Хитой тиббиёти: бардавом асрий анъаналар

Хитойда табобат ва фалсафа илк даврларданок уйғунликда ривожланган, уларнинг тарихи милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарига бориб тақалади.

Асрлар синовидан ўтган тиббий анъна-ларга нафақат хитойликлар, балки хорижликларда ҳам қизиқиш катта. Хитойда игнатерапия, ингаляция, аромотерапия, бальнеотарепия каби усуллардан кенг фойдаланилади. Таъкидлаш керакки, аксар муолажа дастурларининг асосида тўғри овқатланиш ва парҳез ётади. Шунингдек, бутун дунёга машҳур қадимий гимнастика — цигун ҳам кенг оммалашган бўлиб, у саломатликни мустаҳкамлаш ва касалликлардан халос бўлишга ёрдам беради.

Хитойда кўплаб родонли булоқлар борки, уларда ревматизм, радикулит ва таянч-ҳаракат аппаратининг бошқа касалликларини муваффақиятли даволаш мумкин. Ҳар куни минглаб сайёҳлар айнан ана шу иссиқ булоқлар сари интилади.

Мамлакатдаги энг яхши даволаш марказлари машҳур. Шунингдек, Пекинда Тибет табобати маркази ҳам бор. Уни «Турли миллатлар касалхонаси» деб ҳам аташади, чунки бу ерда Тибет тиббиётига ихтисослашган турли миллат вакиллари фаолият кўрсатади. Марказда 23 та бўлим бор. Шифокорларнинг айтишича, охирги 10 йил ичида Тибет табобати марказида 1 миллиондан ортиқ киши даволанди, даволаш самарадорлиги эса 95 фоизни ташкил этди. Анъанавий Хитой табобати халқаро маркази (HMG) Пекинда жойлашган бўлиб, бу ерда турли-туман сурункали ва даволаниши қийин бўлган касалликлар муолажа қилинади. Эътиборлиси, марказда рус ва инглиз тилларида хизмат кўрсатилади. Айтиш керакки, даволаш ва соғломлаштириш марказларининг аксарияти йирик шаҳарлардан ташқарида, яъни шовқин-сурондан узоқда жойлашган. Бу бежизга эмас, албатта, сокинлик ва хотиржамлик Хитой халқ табобатининг муҳим унсурларидан ҳисобланади.

Хитой табиблари касалликларни даволашда асосан учта усулдан фойдаланишади: гиёҳлар, игнатерапия ва массаж.