Хитой билан ҳамкорлик: Кўзингизга нур, қалбингизга ҳузур

Ҳамиша қадимий ва навқирон улуғ Самарқанд шаҳрида “Ёрқин йўл: Кўзларингиз нурафшон бўлсин!” номли тиббий-ижтимоий лойиҳа старт олди.

Мазкур лойиҳани амалга оширишга жорий йилнинг июн ойида Хитой халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонованинг ўзаро учрашувида илк тамал тоши қўйилган эди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизматининг хабарига кўра, лойиҳа доирасида 500 нафар юртдошларимиз (ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилалар вакиллари – аёллар, эркаклар ҳамда болаларда) кўз катарактаси операцияларини ўтказиш кўзда тутилган.

Ўтган вақт давомида Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хитой Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ушбу тиббий-ижтимоий лойиҳани амалга оширишга Хитойлик ҳамкорлар белгилаб берган мезонлар асосида жиддий тайёргарлик кўрилди.

Хусусан, операция қилинувчиларни аҳоли орасида энг ёрдамга муҳтож қатламдан танлаш, ногиронлар, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйларидаги фуқароларни жалб этиш, диагностика ва жарроҳлик амалиётлари учун шифохоналарни танлаш, зарур жиҳозлар ва воситаларни ташкил этиш борасида кўламли ишлар бажарилди.

Жарроҳлик операциялари жорий йилнинг 26 ноябрь — 11 декабрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Соғлиқни сақлаш ва бола туғилиши бўйича Давлат Қўмитаси делегацияси аъзолари томонидан Тошкентда – Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси ва Самарқанд вилоятида вилоят кўз касалликлари шифохонасида ўтказилиши режалаштирилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур акцияни ташкил этишга ҳисса қўшган барча инсонларга, ҳамкорларимизга, хусусан Хитойлик дўстларимизга ташаккур изҳор этади.

Лойиҳага қамраб олинган юртдошларимизнинг кўзига ҳадя этилаётган нур, ёруғлик, равшанлик муборак бўлсин!