«Аждар меваси»: антиқа кўриниш, ажойиб таъм ва кўпгина фойдали хусусиятларга эга мева

Дачжай қишлоғи Сямэн шаҳридан 20 чақирим масофада жойлашган. 2 минг 200 киши истиқомат қиладиган мўъжаз қишлоқда «Аждар меваси» номи билан аталувчи ўсимлик плантациялари мавжуд. Ушбу экзотик мева ўзининг антиқа кўриниши, ажойиб таъми ва кўпгина фойдали хусусиятлари билан эътибор қозонган.

Қишлоқ аҳолисининг аксар меҳнатга лаёқатли қисми айни плантацияларда ишлайди. Эътиборлиси, Дачжайда бирорта ҳам ишсиз йўқ, боқимандалик бу ерда уят саналади.

Аждар мевасига бутун дунёда талаб ортиб борар экан, 2000 йилдан Дачжайда ушбу ўсимликни етиштиришга ихтисослашган плантациялар пайдо бўлди. 2018 йилга келиб эса бу ерда илмий марказ ташкил этилиб, аждар мевасини етиштириш илмий асосларга эга бўлди. Жумладан, марказлашган ва автоматик бошқарувли томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинди, ўсимликнинг 4 хил янги нави яратилди.

Аждар мевасини қайта ишлаш орқали вино, шарбат, музқаймоқ, чипс ва яна ўнга яқин турли-туман ширинликлар тайёрланади. Бундай корхоналар шу қишлоқнинг ўзида жойлашгани аҳолига ҳар томонлама қулай ва фойдали бўлмоқда. Дачжайликлар қишлоқ хўжалигининг айни йўналишида, умумий ҳисобда, ҳар йили ўртача 40 млн. юань даромад олмоқдалар. Қайта ишлаш корхоналари шу ернинг ўзида жойлашгани аҳоли учун янаям қулай.

— Кўриб турганингиз ушбу бинодан аввал мактаб сифатида фойдаланилган. Қишлоғимизга бўлган қизиқиш ортиб боргани сабабли, мактабни янги бинога кўчирдик ва эски бинони таъмирлаб, замонавий кўринишдаги оилавий меҳмонхона ташкил қилдик. Аждар меваси етиштирилишини ўрганиш ёки шунчаки саёҳат учун келганлар бу ерда маълум муддат яшаб қолишлари, жараёнларни кузатишлари мумкин, — дейди қишлоқ партия ташкилоти котиби Чэнь Цзиньфан.

Аждар меваси «питая» деб ҳам аталади ва унинг асл ватани Мексика ҳисобланади. Манбаларга кўра, бу экзотик меванинг фойдали хусусиятлари, хусусан чанқоқни қондириши ҳақида қадимги ацтеклар ҳам яхшигина хабардор бўлишган.

Аждар меваси таркибининг 85 фоизи сувдан иборат, шунингдек, кўплаб витамин ва минералларни ўзида жамлаган. Юракнинг бир маромда «тепиши»ни таъминлаб, асаб тизимининг меъёрий ҳолатини назорат қилишда бу мева истеъмоли муҳим. Қолаверса, унинг қора ва майда уруғчалари ўзида танин моддасини жуда кўп миқдорда тўплайдики, бу инсонда кўриш қобилиятини яхшилашга хизмат қилади.

Давлатжон Полвонов,
Хитой, Фуцзиан провинцияси,
махсус Ni-hao.uz сайти учун.