Учжоу — мўъжизавий ва ажиб шаҳар

3,5 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бу шаҳар Хитойнинг  маданияти ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Зеро, Учжоу сунъий ва  қимматбаҳо тошлар ишлаб чиқаришда мамлакат иқтисодиётининг  ўзига хос брендига айланган бўлиб, унда мингдан зиёд корхоналар фаолият юритади.

Дунё мамлакатларининг 80 фоизига маҳсулотини экспорт қилади. Эндиликда табиий тошлар асосида яратилган буюмлар ва сувинирлар ҳам унинг муҳим тармоқлари саналади. Шаҳар марказида  сунъий ва қиммабаҳо тошлар бозори бўлиб,  400 дан зиёд дўконлар мавжуд. 2014 йилда шаҳарда ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва экологик муаммоларга ечим топишга қаратилган 4 та иқтисодий зоналар ташкил этилди. Шаҳарнинг  ҳар жиҳатдан қулай ҳуддудда жойлашганлиги ҳам  саноатининг ривожига катта ҳисса қўшади.

Сафаримиз давомида тиббиёт воситалари ишлаб чиқарадиган фармацевтика цехи, “Гуйлингао желе” музейи фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Музейда тошбақадан тайёрланган саломатлик учун фойдали бўлган турли  желе намуналарини кўриш мумкин.

«Guangxi wuzhou maosheng tea co, LTD» чой плантацияси раҳбари Цу Шу Мэй хоним бизни қувонч билан кутиб олди. Компания ҳақида маълумот бериб, ишлаб чиқарилаётган чойнинг афзаллиги  ҳақида  айтиб ўтдилар. Чойнинг тайёрланиш, қадоқланиш жараёнида иштирок этдик ва улар сақланадиган махсус омборхонада бўлдик.  Бу ерда  чойнинг 10 га яқин турлари ишлаб чиқарилади ва барча давлатларга экспорт қилинади. Плантация кўргазма зали фоесидан ўрин олган 1 тонналик чой намунаси  ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади. Хитой қизлари томонидан санъат даражасига кўтарилган чой дамлаш саҳнаси намойиш этилди.

Шу билан бирга, 1800 йиллик тарихга эга Учжоу шаҳри музейи ҳамда Хэган биносининг ўзига хос жиҳатлари  ҳам шаҳарнинг нуфузи ва қийматини янада ошириб турарди.

Наньнинг шаҳрида  бўлганимизда Цинсю тоғи ва ботаника боғини томоша қилдик.  Тоғ бағрида шаҳар кафтдек кўриниб турарди.  Бетакрор флора олами ва табиат манзаралари эса ҳар биримизни мафтун қилганди.  Ёрқин гуллар, ландшафт дизайн асосида ташкил этилган манзараларни кўриб,  ҳайратимизни яшира олмадик. Бу ерда  шаҳарнинг рамзий  белгиси бўлган “Хитой атиргули”нинг кўплаб турларини учратиш мумкин эди.

Хитой Халқ Республикасининг бошқармаси  қошидаги  чет тилларидаги адабиётларни нашр қилиш ва тарқатиш бўйича  ўқув маркази бошлиғи  Чжао  Лицзюнь  ва марказнинг халқаро коммуникациялар бўлими мудири Ван Фэн барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ишларида омадлар тилади. Турли давлат делегация аъзоларининг вакиллари ҳам семинар ҳақида илиқ фикр билдиришиб,  меҳмондўстлик учун ташаккур айтишди.

Сафар таассуротларини  сўз билан изоҳлаш мушкул эди.  Бизни қувонтирган яна бир нарса, бу мамлакатда бўлган кунларимизда Ўзбекистонга борган кўплаб хитойликлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг барчаси ҳам диёримизнинг нақадар жаннатмакон юрт эканлиги, қўҳна ва навқирон шаҳарларнинг муҳташам обидалари, тотли мевалари ва таомларини мақташди. Мен шу юртнинг фарзанди эканлигимдан чексиз фахрландим.

Камола ПОЛВОНОВА. 

 Тошкент-Пекин-Гуанси-Чжуан автоном райони-Пекин-Тошкент.