-XVII асрларда уни қуриш ва мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилган. Бу вақтда тош бўлаклари ва ғиштлар, гуруч елими кабилардан қурилишда фойдаланилган.

Хитойнинг шимолига 8000 километрдан ортиқ масофага чўзилган деворни фотосуратлар ёки экскурцияларда фақат ўрта қисмлари кўрилади. Биз ҳам айни шу ҳудудига бордик. Албатта кўпчиликда деворнинг бошланиш нуқтаси қаерда экан деган савол туғилиши табиий. Расмий равишда у Жанубий денгиз соҳилида жойлашган бўлиб, айнан ўша ерда қадимий Хитой муҳандислари томонидан режалаштирилганидек, ташқи душманларга қарши мудофаа тузилишини тугатиш мумкин эди.

Шу билан бирга, девор сувга шу тарзда кириб кетадики, чуқурлик пиёданинг ёки отнинг ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун етарлича катта бўлиши керак эди. Агар деворнинг барча даврларида қурилган қисмлари сақланиб қолганида 21 минг километрдан узунроқ масофада бўлар эди.

“Ўйинчоқлар тарихи” фотосессияси

Сулолалар алмашар экан девор қурилиши турли жойларда янгидан бошланган ва ҳар доим ҳам бир-бирига боғланмаган. Баъзи қисмлар яхши сақланиб қолинган, баъзилари эса ландшафт орасида унчалик ҳам фарқланмайди. Бунинг сабабларидан бири қурилиш ишлари турли вақтларда олиб борилгани ва материалларни ҳар хил жойдан олиб келишганидир. Девор битта узилмас узунликда эмас, аслида Хитой девори бир неча бўлаклардан ташкил топган. Деворнинг баъзи нуқталарида кузатиш миноралари бўлган. Фақатгина пойтахт Пекингина шундай, яъни девор узилмасдан ўралган.

Деворни кўргани келган сайёҳларни кузатсангиз, кимдир зинапояларни санаётгани, яна кимнидир минора ичида учиб юрган қуш ёки ниначиларни кузатаётганини, яна кимдир ирим қилиб темир тўсинларга қулф осиб кетганини ҳам кўрасиз. Гап шундаки, бу иншоот билан боғлиқ турли ҳикоялару, афсоналар кўп ва баъзилар уларга ишонишади.

Уларда келтирилишича, Хитой деворини қуриш даврида ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси шу ерга дафн этилган экан. Чунки бу ерда ишлаш шароити жуда оғир ва қийин бўлган. Шу сабабли ҳам минглаб, балки ундан ҳам кўпроқ одамлар ҳалок бўлишган… Халқ орасида уни “Энг узун қабристон” ҳам дейишар экан. Лекин, замонавий фанда бу ўз тасдиғини топмаган.

Ривоятлардан бирида айтилишича, қурилиш бошланган дастлабки вақтларда иш юришмай, девор ўз-ўзидан қулаб тушаверган экан. Бундан ажабланган ҳоқон кўпни кўрган алломаларни тўплаб, маслаҳат қилибди. Шунда донишмандлар оқсоқоли ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ғалати бир таклиф киритган экан. Аниқроғи, девор остига эндигина турмуш қурган йигит ёки қизни кўмиб, қурбон қилиш зарурлигини, ана шундагина муддаога эришиш мумкинлигини айтибди. Ҳоқон измига кўра, мулозимлар гўзал қизга уйланаётган Ван исмли бир йигитни топиб келишибди. Сўнгра уни мўмиёлаб, девор остига кўмишибди. Шундан сўнг истеҳком қуламайдиган бўлибди, бора-бора узунлиги ўн минг ли (тўрт миллион метр)га етибди. У хитой тилида “Ван ли чонгчанг” деб номланибди. Бу “Ўн минг ли узунликка эга девор” деган маънони англатади. Унга Ваннинг оти қўшилгани учунми, кейинчалик Хитойда бу исм рамзий маънода кенг тарқалиб кетган.

Буюк Хитой девори коинотдан ҳам бемалол кўриниб туради, деган фикрлар ҳам берилганди. Лекин, хитойлик фазогирлардан мамлакат журналистлари “Сиз деворни кўрдингизми?”, деб сўрашганда, “йўқ”, деб жавоб беришган экан. Фақат махсус техника орқали атайин кузатса, йириклаштирувчи қурилмалар ёрдамида уни кўриш мумкин экан.

1984 йилга келиб Дэнг Сиаопинг ташаббуси билан Буюк Хитой деворини реставрация қилиш дастури бошлаб берилган. 1987 йилда эса ЮНЕСКО деворни ўз ҳимоясига олган ва Бутунжаҳон мероси объекти сифатида рўйхатига киритган.

Бизга айтишларича, бу ишларга қарамасдан, деворнинг сайёҳлар учун мўлжалланган йўналишдан узоқроқдаги қисмлари хароб ҳолатда. Айни пайтда Минлар сулоласи вақтида барпо этилган деворнинг ўндан бир қисмигина қайта тикланган.

Нозима ТОШПЎЛАТОВА,

Тошкент — Пекин

Бошқа хабарлар | 其他新闻

Бизни қаршилаган денгиз
Бир ёни дарахтзору, баланд бинолар бир ёни денгизга туташ шаҳарга борарканмиз ҳавонинг иссиқлигига қарамай сувнинг жилоси ўзига тортди. Тезюрар поезда журналистлар жамоаси Сиаменга кириб ...
Хитойда нега кичик янги йил нишонланади?
Ҳар йили февралда Хитойда кичик янги йил кенг нишонланади. Нега кичик янги йил дерсиз? 8  февралда хитойликлар Сяонянь  (кичи Янги йил) , яъни Хитойдаги ...
Хитой электромобил ишлаб чиқаришда етакчи
Бугунги кунга келиб инсоният экологик муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилмаслик, оғир оқибатларга олиб келишини тушиниб етишди. Биргина  автомобиль саноатини оладиган бўлсак, бутун дунёда соҳанинг жадаллик ...
Сиз эшитмаган ва кўрмаган мўъжизалар
Саёҳатимиз давомида кўплаб қизиқарли тассуротларга, билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Илк бор қадам қўйган мамлакати ҳар қандай одам учун сирли ажойиботлар дунёси бўлиб кўринади. ...
Инсон капитали мамлакати — Хитой сафари таассуротлари…
Қадим Чин юртининг азим пойтахти бўлган, минг йиллик тарихга эга Пекин бизни ноодатий бўлган булутли осмони ила қарши олди. Кейин билсак, аслида бу булут ...
Тарихнинг келажакка уйғунлашуви
Хитойнинг ўзига ҳос тарихи асрлар давомида ўз сирлилиги билан инсонларни тортади. Архитектурасининг ҳашамдорлигини бошқа бирон давлатда кузатмайсиз. Императорлар давридан буён дунёни лол қолдириб келаётган ...
Хитой матбуоти тараққиётининг сири нимада?
Ўзбекистон матбуоти тақдири, келажаги бугун кўпчиликни хавотирга солаётгани сир эмас. Газеталарнинг обуна масаласи ҳамон ўз ечимини топганича йўқ. Обуна ташкил этишнинг муқобил ечимлари устида ...
Орзулар шаҳри сари
Медиа-тур давомида Пекиндан кейинги йўлимиз Фужоу бўлди. Эртакнамо шаҳар ўзини жозибадорлиги билан бизни ҳайратга солди. Айниқса Хитой ошхонасининг энг сара таомлари Пекинда каби бу ерда ҳам ...
Элни-элга боғлаган “Бир макон, бир йўл” …
Хитой  нафақат  саноати, техникаси ривожланган, қурилиш ва архитектурасининг ноёб ва бетакрорлиги билан донг таратган, балки илм-фан, санъат, маданият соҳасидаги улкан  ютуқлари билан ҳам  дунё ...
Хитой афсона эмас, чин мўъжизалар мамлакати…
Хитой  цивилизацияси  дунёдаги қадимий  цивилизация бешикларидан бири эканлиги тарихдан маълум.  Хитой маданияти жаҳондаги  энг қадимий афсонавий  маданият  ўчоғи  ҳисобланади.  Конфуций таълимоти бир неча юз ...
Гуанси-Чжуан: ёрқин ранглар ила ой шуъласидаги рақс
Унутилмас саёҳат таассуротлари Хитойнинг жанубида жойлашган  Гуанси-Чжуан автоном районидаги бир нечта шаҳарларда бўлиб, “Пекин – Гуйлин” йўналиши бўйича янги сафаримиз бошланди. Гуйлин шаҳри ўзининг бетакрор табиати, ...
Медиа-тур: Асрлар бўйи сайқаланган ибодатхона
Осмон ибодатхонаси. XV-асрда қурилган ибодатхона шаҳардаги ягона думалоқ кўринишда бунёд этилган иншоат хисобланади. Чанвэн жанубий ҳудудида, шаҳар марказидан 4 км масофада жойлашган, Тиантан Гонг ...