Хитойнинг Jiangsu Ruipaiying Import And Export Co. компанияси пикап кузовида яратилган ҳамёнбоп Changli CLZKC-009 электромобилини тақдим этди.
Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, улар Америка автомобиль саноатидан илҳомланган бўлса-да, Changli CLZKC-009 нинг Хитой илдизларини яшириш анча мушкул. Ҳатто радиатор панжарасидаги Explorer ёзуви ҳам моделни Ford маҳсулоти билан адаштириш имконини бермайди. Автомобиль узунлиги 3500 миллиметрни ташкил этади, юк кўтариш қобилияти — 400 килограмм.
Машина салонида иккита ўриндиқ бўлишига қарамай, у ерда люк, орқани кўришга мўлжалланган камера ва электрон ойна кўтаргичлар бор. Қўшимча тўлов эвазига кондиционер ҳам ўрнатиш мумкин.
Автомобиль электродвигателининг қуввати 4 от кучини тақдим этади ва у соатига 65 километр тезликкача ҳаракатланиш имконини беради. Сиғими 4,8 киловатт/соатга тенг аккумулятор батареялари ёрдамида эса бир марта қувватланиш орқали 130 километр йўл босиш мумкин.
Мазкур автомобилни ҳозирда Хитойда 2 минг долларга харид қилиш мумкин.