2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Унга кўра, ҳар йили 21 март Халқаро Наврўз байрами сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади.
Хитой Халқ Республикасининг ғарбий ҳудудларида Наврўз нафақат мазкур байрамни нишонлайдиган миллатлар, балки хитойликлар томонидан ҳам кенг нишонланади. 21 март куни одамлар ёрқин либосларга бурканишиб, қўлларида гулдаста ва лойдан ясалган ҳўкиз ҳайкалчалари билан ибодатхонага йўл олишади. Байрамнинг энг улкан – бош ҳўкизи эса бамбук ва қоғозлардан ясалади.
Жонивор олов, сув, темир, дарахт ва ер рамзларини англатувчи – қора, оқ, қизил, яшил ва сариқ рангларга бўялади. Байрам қизиган бир паллада барча ҳайкалчалар майда-майда қилиб синдирилиб, бамбукдан ясалган улкан ҳўкиз оловда ёндирилади.
Наврўз байрамига оид қайдлар қадимги Хитой солномаларида ҳам учрайди. Хусусан, қадимги Хитой муаррихи Вэй Цзе самарқандликлар нишонлаган Наврўз байрами ҳақида шундай ёзган: «Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам янги либосларини кияди, соч-соқолларини олдиради. Шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги дарахтзор ёнида жойлашган майдонда тўпланишиб, байрам қилишади. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб, камондан нишонга ўқ отиш баҳсида қатнашади. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва уни бехато урган мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади».