У шундай оролки бир кўчаси Франция романтикасини, яна бири Испания дунёсини яна бир муюлиши эса Италия гўзаллигини эслатади. Кўҳна Европа тароватини ёдга солувчи муюлишларда Хитойнинг осмонга қараган томли уйларини ҳам учратиш мумкин. Улар орасида Япония архитектураси ҳам бир-бирини такрорламас маданиятларга қўшилиб кетган. Биз сизга тасвирлаётган Хитойнинг Гуланг Ю оролчаси бугун тўлақонли маънода сайёҳлар оролига айлантирилган.
Оролда автомобилда ёки велосипедда ҳаракатланиш тақиқланади. У ерда фақат пиёда ёки рикшаларда сайр қилиб оролнинг гўзал табиатидан баҳраманд бўлиш мумкин. Табиат инъом этган гўзалликка бой бўлган оролча жойлашиши бўйича тарихда Хитой ва Тайвань ўртасида муҳим стратегик нуқта бўлган. Англия бошчилигида Европанинг бир қатор 10 га яқин давлатлари у ерда ўз элчихоналарини барпо этган. Маълум вақт орол Япония истеълосига ҳам бардош берган.
Оқибатда оролда бу тарихий даврлардан ёдгорлик бўлган архитектура намоёндалари қолиб кетган. Гуланг Ю нинг шарқ ва ғарб маданиятлари уйғунлашган кўчаларини кезар экансиз йўл четида сомонли шляпалар кийган манго кўтариб олган сотувчиларни, елпиғич ва бошқа эсдалик совғалари билан савдо қилаётган чин гўзалларини учратиш мумкин. Назаримда денгиз сувлари шу кичик оролча аҳолисини шошма-шошар дунёдан ажратиб қўйгандек. Сабаби сиз бу ерда ишга шошаётган, такси чақириб қўл силтаётган тараққиёт “қурбони” бўлган одамларни учратмайсиз. Оролнинг бошқача номи “Денгиз боғи”, деб аталади. “Денгиз боғи”нинг аҳолиси 20 мингга яқин бўлиб, улар автомобилсиз ҳаётларидан нолимайди. Қўлида манго тутган сотувчи эркак юзида табассум билан шундай дейди: “Мен дунё кезиб юрт томоша қилмадим, аммо мен туғилиб ўсган юртни томоша қилгани келганларни кунда томоша қиламан, уларга манго сотаман. Мен шу кичик ишим билан ўз ҳаётимдан мамнунман.”
Оролда асир қолган Фортепианолар
Яна Гуланг Юнинг ўзига хос тарихий ёдгорликларидан бири ундаги икки қаватли Фортепианолар музейидир.
Хитой маданиятидан бироз олис бўлган бу мусиқа асбоблари оролда қачонлардир Европалик зодагонлар бўлганини ёдга солади. Маълум бўлишича авваллари шу кичик оролчада 600 тага яқин пианинолар бўлган. Ҳозирда эса улардан 300 га яқини сақланиб қолинган. Музейда ҳам уларнинг 50 тага яқин энг антиқа турларини учратиш мумкин. Африкадаги ноёб дарахтдан ишланган пианино, ўзи куй чаладиган ва ҳатто Хитой нақшлари солинган шарқона фортепианолар ҳам топилади.
Оролчадаги яна бир маданий марказлардан бири бу Куланг Юнинг тарихи, адабиёти ва санъати ҳақида сўзловчи тарих музейидир. Очиғи катталиги 2 километр квадратдан кичикроқ бўлган оролни маданий ёдгорликлари билан тўла музейга эгалиги мени лол қолдирди. Музейда кичик оролнинг ўз шоирлари, маърифатпарварлари ва ҳатто революционерлари бўлганини ҳам гувоҳи бўласиз. Менимча бир парча ерни ҳам Ватан деб эъзозлашнинг ҳақиқий кўриниши шундай бўлса керак. Кичик тарих музейида Гуланг Ю ҳақида сўзловчи осори-атиқалар билан бирга қўшимча маълумотлар берувчи видео ва голограммали маълумотлар ҳам бор эди. Тарих музейидан ташқари оролда бир қанча XIX асрга тегишли уйлар, ўша даврдаги зодагонлардан қолган виллалар музейга айлантирилиб сақлаб қолинган.
Куланг Юнинг тор кўчаларида сайр қилар экансиз Хитой таомларининг ҳиди сизга “тинчлик бермайди”. Оролда асосан миллий таомлардан ўзга фаст-фуд ёки бошқа миллат ошхонасини учратмайсиз. Кўчаларда сайр қилиб юрган сайёҳлар орасида маҳаллий миллат вакиллари ҳам анчагина. Бу кичик оролча кунига 65 минг сайёҳни қабул қила олади. Паромлар денгизнинг нариги қирғоғидан Куланг Юга яна тўда-тўда сайёҳларни олиб келади ва яна бошқалари билан қайтади.
Куланг Юдаги сокин ва оддий ҳаёт одамни шунчалар сеҳрлаб қўядики нариги қирғоқдаги ўз ташвишлари билан қайнаётган оламга қайтгингиз келмайди. Мен ҳам дунёни буткул унутиб шу оролчада манго ёки соябон сотувчи қиз бўлиб, қолиб кетгим келди.