Хитойда ҳар йили 11 ноябрь куни «Бўйдоқлар куни» нишонланиши анъанага айланган. Бу кунни «Бутундунё савдо куни» деб ҳам аташади.
Никоҳда бўлмаган инсонлар ушбу кунни байрамона ўтказишга одатланган. Байрам арафасида савдо акциялари авжига чиқади, мамлакатнинг турли чеккаларидан совғалар ҳамда харид буюмлари жўнатилади. Бундай кунларда эса Хитойдаги почта хизматлари иши қизийди.
Шунингдек, йирик чегирмалар «Бутунжаҳон савдо куни»да – Хитой анъанасига кўра айнан 11 ноябрь санасида амалга оширилади. Мазкур чегирмалар фақат бир кун мобайнида амалда бўлади.
Сўнгги йилларда бўйдоқлар кунини нишонлаш анъаналари янада ривожланди. Кўпчилик учун бу кун шахсий ва молиявий мустақиллигини кўрсатиш учун имконият ҳисобланади. Ҳали иккинчи жуфтини тополмаганлар дўст-биродарлари билан кафе, ресторанларда эркинликни нишонлайдилар. У ерда анъанага мувофиқ, ҳар бир киши ўзи учун ҳақ тўлайди.
Бошқалари эса, аксинча, бу кунда ёлғизлик билан хайрлашиб, ўз жуфтини учратишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда улар учрашувга отланадилар. Ушбу кун узоқ ва мустаҳкам оила қуришни ваъда қилади, деб ҳисоблайдилар.
Яна бошқалари 11 ноябрни ўзларининг бўйдоқлик ҳаётлари билан абадий хайрлашишларини айтишади. Шу сабабли, бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб, жамоавий никоҳлар ўтказилмоқда. Айниқса рақамлар сеҳрига ишонадиган хитойликлар тўрт бирликнинг ёлғизликни енгишга ва янги ҳаётга киришга энг яхши вақт эканлигига ишонишади.
Айримлар эса бу кунни ажралиш учун танлайди.
Фақат бахтли жуфтликлар бўйдоқлар кунини нишонлашда иштирок этмайди. Бу улар учун мутлақо зиддир. Акс ҳолда, муносабатларга путур етиши ва севгилисидан ажралиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.
Шунингдек, бўйдоқларнинг ичида ёлғизликдан жуда мамнун бўлганлар ва ҳеч нарсани ўзгартиришни истамаганлар ҳам бор.