Хитойнинг Хубей провинциясида узунлиги 4 километр бўлган биринчи экологик автомагистрал кўприк барпо этилди.
Қурилиш ишлари бошланишидан аввал кўприк ўтиши керак бўлган жойни танлаш муаммога айланди. Чунки маҳаллий деҳқонлар ўз ерларини, экологлар эса тоғ ёнбағрини қазишга рухсат беришмади. Натижада, Хубей провинциясининг Хингшан округигача бўлган кўприк қурилиши муддати чўзилиб кетди. Қурувчи, архитектор ва молиячилар муаммони бартараф этишлари билан бирга, ҳар жиҳатдан табиатга зиён келтирмайдиган жойни танлашлари керак эди.
Маҳаллий кенгаш вакили Чи Тунгнинг таъкидлашича, узоқ давом этган мунозаралардан сунг, дарё устидан фойдаланишга қарор қиладилар. Натижада, оддий ва ақл бовар қилмайдиган қурилиш ишлари бошлаб юборилади ва дарё узра замонавий, ажабтовур кўприк пайдо бўлади. Мазкур кўприк халқ орасида тезда шуҳрат қозонди ва сайёҳларнинг севимли масканига айланди. Унда сайр қилиб, табиат бағрида дарё устида мароқли хордиқ чиқариш мумкин.