Хитойнинг энг йирик газетаси «Женмин жибао»нинг интернет-версияси Хитойда яшовчи Алимихан Сеитини дунйодаги энг кекса одам деб ёзди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашр ахборотига кўра, яқинда хитойлик аёл 134 ёшини оиласи ва яқинлари билан нишонлаган. Алимихан Сеити 1886 йилда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти, Қошғар уезди, Янгишар округидаги Кумусилике қишлоғида туғилган.
Айни пайтда Алимихан Сеити ўзи мустақил ҳаракатлана олмайди. Шу боис табаррук ёшдаги онахонга набираси ва унинг хотини ғамҳўрлик қилади. Маҳаллий шифохонанинг агентлик манбасига тақдим қилинган тиббий маълумотномасига кўра, Алимихан Сеитининг саломатлигида катта муаммолар йўқ. Унинг кўриш ва эшитиш қобилияти ҳам анча яхши.
Онахоннинг туғилган куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанада у ўзи хуш кўрган лағмон, қўзичоқ гўштидан тайёрланган сомса, шунингдек, тарвуздан татиб кўрди. Туғилган куни муносабати билан билдирилган табриклар учун миннатдорлик билдириб, қўшиқ айтиб берди.