Саёҳат манзиллари
Хитойга хизмат сафаримизнинг Қашқар билан боғлиқ барча расмий қисми якунланди. Ва ниҳоят бизда бўш вақт пайдо бўлиб, Қашқарнинг эски шаҳар мавзесига келдик. Кўҳна шаҳарнинг қадимий кўча ва маҳалла манзараларини сизга ҳам илиндик.
Биз Қашқар шаҳрининг 1400 йил аввал бунёд этилган дарвозасидан дунёнинг турли қитъаларидан келган минглаб сайёҳлар қаторида бу кўҳна ва машхур ўрда томон кирдик. Барча бино-иншоотларни имкон қадар аслича сақлаб қолишга ҳаракат қилишган. Табийки, улар асрлар давомида таъмирлаб борилган. Лекин Қашқарнинг ўзига хос жиҳатларини аслича авлоддан авлодга ўтказиш маҳаллий аҳоли–уйғурлар учун эътиқод мажбурияти бўлган. Дарвоқе, умуман бугунги эски ва янги Қашқарда 600 минг аҳоли яшайди. Салкам саксон фоизи уйғурлар. Улар қадимдан савдогарчилик, ҳунармандлик билан шуғулланиб келган. Эски шаҳар кўчаларини сайр этар экансиз, бу анъана ҳозиргача сақланиб қолганини кўрасиз.
–Қадимий шаҳар ҳудудида 99 та кўча бўлиб, уларнинг ҳар бири номининг ўз тарихи бор, – дейди йўлбошчи Марҳабо Одил қизи. –Биз турган кўча Тоғарчи кўчасидир. Илгари бу ерда ипакчилик билан шуғулланган ҳунармандлар яшаган. Шунинг учун бу кўча Тоғарчи кўча деб аталади.
Ҳа, 99 кўча 99 ҳунармандчилик номи билан юритилади. Мана бу кўчада йигчилар яшайди. Бешикдан то чекичгача ясаб сотади улар. Бу кўча темирчилик деб аталади. Устахона неча юзлаб йиллар давомида авлодларга ўтиб келаверган. Бу бозғонда ўз вақтида не-не қилич-у совутлар ишлаб чиқарилмаган дейсиз. Бугун эса хўжалик эҳтиёжи моллари, ранг-баранг пичоқ, чойнак-пиёлалар тайёрланяпти.
Қашқарнинг эски шаҳрида гулчи, кулол, заргар, э, қўйингки, нонвой кўчаларигача бор. Айтишларича, Қашқарнинг энг қадимий нонхоналаридан бири шу кўчада жойлашган экан.
–Исмим Умаржон. Новвойларнинг еттинчи авлодиман. Бобомнинг боболари ҳам шу бинода нонвойчилик қилишган. Давлат бизга тижоратимизни юритиш учун яхши шароит яратиб берган. Турмушимиз ҳам яхши.
Сайёҳни эъзозлаш, кўнглини олиш, ҳурмат кўрсатишда қашқарликлар ҳеч биримиздан кам эмас. Шоҳона либос кийдириб, от, туя миндириб, бепул шаҳар сайр қилдириш ҳам уларгагина хос одат. Шунданми, 2020-2021 йилдаги очиқлик сиёсати туфайли Шинжонга, Қашқарга сайёҳлар оқими кескин кўпайиб кетди.
–Бир кунда Қашқарнинг кўҳна шаҳри билан танишгани келаётган сайёҳатчилар 100 мингдан ошади. Дам олиш ва байрам кунлари 200 мингга етади, – дейди Марҳабо Одил қизи.
Кўҳна шаҳарга саёҳат 10 юан, яъни 17 минг сўм туради. Бу ерга бир кунда ташриф буюраётган сайёҳлардан тушган чипта пулининг ўзи 200 мингдан 300 минг долларгача етади. Ичкаридаги хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқдан олинаётган даромадни қўяверинг. Бу маблағлар сайёҳларга тобора қулай шароит яратиш, саёҳат манзилларини таъмирлаш, турли совға, туғилган кун каби акциялар ўтказишга, шу йўл билан яна ҳам кўпроқ сайёҳ жалб қилишга сарфланар экан.
Қўҳна шаҳар иморатлари асосан ўймакорлик билан безатилган ёғочсозликка асосланган. Уйлар пишган ғиштдан қурилган бўлсада, пишитилган майин сомонли лойсувоқ қилинади. Бу ёзда иссиқдан, қишда эса совуқдан асрайди, дейди аҳоли. Қашқар иқлими шифобахш ўсимликлар учун ғоят қулай. Қолаверса, шарқда Хитойнинг уч ярим минг километрлик саҳроси бор, жанубий ва ғарбий тоғлардан Буюк ипак йўли бўйлаб ўтган карвонлар ҳамиша Қашқарда тўхтаган, мол алмашган, савдо қилган. Ўша замонлардан буён бу ердаги кўчаларнинг бири зироатчи деб аталган. Унинг ҳозиргача сақланган ўнлаб дўконларида турфа хил гиёҳлар сотилади.
– Қашқарда шифобахш ўсимликлар кўплиги ва одамлар уларни истеъмол қилаётгани учун беморлар нисбатан кам дейишади. Шу тўғрими? –деб сўраймиз биз дўкондорларнинг биридан.
–Дарҳақиқат Қашқар бир томондан Токли Макон саҳроси яқинида, бир томондан Тянь-Шань тоғларига туташ бўлгани учун шифобахш зироат жуда кўп. Одамлар улардан самарали фойдаланиб келяпти, – дейди зироат дўкондори Алижон Халфа.
Қашқарликлар хонадонида ҳам, ресторану овқатхоналарда ҳам энг суюкли ичимлик – чой. Лекин у бизнинг тасаввуримиздаги хитой, ҳинд ёки цейлон чойи эмас. Ҳамма жойда гиёҳли чой ичилади.
–Мана бу гиёҳлардан тайёрланган чой дамламаси қон босимини туширади. Унинг таркибида тоғлардаги ёввойи ўрик мағизи, Қашқар зираси ва зирки, бодиён ва қора чой бор, – дейди Алижон Халфа. –Бунисини эса уйғурчой дейдилар. Унинг таркибида гиёҳлардан ташқари қора мурч, қалампир, чўл ўсимлиги қовзағининг талқони, Қашқар атиргуллари ҳам қўшилган. У ошқозонни қизитади. Томоқдаги шамоллашни бартараф этади. Ични юритади.
Қашқарнинг ташриф қоғозларидан бири – унинг гулқанд ширинлигидир. Гулқандни айниқса Осиё мамлакатларидан келган сайёҳлар жуда ёқтирадилар. Унинг хушбўй ҳиди кўчаларгача тутиб кетган. Биз ҳам бундай имкониятни қўлдан бермай бир нечтасини сотиб олдик.
–Мана бу эса Қашқарнинг машҳур қизил атиргуллари баргидан тайёрланган гулқант. У фақат Қашқарда тайёрланади. Унга саҳро гуллари қуритиб қўшилади ва 90 кун қуёш нурида сақланади. Унинг хусусияти шуки, ошқозоннинг барча касалликларига шифо бўлади. Гулқантни Қашқардаги барча хонадонларда тайёрлайдилар.
Эски шаҳарнинг ҳамма кўчаларида аҳоли яшайди. Табийки, уларда қувончли воқеалар – тўйлар ҳам бўлиб туради. Қизиқувчан сайёҳлар бир лаҳза бепул томоша кўрадилар. Чунки уйғурлар миллий урф-одатлари, куй-қўшиқлари, умуман миллийликларини сақлаб қолганлар.
Қашқарнинг эски шаҳари аранг нафас олаётгандек. Биринчидан, аҳоли зич. Бир-икки сотих ерда ҳам оилалар яшайверади. Қолаверса, сайёҳлар оқими шу қадар тиғизки, баъзида оёқ босгани жой топмайсиз. Унинг устига, ҳар бир хонадоннинг кўча бетидаги хонаси дўкон. Эрта тонгдан ярим тунгача савдо-сотиқ авжида. Очиғи, ҳар ким ҳам бундай ҳолатда яшай олмайди.
Биз Қашқарнинг тор кўчаларидан биридаги хонадонга кирдик.
–Ассалому алайкум, яхшимисиз.
–Раҳмат, марҳабо, – дейди хонадон соҳибаси ўзини Мухлиса Муҳаммад қизи деб таништирган аёл.
Ҳовлида аранг айланасиз. Иккинчи қават яшаш хоналари. Пастда ошхона ва меҳмонхона. Сув, сувоқова йўли бор. Газ эса суюлтирилган ҳолда баллонларда келтирилади. Оила аъзолари асосан каштачилик маҳсулотлари билан савдо қилади.
–Мен бу хонадонда қайнонам билан яшайман. Иккита фарзандим бор. Каттаси қиз, кичиги ўғил. Бу уйда 7 жонмиз. Сайёҳлар уйимизни кўргани киради доим. Овқат сузаётган бўлсам, уларни ҳам дастурхонга таклиф қилиб, меҳмондўстик кўрсатаман.
Қўшни хонадонга ўтамиз. Бу ҳам оддий хонадонларнинг бири. Унинг эгалари савдо-сотиқ қилмайди, сайёҳларга маданий хизмат кўрсатади. Хонадон қўшниларникига нисбатан кенгроқ. Ҳовлига ва иккинчи қават айвонига 50-60 сайёҳ сиғади. Уларни уйғур ширинликлари ва чойи билан сийлайдилар. Энг муҳими, жозибали уйғур қўшиқ ва рақсларидир. Айниқса, машхур раққоса Хиёли Абдураҳмон қизи санъатига маҳлиё бўлганлар бу ерга яна қайта келсам, дейди.
–Мен рақс санъатини онамдан ўрганганман. Рақс қонимга илоҳий куч билан сингган бўлса керак. Ўзбек, тожик, ҳинд рақсларини ижро этишни яхши кўраман.
Эски шаҳарнинг битта кўчаси борки, унда сиз исталган таомни, мева ва шарбатларни топасиз. Биз ҳам бу кўчада бўлдик.
Битта видео репортажда қадимий Қашқар манзараларини тўлиғича кўрсатиш имконияти йўқ. Бу ерда ҳам ёз эмасми, тўкинчилик ва пишиқчилик.
– Бу қаернинг анжири, – сўраймиз ироқи дўппи кийган сотувчидан.
–Атушнинг машҳур боғларидан узиб келдик, – дейди у. –Марҳамат, еб кўринг.
Биз илтифотни рад этмадик. Атуш анжири ҳақиқатдан ҳам ғоят ширали эди.
Қашқар манзараларини кўриш, англаш ва унга тўйиш учун албатта Қашқарга ташриф буюриш керак.
Ҳа, Шинжонга, Қашқарга боринг. У Ўзбекистондан олисда эмас. Қолаверса, тилимиз, эътиқодимиз, урф-одатларимиз бир-бирига яқин. Ҳатто, рақсларимиз ҳам.