Халқаро ҳамкорликнинг юксак истиқболлари

Бугун мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Ривожланган давлатлар билан йўлга қўйилаётган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ютуқларимиз янада салмоқли бўлишида муҳим аҳамият касб этаётир. Айниқса, бой тарихий цивилизация ва ноёб маданиятга эга Хитой Халқ Республикаси билан муносабатларимиз ўзаро ишонч, ҳурмат ҳамда муштарак манфаатларга таянганини мамнуният ила эътироф қилиш жоиз.

Ипак йўлининг ажралмас бир қисми бўлган мамлакатларимиз орасидаги анъанавий ҳамкорлик муносабатлари бир неча минг йиллик тарихга эга. Айтиш мумкинки, мазкур давр мобайнида яхши қўшничилик муҳити шаклланди, тенглик ва ўзаро ишончли алоқаларимиз изчил равнақ топиб бормоқда. Албатта, ушбу муносабатларимизнинг ҳуқуқий пойдеворини 2005 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014 — 2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил этади.

Икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларимиздаги прагматик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш тамойили, ҳеч шубҳасиз, минтақада тинчлик ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишнинг кучли омили бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Хитой билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий муносабатларга таянган ҳолда, стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратаяпти. Юртимизда Хитой билан ҳамкорликда бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилиб келинаётгани бунинг яққол мисолидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 11 — 13 май кунлари Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини янги босқичга олиб чиқди. Ташриф давомида стратегик аҳамиятга эга бўлган 100 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Эришилган келишувлар доирасида қарийб 23 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган сармоявий лойиҳалар рўёби режалаштирилди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида қатнашгани, унда мазмунли ҳамда конструктив фикр ва ғоялар билдиргани мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга асос бўлди, десак, айни ҳақиқатдир.

Бинобарин, Президентимиз ўз нутқида минтақамизда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ҳамда юксак технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни, Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилишини таъкидлади. Бу бежиз эмас. Чунки турли минтақаларнинг ўзаро алоқаларида Буюк Ипак йўли катта роль ўйнаган. Бу нафақат савдо алоқаларини равнақ топтиришга, балки давлатлар ўртасидаги ахборот алмашинувига хизмат қилган. Бугун ушбу йўлнинг қайта тикланишининг ёрқин ифодаси бўлган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият -соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга кенг йўл очиши билан аҳамиятлидир.

Ҳозирги кунда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги муносабатлар изчил тараққий этмоқда. Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи арафасида Олий Мажлисда Ўзбекистон — Хитой парламентлараро алоқалар бўйича депутатлар гуруҳи ташкил қилинди. Учрашувда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ва Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян икки давлат пар-ламентлари делегацияларининг учрашувлари мунтазамлик касб этиши, қонун ижодкорлиги, ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш, ижросини таъминлашда парламент назорати каби муҳим масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришни муҳокама этдилар. Бу, ўз навбатида, икки давлат олий вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларга янгича мазмун киритади.

Умуман, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги келишувнинг янги босқичга олиб чиқилиши мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилади. Айни чоғда Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ва унинг доирасида эришилган натижалар Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги саҳифа очиши, шубҳасиз.

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва  парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.