2016 йил 22 июнь куни Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этган эди.
“Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади”, деган эди Ислом Каримов.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 июндаги «Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўл линиясининг қурилишини ташкил қилиш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарори асосида, Қамчиқ довони бўйлаб, узунлиги 123,1 километрни ташкил этадиган янги темир йўл ҳамда ушбу лойиҳа доирасида узунлиги 19,2 километрдан иборат бўлган темир йўл туннели қурилди. «Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўли Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган худудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратди. Таҳлилларга кўра ушбу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши йилига 10 млн.тонна халқ хўжалиги юкларини ташиш, дастлабки йилда эса 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратади. Шу билан бирга «Хитой – Марказий Осиё – Европа» янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини бунданда ривожлантиришга хизмат қилади.