Бугун, Фучжоу шаҳрининг 3 аллей ва 7 тор қадимий кўчаларини томоша қилдик. Лекин сираям ажабланмадим. Бизда бундан ҳайратланарли тарих бор. Шунчаки, биз кўрсатишни билмаймиз, деган фикрдаман.
Фушань Цзяое — ҳузурбахш маскан.
Фуджоу шаҳрининг қоқ марказида «Фушань Цзяое» миллий парки жойлашган. Шаҳар аҳолиси она табиатнинг бундай ноёб ҳадясини «Ҳузурбахш маскан» деб аташади. Чунки қарийб 5000 м2 майдонда ястанган ушбу яшил майдонда 200 турдан зиёд ноёб дарахт ва буталар табиий шароитда парвариш қилинади. Шунинг ҳисобига, парк ҳавоси нафақат Хитойда, балки бутун дунёда энг тоза, дея тан олинган. Фуджоуликлар, айниқса, дам олиш кунлари бу масканда оилавий ҳордиқ чиқаришни одат қилишган.
Парк бўйлаб махсус транспорт воситасида сайр қилар экансиз, димоғингизни жасмин ҳиди қитиқлайди, ўзингизни қушдек енгил ҳис этасиз. 150 метр баландликда, шаҳар шовқинидан ҳоли, тинч ва осуда гўшада Она табиатнинг бир бўлаги эканингизга қайта-қайта амин бўласиз.
Улкан ҳарсангтошга ўйиб туширилган иероглифлар, «Дунёнинг қаерида бўлишингдан қатъий назар Фуджоуни қўмсайверасан», деган маънони беради.
2021 йилнинг 24 март санасида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг ушбу масканга ташриф буюргани шаҳар аҳолиси қалбини сўнмас фахр-ифтихорга кўмади.
Давлатжон Полвонов,
Хитой, Фуцзиан провинцияси.
Махсус Ni-hao.uz сайти учун.
Мавзуга оид: