Гуанси-Чжуан: ёрқин ранглар ила ой шуъласидаги рақс

Унутилмас саёҳат таассуротлари

Хитойнинг жанубида жойлашган  Гуанси-Чжуан автоном районидаги бир нечта шаҳарларда бўлиб, “Пекин – Гуйлин” йўналиши бўйича янги сафаримиз бошланди.

Гуйлин шаҳри ўзининг бетакрор табиати, сайёҳларнинг севимли ошёни сифатида дунёга машҳур. Ҳар йили бу ерга миллионлаб сайёҳлар келади.  Меҳмонхонага жойлашган кунимизнинг ўзида унинг атрофини ўраб турган  икки дарё ва  тўрт кўл бўйлаб пароходда сайр қилдик.

Бу шунчаки оддий сайр эмасди, чунки атрофда Хитой миллий маданиятининг ноёб дурдоналари ва меъморчилик обидалари бўлган кўприклар, бинолар салобат бериб турарди. Кўприк остига  миллат тарихи намуналари бўлган турли расм ва ёзувлар туширилган. Миллий мусиқа янграйди, белгиланган жойларда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, хитой қизларининг ўзига оро бериб турган жараёни, худди эгизакка ўхшаш  икки  бинонинг  таровати жуда ҳайратланарли.

Хитойда неча асрлардан буён балиқ овлаш учун  қўлга ўргатилган  қорабузов (бақлан) қушларидан фойдаланишади. Шаҳар аҳолиси қушлар кўмагида қандай ов қилишини жонли намойиш этдилар.

Шаҳарга келганимизнинг эртаси куни ҳам биз  пароходда Лицзян кўли бўйлаб Яншо қишлоғигача бордик. Тоғлар бағридаги бу манзарани кўриб, кўз тўймасди. Баланд чўққилар, ёввойи қушлар, гоҳ-гоҳида учраб қоладиган бинолар ўзгача завқ бағишлайди.

Манзилга етиб боргач, “Қишги жаннат” деб аталувчи масканни зиёрат қилдик. Бу ерга киришимиз билан бизга ўша масканнинг урф-одатига кўра бўйнимизга безакли тумор тақишди. Туморда гул, қуш, балиқ тасвири ва турли ёзувлар туширилган бўлиб, у рамзлар тинчлик, бахт, саодат, омад маъноларини билдирар экан. Сув бағридаги бу маскан ноёб табиати билан бирга ҳунармандчиликнинг кўплаб турларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.

Миллий либослардаги қизлар, ўзига хос безаклар, ўзгача ёруғлик таратувчи рангдор фонарлар, қўл меҳнати асосида яратилаётган либослар, мато тўқиш жараёни, фил суягидан ясалган тароқлар, тошлардан зеб берилган тақинчоқлар, бамбукдан ясалган стол-стуллар ва шу каби кўплаб миллий андоза ва кўринишдаги намуналардан баҳраманд бўлдик. Бу ерда миллий одат саналган тумор отиш ўйини ташкил этилди. Ўйинда албатта ўзбекистонликлар кўплаб туморни қўлга киритишди.

Кечга яқин ёзги театр саҳнасида “Лю Саньцзе исмли қиз ҳақида афсона” деб номланган спектакл томоша қилдик. Ҳеч биримиз бундай саҳна асаридан баҳраманд бўламиз, деб ўйламагандик. Сув усти ва очиқ осмон остида қўйилган ушбу театрда эркинлик, чексизлик мужассамдек туюлди. Оддий қишлоқ аҳолисининг ҳаёт тарзидан бошланиб, воқеа қаҳрамони бўлган қизнинг ҳаётда ўз бахтини топиши билан якун топган сюжетда халқнинг қўшиқ, рақс ижоди, турли маросим ва ўйинлар билан боғлиқ саҳналар жой олганди.  Унда 600  нафардан зиёд  каттаю кичик театр актёрлари иштирок этдилар. Тоғ бағридаги қишлоқда ҳар кунгидек балиқ овидан қайтаётган эркакларни  умр йўлдошлари қўшиқ айтиб қарши оладилар. Ёрқин ранглар, манзараларнинг ўзаро уйғунлашуви, ой шуъласидаги рақс, майин оҳангда куйланган опера қалбларни ҳаёжонга солди. Хитой мусиқа санъати жаҳоннинг энг қадимий мусиқа маданиятларидан бири. Унинг манбаи милоддан аввалги 2 минг йилликдаёқ муайян даражада ривожланган  қадимий қўшиқ ва рақсларга бориб тақалади.

Цинцзян қабристонини зиёрат қилиб, тезюрар поездда Учжоу шаҳрига қараб йўл олдик.

Мавзуга оид:

Учжоу — мўъжизавий ва ажиб шаҳар