Гулангюй ороли Хитой жанубидаги энг муҳим туристик масканлардан бири ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бу мўъжаз орол Фуцзянь (Fujian) провинциясининг Сямин шаҳри ҳудудида жойлашган.
Икки квадрат километрдан камроқ майдонни эгаллаган Гулангюй «Денгиз боғи» ва «Пианинолар ороли» номи билан машҳур. Қизиқ томони шундаки, у Сямин ороли ёнида жойлашган бўлиб, гўё унинг ажралмас йўлдошига ўхшайди.

Сямин ҳақида кейинги мақолаларимда батафсил ҳикоя қиламан. Ҳозир эса Гулангюй бўйлаб саёҳат қиламиз.

Оролга паромдан тушишингиз биланоқ Гулангюй тарихи ва маданияти музейи меҳмонларни қарши олади. Бу ерда Италия классик меъморчилиги услубида қурилган ҳашаматли бинолар, қадимий дўконлар, мусиқа мактаблари ва бошқа иншоотлар тарихий қиёфасини сақлаб қолган.



Гулангюйнинг меъморий қиёфасида Хитой, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа маданиятларининг ўзаро уйғунлашуви яққол намоён бўлади. Айнан шу бадиий ва меъморий яхлитлик унинг жаҳон маданий мероси сифатида эътироф этилишига асос бўлган.



Гулангюйнинг ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган мерос ҳудуди икки қисмдан иборат: бири тарихий бино ва иншоотлар жойлашган асосий ҳудуд, иккинчиси эса оролни ўраб турган соҳил ва денгиз билан боғлиқ муҳофаза ҳудудидир.

Бугунги кунда оролда қарийб 20 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар асрлар давомида сақланиб келаётган тарихий мерос билан фахрланади.

Сайёҳларнинг энг кўп ташриф буюрадиган жойларидан бири — Чжэн Чэнгун ҳайкалидир. У XVII асрда Жанубий Хитой ва Тайван ҳудудларини босқинчиларга қарши ҳимоя қилган тарихий шахс сифатида эъзозланади. Ҳайкал Гулангюйдаги «Қуёшли ўлка» тепалигида жойлашган бўлиб, оролнинг деярли барча нуқтасидан кўриниб туради.

Оролда яна бир қизиқ анъанага дуч келасиз. Фуцзянлик ёшлар тўй олдидан айнан шу ерга келиб сайр қилади ва хотира учун суратга тушади. Бу Гулангюйнинг энг машҳур урф-одатларидан бири ҳисобланади.

Гулангюйнинг яна бир рамзи — пианинолар музейи. Унда орол аҳолиси фойдаланган қадимий пианинолар жамланган.

«Музейимизда 50 га яқин пианино сақланади. Бу орол аҳолиси санъат ва мусиқага жуда меҳр қўйган. Илгари деярли ҳар бир хонадонда пианино бўлгани учун Гулангюйни “Пианинолар ороли” деб аташади», дейди музей ходими.


— Илгари бу оролда деярли ҳар бир хонадонда пианино бўлган. Шунинг учун ҳам Гулангюйни «Пианинолар ороли» деб аташади. Музейимизда янада кўпроқ пианино бўлиши мумкин эди. Афсуски, орол аҳолисининг бир қисми кўчиб кетганда, кўплаб пианиноларни ўзлари билан олиб кетишган.
Оролнинг табиати ҳам унинг энг катта бойликларидан бири. Бу ерда манзарали дарахтлар, буталар ва гулларнинг икки мингдан ортиқ ноёб тури ва нави парвариш қилинади. Шу боис Гулангюйга ташриф буюрган ҳар бир киши яшил табиат ва тарихий муҳит уйғунлигидан завқ олади.


2014 йилдан бошлаб оролда халқаро туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда Гулангюй кунига 65 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.

