Хитой ҳукумати коронавируснинг янги тури туфайли 76 кун давомида ташқи дунё билан алоқани узиб қўйган Вухандан чиқиш йўлларини очди.
8 апрелга ўтар кечаси шаҳар дарвозалари очилди ва машиналарда ҳаракатланиш йўлга қўйилди.
Хабарингиз бор, 23-январдан бошлаб шаҳарда транспорт қатновлари тўхтатилди. Аҳолига шаҳарни махсус рухсатномасиз тарк этиш тақиқланган эди.
Вухан коронавирус тарқалишининг марказига айланди ва ҳозирда 11 миллион аҳолига эга бўлган шаҳар нормал ҳаётга қайтмоқда. Вуханда метро иш бошлади. Шунингдек, ҳаво қатновини тиклаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойи охирида Хитойда коронавируснинг янги тури — COVID-2019 туфайли келиб чиққан пневмония тарқалган эди.
Вирусга чалинганлар сони 81 мингдан ошди, уч мингдан ортиқ одам вафот этди. Энди коронавирус билан касалланганлар сони кун сайин камайиб бормоқда, одамларнинг 93,5% аллақачон тузалиб кетган.