Саёҳатимиз давомида кўплаб қизиқарли тассуротларга, билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Илк бор қадам қўйган мамлакати ҳар қандай одам учун сирли ажойиботлар дунёси бўлиб кўринади. Ўзингиз ҳам чет мамлакатга чиқиб кўрсангиз сизга оддий кўринган кўҳна миноралар ва қалъаларни илк бор кўрган сайёҳнинг ҳайратли нигоҳлари сабабини тушунгандай бўласиз. Атрофни кенгроқ кузатишга, ўзингиз учун нотаниш бўлган нарсаларни чуқурроқ англашга иштиёқ сезасиз.
Дарахтлар қайта тириладими?
Ким нима деса десин аммо ҳали бизнинг бошқалардан ўрганишимиз керак бўлган нарсалар жуда кўп. Нимани дейсизми? Масалан, жонли табиатнинг оғриғини, ноласини ҳис қилишни. Биласизми, хитойликлар заиф дарахтларнинг хатто қуришига йўл қўйишмас экан. Тўғри-да одамларни, касал жониворларни даволаб соғлом ҳаётга қайтариш мумкин. Нега унда қуриётган дарахтларни асраб қолиш мумкин эмас?! Дарахтлар ҳам жонли табиатнинг бир бўлаги ахир. Улар камайиб кетаверса иқлимга, табиат хилма-хиллигига путур етиши мумкин…
Чин юртидаги дўстларимиз эса кекса дарахтларнинг қуришига ҳам изн беришмас, шикастланмаслиги учун ёғоч панжара билан ўраб қўйишаркан. Намлиги кўп тупроқда эса шамолда ағанаб кетмаслиги учун тиргак бериб, суяб қўйишади. Дарахтларнинг қуриган шоҳлари чопиб ташламай, илдизидан озуқа бериб, қайта тирилтиришар экан.
Бир боғда кекса дарахтлар кўргазмасини томоша қилдик. 300-500 йиллик боабаб, кипарис дарахтлари ҳамон яшнаб ям-яшил бўлиб турибди. Биз эса… дарахт қуриса ўтин бўлади, деб хурсанд бўламиз, хаттоки қуримасидан кесиб, мебель қиламиз… Эҳҳе, қанча азим чинорлар кесилиб кетди…
Тувакка экилган нилуфаргул
Мени ҳайратга солган яна бир нарса шуки, бу халқ вакиллари ер йўқ жойда дарахт экиб, сув йўқ жойда гўзал нилуфаргулларни ўстирмоқда. Қуйидаги расмларга эътибор беринг.
Каттакон дарахт кичик тувакда “савлат тўкиб” турибди. Яна бир тувакка экилган нилуфаргул каттароқ сув тўла хум ичига жойлаштирилган. Улар махсус парвариш қилинмоқда. Бу жонли табиатга меҳр ва эътибор намунаси эмасми?!
Гуруч ва цемент қоришмасидан қоя
Хитойликлар учун гўзаллик яратишда ҳеч қандай муаммо тўсиқ бўлолмайди. Уларнинг маҳоратига қойил қолмасдан илож йўқ. Хатто текисликда тоғ бунёд қилишнинг ҳам уддасидан чиқишади.
Пекин шаҳридаги баланд сунъий қоялар гуруч ва цемент қоришмасидан бунёд этилган экан.
Автомобиль ҳайдаш интизоми
Биласизми, Хитой пойтахти Пекинда автомобилни дуч келган одам сотиб ололмайди. Яъни автомашина сотиб олишга рухсат олиш учун ҳам ҳар бир фуқаро навбатда туриши керак. бу имкониятни йиллаб кутаётган одамлар бор.
Бундан ташқари, йўлларда автомобиллар кўпайиб кетмаслиги учун битта тартиб ўйлаб топишган. Жуфт рақамли машиналар ҳафтада икки кун (масалан, душанба ва чоршанба, охири тоқ рақамли автолар сешанба ва пайшанба) кўчага чиқиши тақиқланади. Буни автомобиль ҳайдаш интизоми дейилади.
Ҳеч ким сигнал чалмайди, сўкинмайди
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, хитойликлар тезликни оширмайдилар, шунинг учун йўл-автотранспорт ходисалари кам кузатилади.
Тирбандлик дақиқалари чўзилиб кетса ҳам ҳайдовчиларнинг ғижиниб сигнал чалгани ёки сўкингани эшитилмайди.
Орзуга айб йўқ
Энг аҳамиятлиси Хитойда электр токи ёрдамида ҳаракатланадиган электромобиллар аҳоли орасида кенг оммалашган. Уларни атиги 500-600 АҚШ долларига харид қилса бўлар экан. Электромопед, электромотолар ундан ҳам арзон. Тадбиркорларимиз уларни юртимизга ҳам олиб келишса бўлар экан. Айниқса кунига нечта тадбирга бориб келувчи биз каби журналистлар учун қулай бўларди. Бу ҳазил, албатта, аммо бир тасаввур қилиб кўринг, кечқурун заряд олдириб, эртаси куни ишга миниб кетаверасиз. Бензин ҳам, ортиқча сарф-харажат ҳам талаб қилмайди. Орзуга айб йўқ-а, нима дедингиз?!
Учбурчак фортепьяно
Эшитганмисиз, Хитойнинг Гюлянгю оролида ажойиб бир музей бор. У ерда дунё мамлакатларида 19-20 асрларда ишланган, кўплаб кибор хонимлар ва жанобларнинг нозик қўллари теккан антиквар фортепьяноларн кўриш мумкин.
Музей ходимининг айтишича гир атрофи сувлар билан ўралган катталиги 2 км бўлган бу оролга турли мамлакатлардан олиб келинган ўзи қўпол, ноласи нафис чолғу асбоблари сони 800 дан ошиқ, мазкур музейнинг ўзида 600 га яқин. Уларнинг ҳар бири ягона нусха, жозибали ва нақшинкор безаклари бир-бирини такрорламайди. Бу фортепьяноларнинг ўзидан ҳам тарихи қизиқ, ҳар бирининг ўзига хос тарихи бор экан.
Хуллас, ушбу чолғулардан бирини олиб келишаётганда ўртасидан синиб қолибди. Сўнг хитойлик усталар уни ямаб, антиқа учбурчак фортепьяно ҳолига келтиришибди.
Яна биттаси қўлингизни клавишларга теккизишингиз билан ўз-ўзидан мусиқа чалишни бошлайди. У бундан бир ярим асрча олдин фортепьяно чала билмайдиган, аммо буни жуда ҳам орзу қиладиган зодагонлар учун яратилган экан.
Юртимизда ҳам бундай ноёб фортепьянолар кўп бўлса керак. Масалан, Ўзбекистон бастакорлар ва композиторлар уюшмасида улардан бир нечтасини кўрганман. Лекин юзлаб бир-биридан гўзал фортепьянолар бир жойга йиғилса кўзингиз қувнаб кетар экан! Биргина шу умри азиз чолғу асбобларини кўриш учун ҳам Хитойга саёҳатга боришга арзийди.
Манзура БЕКЧАНОВА