Чой маросими

Кўк чойни қандай дамлаш керак?

Чой жасминдошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, унинг баргларидан шифобахш, тинчлантирувчи ичимлик тайёрланади. Чойнинг асл ватани – Хитой. У VIII асрга қадар “ту”, “мин”, “чуань”, “ше” номлари билан аталиб келган. Кейинчалик “ча” деб атала бошлаган. Бу хитой тилида “ўсимлик”, “дарахт”деган маъноларни англатади.
Хитойда чой кундалик тирикчилик учун зарур бўлган 7 та нарса қаторига киритилган. Булар: ўтин, гуруч, ёғ, туз, соя сиркаси ва чой ҳисобланади. Хитой аҳолисининг чой ичиш маданияти Европа ва Осиёнинг бошқа ҳудудларда яшовчи халқларникидан фарқ қилади. Улар чой дамлаш жараёни, чой ичиш анъаналари, чой билан боғлиқ расмий иримларга қатъий амал қилишади. Таъкидлаш керакки, чой Чин ўлкасида нафақат ичимлик, балки Хитой халқ табобати ҳамда милий ошхонасининг алоҳида бир омили сифатида қадрланади.
Хитойнинг қадимий анъаналаридан бири – чой маросими “Гунфу-Ча” деб аталади. Мамлакатнинг айниқса Гуйчжоу, Сичуань ва Юньнань провинцияларида чой дамлаш ва ичишга оид қадимий урф-одатлар сақланиб қолган.

Чой маросими. Фуджоу шаҳри

Чой билан боғлиқ одатлар
Хитойда чой билан боғлиқ бир қатор урф-одатлар давом этиб келмоқда. Улар инсонлар орасидаги муносабатлар ва маънавий қадриятларни сайқаллашга хизмат қилади. Улардан айримларига эътиборингизни қаратамиз.

Чой маросими. Фуджоу шаҳри

Ўзаро-меҳр ва ҳурмат. Чой хитойликларнинг анъанавий ичимлиги бўлиб, ҳар куни истеъмол қилинади. Чой маросимлари оиланинг барча аъзолари йиғилган тадбирларда ва азиз меҳмонларга ҳурмат юзасидан тантанали тарзда ўтказилади. Хитойликларда ҳам катталарни чой билан сийлаш ҳурмат белгиси саналади. Шу билан бирга, яқин дўстлар билан чой устида суҳбат қуриш, дам олиш кунлари танишларни ресторанга бир пиёла чойга таклиф қилиш каби одатлар мавжуд.
Қадимги даврларда чойни пастроқ табақага эга бўлган кишилар дамлаб бериши урф бўлган. Ҳозирда эса аксинча ота-оналар ўз фарзандларини, раҳбарлар ўз ходимларини чой билан сийлаши одат тусига кирмоқда.

Кечирим сўраш. Хитойда чой узата туриб, кечирим сўраш одати мавжуд. Хафа бўлган одамга чой узатиб, узр сўраш чин дилдан пушаймонликни ифода этади.

Миннатдорлик. Тўй тантаналарида эса келин ва куёв ота-оналарига тиз чўккан ҳолда чой узатиб, ўз миннатдорликларини изҳор қилишади. Улар: “Бизни тарбиялаб катта қилганингиз учун раҳмат! Сизнинг олдингизда қарздормиз”, дейишади. Ота-оналари эса чойни ичиб, ёшларга бахт ва омад тимсоли бўлган қизил конвертларни туҳфа қилишади.

Таништирув. Чой билан сийлаш жараёни келин ва куёвнинг оилаларини таништиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Совчилар келиши муносабатига уюштириладиган чой маросимида бўлажак куёв ва келин ҳар бир қариндошнинг исмини айтиб, чой узатади. Бу чой удуми янги аъзоларнинг хуш кайфиятда оилага қабул қилинишини ифодалайди. Чой ичишни рад қилиш куёв ёки келинни оилага қабул қилишдан норозиликни билдиради.
Хитойнинг жанубий провинцияларида ўрта ва кўрсаткич бармоқни буккан ҳолда столга 3 марта уриб қўйиш чой учун ташаккур билдиришни англатади. Мамлакатнинг бошқа вилоятларида бу ишора одат тусига кирмаган.

Ривоят
Айтишларича, чой билан боғлиқ айрим удумлар Цин сулоласи даврида пайдо бўлган экан. Император Цяньлун фуқаролар ўзи ҳақида қандай фикрдалигини билиш мақсадида оддий халқ вакили қиёфасида саёҳатга чиқибди. Бир куни қаҳвахоналардан бирида икки фуқаро билан бирга ўтириб, чой ичибди. Улардан бири унинг оддий одам эмаслигини сезиб қолибди. Аммо икки букилиб таъзим қилса, атрофдагилар суҳбатдошининг кимлигини билиб қолиб, ҳукмдор ўзини қатл қилдиришини ўйлабди. Шунда у бармоқлари билан бир-икки ҳаракат қилибди. Яъни бош ва кўрсаткич бармоғини стол устига қўйибди, кейин букиб столни урибди. Бу «мен сизни танидим, биз сиздан миннатдормиз», дегани экан.
Император эртаси куни уни олдига чақириб: “Бу нима қилганинг?”– деб сўрабди. Шунда у одам: “Мен олдимизда Аъло ҳазрат ўтирганини билдим. Буни одамларга сездирсам, ўлимга ҳукм қилинардим. Аммо халқ сиздан миннатдорлигини билишингизни истадим. Шунинг учун ҳеч кимга сездирмай столни урдим”,– дебди.
Император одамлар ундан рози эканлигидан хурсанд бўлибди ва бу одамни озод этибди. Шундан буён чой маросимида столни чертиш миннатдорлик рамзи саналиб келмоқда.

Чой дамлашнинг муҳим шартлари
Хитойда чой дамлаш санъат даражасига кўтарилган. Мамлакатнинг бир қатор университетларида чойшунослик бўйича махсус факультетлар мавжуд. Уларда таълим олган мутахассислар чой турларини тадқиқ қилиш, хусусиятларини аниқлаш, янги шифобахш чой навларини яратиш билан шуғулланишади.
Ҳар бир чой турининг ўзига хос афзалликлари ва алоҳида дамлаш усуллари мавжуд. Масалан, кўк чой улун чойи ва қора чойга нисбатан нафисроқ бўлгани учун уни жуда қайноқ сувда дамлаш тавсия қилинмайди. Хитойликлар орасида “эрталаб кўк чой ичсангиз, кун омадли ўтади” деган ҳикмат ҳам бор.
Чой дамлаш жараёнида тўрт пиёлача, тўрт ликопча ва битта сопол чойнак иштирок этади. Бу идишлар жамланмасининг номи “чаоу” дейилади. Сув қайнатиладиган тутқичсиз идиш “гайвань” деб аталади. Бу сўз “қопқоқли идиш” маъносини билдиради. Унинг сиғими 100-350 мл.ни ташкил қилади. Чой дамлашдан олдин бу чойнак ва пиёлачаларни тозалашда ҳеч қандай ювиш воситалари ишлатилмайди, идишлар қайнамаган сувда чайилмайди.
Хитойликлар асосан чойни ичиб кўриб, кейин сотиб олишади. Шунинг учун чой дўконларида чой дамлаш учун шарт-шароитлар яратилган. Баъзан чойнинг сифатини билиш учун ҳидлаш ва баргларини ушлаб кўриш ҳам муҳим саналади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бирон ҳид ёки таъмга эга бўлган сув чой дамлаш учун тўғри келмайди.
Кўк чой одамнинг руҳиятини мувозанатга келтириб, стрессларни йўқотади, фикр ва идрокни тиниқлаштиради. Кайфиятини кўтариб, чарчоқдан халос этади. Шу билан бирга, қон босимини тушириб, қуюқ қонни суюлтиришга ҳисса қўшади. Шифокорларнинг айтишича, кўк чойда организмни турли микроблардан тозалаш, ўсма ҳужайраларига қирон келтириш хусусияти ҳам мавжуд экан.

Кўк чойни дамлаш усули қуйидагича

  1. Сув керакли ҳароратгача қиздирилади.
  2. Махсус чойнак қайнаш даражасидаги сувда чайилади.
  3. Сўнг унга қуруқ чой солиб, иссиқ сув қуйилади ва тезда тўкилади.
  4. Чойнакка учдан икки қисми тўлгунча қайноқ сув қуйилади ва қопқоғи ёпилади.
  5. Дамланган чой 30 сония тиндирилади.
  6. Кейин пиёлачаларга қуйиб, меҳмонларга тортилади.

Тантанали чой маросимларида катта авлод вакиллари ёшларга чой ичишга алоқадор қадимий урф-одатлар ҳақида гапириб беришади. Шу тариқа халқнинг миллий қадриятлари наслдан наслга ўтиб, сайқалланиб боради.
Чойнинг ватани Хитой бўлгани билан, ҳозирга келиб у бутун дунё аҳолисининг севимли ичимлигига айланди. Меҳмонларни чой билан сийлаш эса кўпгина халқлар қадриятининг бир қисми сифатида тан олинмоқда.

Манзура БЕКЧАНОВА тайёрлади.