Чин диёри сарҳадлари бўйлаб (очерк)

Тараддуд

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларнинг Хитойга қиладиган ижодий сафари май ойининг ўрталарига тўғри келди. 12 май куни, айтилган вақт, кеч соат 19.00 га барчамиз Тошкент халқаро аэропортга етиб келдик. Гуруҳимиз таркиби  “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов, “Зарафшон” – “Вести Самарканда” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Обидов, Марғилон педагогика коллежи ўқитувчиси Нозима Тошматова ҳамда мен билан беш кишидан иборат эди. Аэропортда бизга Huawei компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар (ПР) бўйича катта менежери Дун Айбо келиб қўшилди. У бизни Шэньжэн шаҳрига кузатиб борар экан. Орамизда Муҳаммаджон Обидов Хитой Халқ Республикасида бир неча марта борганлиги, қолаверса ушбу сафарни уюштиришда унинг ҳиссаси алоҳида бўлганлиги боис, ташкилий масалаларда унга мурожаат қиладиган бўлдик. Муҳаммаджон ака бизни борадиган сафар дастури билан олдиндан таништирганди. Унга кўра, бир ҳафта давомида биз Хитойнинг Пекин, Шэньчжэн ва Харбин шаҳарларида бўлишимиз режалаштирилганди. Юкларимизни топшириб, паспорт ва авиачипталар билан рўйхатдан ўтдик. Аэропортда йўловчилар унгчалик кўп бўлмагани боис навбатда узоқ турмадик. Нозимахон билан кутиш залига ўтиб, бўш курсиларга бориб ўтирдик. Эркаклар эса тамадди қилиш учун емакхонага кириб кетишди.

Нозимахон Муҳаммаджон аканинг қизи, менинг ягона аёл ҳамроҳим. У билан биринчи марта уч-тўрт кун аввал Хитой элчиси Сун Луженинг сафар аъзоларини расмий қабулида учрашгандик. Иккинчи марта эски қадрдонлардек бўлиб қолдик.  Марғилон Педагогика коллежида дарс берадиган бу истаралигина аёл ўзининг дилкашлиги, яхши ҳамсуҳбатлиги билан одамни  ўзига тортарди. Айниқса, иккаламиз ҳам таълим соҳасида ишлаганимиз учун тез тил топишиб олдик. Гаплашишга гапимиз, муҳокама қилишга мавзуимиз бўлганлиги боис, аэропортдаёқ қизғин суҳбатга киришиб кетдик. Самолёт жадвалда белгиланган вақтдан бир оз кеч қолди. Соат 21.10 да учиши керак эди, ярим соатдан ортиқроқ кутишга тўғри келди. Ниҳоят, йўловчилар бирин-кетин самолётга чиқа бошладилар. “Хитой ҳаво йўллари”га қарашли  Боинг -737 ҳаво лайнери бизни ортмоқлаб олдиндаги манзил — кўҳна ва навқирон Чин юрти сари парвозини бошлади…

Учиш машаққати ёхуд йўл ҳақида жайдари фалсафа

Илгаридан самолётда учишни унчалик хуш кўрмайман. Ўзи умуман, узоқ йўлга йўқроқман. Мен учун йўлда вақт жуда секин ўтади. Мана ҳозир ҳам тун бўлгани учун айрим йўловчилар самолёт осмонга кўтарилгандан уйқуга кетганди. Нозимахон билан ёнма-ён ўтирардик. Менинг безовталигимни кўриб, “қўрқяпсизми” деди ва чалғитишга ҳаракат қилиб, ҳаётий воқеаларни гапира бошлади. Унинг овози сокин ва хотиржам эди. Ёш бўлишига қарамай ҳаётнинг ўзига яраша синовларида синашта бўлган бу аёлнинг ҳикояларини бажонидил тинглайман. Аввалига у гапирди, кейин мен, қарасам, уни ҳам уйқу элитаяпти. Ҳалақит бергим келмади. Чунки бундай узоқ йўлга чиққанда, вақт ўтказишда  уйқудан яхшиси йўқ. Ахир ҳали оз эмас, кўп эмас олти соатлик йўл турибди. Ўзим ҳам ҳамма қатори ухлашга ҳаракат қилиб кўрдим, аммо уддасидан чиқа олмадим. Инглиз тилидаги журналларни бир-бир варақлаб, тушунганимча ўқидим. Кейин кино кўрмоқчи бўлдим. Қандайдир ўзга сайёралар ҳақидаги фантастик фильм ёқмади.  Вақт эса жуда имиллаб ўтарди. Учиш бошланганидан бир, бир ярим соатлар ўтиб, стюардесса қизлар йўловчиларга аввалига ичимлик, кейин овқат тарқатишди. Ярим соатлар чамаси самолёт салони жонланди. Қизлар бўш идишларни йиғиб олганларидан кейин чироқлар ўчирилди. Яна ҳамма бир-кетин уйқуга кета бошлади. Менинг эса кўзларим юмилмайди. Хаёлимда минг хил фикр чарх уради. Олдинда ҳали яна тўрт соатлик йўл бор. Ўзимни ҳарчанд чалғитишга ҳаракат қилсамда, йўл билан боғлиқ ўйлар келаверади.

Қизиқ, инсон умрининг қанча қисмини йўлда ўтказаркан-а? Бундан анча йил аввал телевизорда бир кўрсатувда шунга яқин мавзу кўтарилганди. Аниқроғи, олимлар инсон умрини фаолият турларига бўлиб ўрганишган. Унга кўра, агар одам ўртача етмиш йил яшаса, шундан ақлий ва жисмоний фаолиятга, ухлашга, дам олишга, китоб ўқишга, овқатланишга кетган вақт ҳисоблаб чиқилганди. Лекин унда босиб ўтилган йўл ҳақида ҳеч нарса дейилмаганди. Ваҳоланки, йўл юриш ҳам инсоннинг фаол ҳаракат турларига киради. Эндиликда кунлик босилган қадамни ўлчайдиган махсус билакузуклар пайдо бўлган. Улар орқали одамнинг бир кунда юриши керак бўлган қадами ҳисобланади ва умр бўйи босиб ўтган йўли аниқланади. Бир кунлик юрган йўлнинг узунлиги бир ҳафта, бир ой, бир йилга кўпайтирса кифоя, ўртача юрган йўли келиб чиқади, вассалом. Демак, босиб ўтилган йўл масофа, ҳаракат ва вақтнинг ўртача нисбатига тенг. Аммо йўл транспортда, айтайлик машина, поезд, самолёт ёки кемада кечсачи? Бу энди бошқа масала, у сафар билан боғлиқ бўлиб, ёлғиз бир кишининг ўзига тегишли бўлмайди… Салондаги йўловчиларни кузатаман. Деярли ҳамма ухлаяпти. Ҳамроҳларим ҳам. Фақат олдинги қаторларда менга ўхшаган бир бедор киши бор экан. Ухламасада, планшетида қандайдир кинони берилиб кўраяпти. Самолёт худди осмонда тўхтаб қолганга ўхшайди, унга қўшилиб вақт ҳам имиллайди. Ўзимни нималар биландир чалғитган бўлиб соатга қарасам, энди ўн дақиқа ўтган бўлади. “Кейинги сафар самолётган чиқсам, албатта уйқу дори ичиб оламан” дейман ўзимга-ўзим. Худди шу дорини ичсам қотиб ухлайдигандай. Бу ҳам ўзини-ўзи юпатишнинг бир усулида.

Илгари ҳам хорижий давлатларда бўлганман. Аммо Хитойга биринчи марта боришим, табиийки “Хитой ҳаво йўллари” самолётларида биринчи марта учяпман. Самолётга чиққанимдан биринчи илғаганим, бу бортда интизомнинг қатъийлигини эди. Самолёт осмонга кўтарилгунга қадар стюардесса қизлар телефонларни ўчириб, олиб қўйишни, камарларни тақишни, курсиларни кўтариб ўтиришни қайта-қайта назорат қилдилар. Айниқса, самолёт осмонга кўтарилаётганда ва қўнаётганида 40-50 дақиқа ҳеч ким самолёт ичида ҳаракатланмас, кузатувчи қизларнинг ўзлари ҳам йўловчиларга қараб, камарларни тақиб  ўтиришарди.

Ниҳоят тонг ёриша бошлади. Микрофондан  самолёт қирқ дақиқадан кейин Пекин аэропортига қўниши эълон қилинди. Стюардесса қизлар йўловчилардан иллиминаторларга туширилган ёруғликни тўсувчи махсус пардани кўтаришни ва камарларни тақишни сўради.

Шэньжэнга йўл Пекин орқали

Соат олти ярим, еттиларда ХХР пойтахти Пекин аэропортига қўндик. Аэропорт ҳудуди шунчалик катта эдики, самолёт белгиланган жойга келиб тўхтагунча ярим соат ўтди. Олти соатлик учиш давомида мижжа қоқмаганим учун бошим оғир эди. Аэропортга киришимиз билан Шэньчжэн самолётига чиқадиган терминалга томон шошилдик. Чунки соат 8.30 да Шэньчжэнга учишимиз керак эди. Самолётда Фармон ака Нозимахон иккаламизга шаҳарга киришда божхонадан ўтиш учун декларация варақаларини узатганди. Нозимахон билан бу декларацияни фақат ўзимиз учун тўлдирибмиз. Улар бизни ўзларига нисбатан ёш, хорижий тилни билади, бизларга ҳам тўлдиради, деб умид қилишган экан. Биз тушунмабмиз. Божхонадан ўтаётганда ўша декларациялар талаб қилинди. Фармон ака бизга қарайди. Нозимахон билан мен муаммо нимадалигини тушунмай ҳайрон бир-биримизга қараймиз. Йўқ, ҳар ҳолда Муҳаммаджон аканинг юрт кўрганлиги қўл келиб, дарров декларация варақаларини тўлдиришда Сафар ака билан Фармон ака ёрдамлашди. Божхона кўригидан ўтгач, Шэньчжэнга учадиган самолёт томон  тўртинчи терминалга йўл олдик. Шэньчжэнга яна уч соатдан зиёдроқ учишимиз керак эди.

Шэньчжэн ҳақида мухтасар маълумот

Шэньчжэн — Хитой Халқ Республикасининг жанубида жойлашган Гуандон провинциясининг Гонгконг билан чегарадош бўлган йирик марказий шаҳарларидан бири бўлиб, асос солинганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Гарчанд  бу шаҳарнинг пайдо бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар IV асрларга бориб тақалсада, 1979 йилда мавжуд Баоань уезди Шэньчжэн деб  қайта номланиши билан ҳозирги шаҳарга асос солинган. Хитой тилида Шэньчжэн -深圳- Shēnzhèn сўзи ўзбек тилида “чуқур чегара” деган маънони англатади.  Шаҳар аҳолиси 10 миллиондан ортиқ. БМТнинг маълумотларига қараганда,Шэньчжэн аҳолининг ўсиши бўйича дунё шаҳарларининг ичида биринчи бешталикка кирар экан. Кенг кўламдаги хорижий ва давлат инвестицияларнинг жалб қилинганлиги туфайли, шаҳар жуда қисқа муддат ичида мислсиз даражада ривожланиб, нафақат Марварид дарёсининг денгиз билан туташувчи сарҳадларда, балки бутун мамлакатнинг йирик иқтисодий, молиявий, транспорт ва саноат  марказига айланди. Ҳозирда Шэньчжэн Хитойдаги энг барқарор ривожланаётган шаҳарлардан бири бўлиб, рақобатбардошлик жиҳатдан мамлакатда тўртинчи ўринни эгаллайди. Экспорт миқёси ва инвестиция, янги технологиялар ва бизнесни йўлга қўйиш маданияти бўйича ўзига хос дарвоза вазифасини ўтайди. 2008 йилда ЮНЕСКО томонидан Шэньчжэн “Дизайн ижодкорлиги шаҳри” деб тан олинган. Бу бежиз эмас албатта.Шэньчжэн аввало, ўзига хос меъморчилиги осмонўпар бинолари, турли мавзулар ва йўналишларидаги истироҳат боғлари, ранг-баранг соҳаларга бағишланган кўргазмалари ва албатта, энг асосийси электрон ва электротехника саноатининг (масалан, Iphone ваIPad машҳур мобил ускуналарининг каттагина қисми айнан шу ерда ишлаб чиқилади) йирик маркази ҳисобанади. Business Insider порталининг бўлинмаси ҳисобланган Tech Insider сайти рейтинги бўйича Шэньчжэн дунёнинг энг технологик шаҳарлари сирасига киради.

Уч соатлик парвоздан кейин самолёт Шэньчжэнга аэропортига қўнди. Бу ерда бизни ўрта бўйли, нозиккина, ёқимтой қиз кутиб олди. У Huawei компанияси ходими бўлиб, икки кун давомида бизга йўлбошчилик қилиши белгиланган эди. Пекин университетининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган бу қиз биз билан рус тилида гаплашди. Ўзини таништираётиб, “исмим русчада Анастасия бўлади”, деб қўшиб қўйди. Шундан кейин ҳамроҳларим унга Настя деб мурожаат қила бошлашди. Аэропортдан чиқишда Настя бизни махсус хизмат машиналари тўхташ жойида турган микроавтобус томон бошлади. Тўққиз соатдан ортиқ учиш давомида ерда бўладими, самодами, сувдами бундан  қатьи назар “йўл азоби — гўр азоби” дегани мақол ҳар қандай йўлга бирдай тааллуқли экан, деган хулосага келдим. Чунки жуда толиққандим. Салкам 16-17 соатлик (кутишлар билан бирга) йўл биргина мени эмас, қолган ҳамроҳларимни ҳам чарчатганди. Барча қулайликларга эга микроавтобусга ўтириб шаҳар томон йўл олдик.

Шэньчжэн денгиз бўйида жойлашган шаҳар бўлгани учун намлик юқори, унинг устига ҳаво булутлиги боис дим ҳам эди. Шаҳаргача тахминан ярим соат йўл босдик. Аввалига самолётда ухлолмаганим боис, кўзим илина бошлади. Фармон ака “Назира уйқуга кетди” деб ҳазиллашиб ҳам қўйди. Аммо шаҳарга кириб борар эканмиз, ташқаридаги гўзалликни кўриб уйқум қочди. Шаҳар кўчаларининг икки тарафи ям-яшил манзарали дарахтлар, анвоий гуллар билан безатилган. Уларга турли шаклларнинг берилганлиги шаҳарда ланшафт дизайни ривожланганлигидан далолат берарди. Бир-бирига ўхшамас меъморчилик усулларида қурилган осмонўпар бинолар кишининг ҳайратини оширарди. Шу пайтгача Хитой ҳақида ўқиганларим бир бўлдию кўзим билан кўрганларим бир бўлди.Тўғриси, бунчалик ривожланишни кўришни кутмагандим. Ҳайратимнинг чеки йўқ эди.

Аввал таом…

Микроавтобус шаҳар марказида жойлашган беш юлдузли Павильон меҳмонхонасига олдига келиб тўхтади. Ичкарига киришимиз билан маъмурият ходимлари қўлимизга бизга ажратилган хоналарнинг карточкаларини беришди. Настя хоналарга кириб юкларимизни жойлаб, ўзимизни тартибга келтириб олишимиз учун ярим соат вақт берди. Соат икки бўлганди.  Настя тезроқ тайёр бўлишимизни тайинлади. Маълумот ўрнида тушлик қилишга улгиришимиз, бунинг учун ярим соат ажратилганлиги, сўнг Huawei компаниясига эксскурсия қилишимиз ва соат 16.00да компаниянинг вице президенти билан учрашишимизни эслатди. Айтилган вақтда ҳаммамиз меҳмонхона холига йиғилдик. Овқатланишимиз керак бўлган ресторан меҳмонхонага унча узоқ бўлмаганлиги боис, яёв бордик. Ёмғир томчилаётганига қарамай ҳаво ҳали ҳам дим эди. Ташқаридан ҳашаматли кўринган ресторан ичкариси битта-иккита катта залларини ҳисобга олмаса, аксарияти кичик-кичик хоналаридан иборат эди. Йўлаклар Хитой тасвирий ва амалий санъат намуналари билан безатилганди. Ҳар бир хонага учун алоҳида ошпаз ва официантлар хизмат қиларди. Ўртача катталикдаги хонага кирдик. Бу ерда катта думалоқ стол, унинг устида айландиган ойна бўлиб, официантлар турли катталикдаги идишларда таом ва салатларни шу ойнанинг устига келтириб қўя бошлашди. Ҳамма ўзининг олдидаги тарелкага керагича олиб ейиши мумкин эди. Аҳамиятлиси, сафар давомида овқатланишимиз билан боғлиқ ташкилий масалаларда миллий ўзига хослигимиз ҳисобга олинганди. Столга қўйилган таомлар санъат даражасида безатилган, ҳар бири қандайдир мазмун ёки образни акс эттирарди. Масалан, таги сал чуқурроқ бўлган қора лаганда қор уюми, унинг устида кўкатлардан дарахт ва денгиз қисқичбақанинг гўшти. Худди чизилган расмга ўхшайди. Қўл теккизсанг мазмун бузиладигандай, гўё. Аёл эмасмизми, биз учун кутилмаган таомларни ейишдан олдин Нозимахон иккаламиз расмга тушириб оламиз.

Дастурхонга тортиладиган биринчи таом — гуруч эди. Хитойда гуруч нон вазифасини ўтайди. Охирги тортиладиган таом эса, хамир ва қора қўзиқориндан тайёрланган шўрва. Бизда меҳмонга суюқ овқат биринчи тортилса, бу  ерда аксинча, охирида берилар экан. Тушлик қилиб бўлгач, яна ўша микроавтобусга ўтириб  Huawei компаниясига томон йўл олдик. Расмий фаолиятимиз энди бошланаётган эди.

Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши

Бу гап бежиз айтилмаган, сонсиз тажрибадан чиқарилган хулоса, аслида. Бундан икки йил аввал факультетимизда волонёр сифатида иш бошлаган Жанубий кореялик доктор Вонтай Сол дастлаб “Тошкентда кундузи эркин юрса бўладими”, деб сўраганди. Биз “нафақат кундузи, кечаси ҳам бемалол юришингиз мумкин” дегандикҳазиллашиб. Доктор Сол Ўзбекистондаги ҳаётни ўз кўзи билан кўриб, маълум муддат яшаб, жамоамиз билан бир оиладек бўлиб кетди. Кейинроқ бу ерга келгунга қадар Ўзбекистон ҳақида ўқиган маълумотларини “дизинформация” деб атади. Нега мен бу воқеани эсладим? Доктор Сол Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўрмагунча ўқиган маълумотларига ишонганди. Шу маънода очик айтишим керакки, Хитойга келгунга қадар замонавий технологиялар: компьютер, телефон, планшет, телефон, умуман Хитой маҳсулотларини, ҳатто кийим-кечакларни харид қилиш ҳақида гап кетганда иложи борича олмасликка ҳаракат қилардим. Чунки онгимга “улар сифатсиз” деган хулоса ўрнашиб қолганди. Битта мен эмас, одамлар орасида шундай қарашлар шаклланганди ҳам. Бозордаги Хитой маҳсулотлари бошқаларга нисбатан арзонлигини ҳам унинг сифати кафолатланмагани билан боғлардим. Хитойга келгандан кейин, айниқсаHuawei компаниясида бўлиб, унинг технологик тажрибаларини ўз кўзим билан кўргандан кейин шу пайтгача бўлган тасаввурларим тумандай тарқаб кетди. Кўрганларимиз ҳақиқат эди.

Келажак технологиялари билан юзма-юз  ёхуд Huawei компанияси ҳақида биз билмаган фактлар

 Шундай қилиб, бизнинг Шэньджэндаги дастлабки расмий ташрифимиз ана шу машҳур компаниядан бошланди. Бизни компания бош биносида бозор ва савдони қўллаб-қувватловчи департаментининг маркетинг бўйича менежери Илья Бровашов кутиб олди ва кўргазмалар залига бошлади.

Кенг ва ёруғ заллар компаниянинг ташкил топгандан то ҳозиргача бўлган фаолияти давомида эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалар билан билан жиҳозланган. Кўргазманинг бошида катта деворда компания қўлга киритган патентлар намуналари ўрин олганди. Илья Бровашовнинг айтишича, бундай патентлар сони ҳозирда 56 мингдан ортган. Шу ўринда мулоҳаза учун ушбу далилларни келтириб ўтиш жоиз. Uzinfocom.uz маълумотларига қараганда, Huawei халқаро патентлар бўйича “Qualcomm”, “Samsung” ва  “Sony” каби гигантларни ортда қолдирган. Бутунжаҳон интелектуал мулк ташкилоти таҳлилларига кўра, Huawei икки йилдан бери патент аризаси топширган компаниялар рўйхатида етакчилик қилмоқда. Биргина 2015 йилда 3898 та ариза топширган бўлиб, у 2014 йилга нисбатан 456 та ортган.

Huawei – жаҳондаги етакчи инфокоммуникацион лойиҳаларни етказиб берувчи компаниялардан биридир. Унинг мақсади коммуникацион технологиялар орқали одамларнинг ҳаётига ранг-барангликни олиб кириш ва ўзаро мулоқотларни мазмунан бойитишдан иборат. Компания асосан технологиялар бозорида мижозларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, уларга мўлжалланган иннавоцион лойиҳа ва ишланмаларни тақдим этади, телекоммуникацион тармоқлар, терминал лойиҳалар ва булутли ҳисоб-китоб тизимлари орқали хизмат кўрсатади.

Компаниянинг нима учун Huawei номланиши кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий. Хабардор.уз сайтининг маълумотларига кўра, компаниянинг номи “Ua-Vey” деб ўқилади.“Huawei”сўзи иккита “Hua” – Хитой ва “Wei” – ютуқ иероглифларидан иборат бўлиб, “Хитой ютуғи” деб таржима қилинади. Шунингдек, бошқа таржимасида “аъло ҳаракат” ҳам деб аталади. Унинг номини компаниянинг асосчиларидан бири Рен Женфей 1987 йилда ўйлаб топган.

Хитойликлар ўз бизнесини ўртача қанча сармоя билан бошлайди, деган саволга Huawei компанияси фаолиятини қанча миқдордаги маблағ билан  бошлаганини мисол сифатида келтириш мумкин. Бугун дунёнинг энг қиммат брендлари рўйхатидан ўрин олган компания 1987 йилда ўз фаолиятини  21000 минг юуан жамғарма билан (бу тахминан 5680 долларга тенг) бошлаган. Дастлаб компания АТСлар учун қурилма ишлаб чиқарган. Кейинроқ тармоқли бирлашиш, сифатли алоқа назорати, бошқарув хизматлари, логистика ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига тааллуқли технологиялар билан хизмат кўрсата бошлади. У нафақат истеъмол техникасини ишлаб чиқаради, балки ўз процессорларини тайёрлайдиган саноқли компаниялардан бири ҳисобланади.

Ўтган 30 йил давомида компания жуда катта ютуқларга эришди. Американинг Fast Company журнали ўтказган жаҳоннинг инновацион компаниялари рейтингида Huawei машҳур Facebook, Amazon, Apple, Google компанияларидан сўнг энг инновацион компаниялар биринчи бешлигига кирди

Навбатдаги эътиборимизни тортган дарахт шаклидаги экспонатда компаниянинг ҳамкорлик алоқалари акс этганди. Гўё дарахтнинг танаси компания бўлса, унинг шоҳлари бошқа компаниялардир. Табиийки, бу рамзийликда ҳам ўзига хос маъно бор эди. Чунки ўтган вақт мобайнида дунёнинг 170 та мамлакатида компаниянинг офис, завод ва лабораториялари пайдо бўлди. Ҳозирги пайтда Huawei компаниясида 170 мингга яқин ходим фаолият олиб бориб, корхоналар, ташкилотлар ва фойдаланувчиларга инновацион технологиялар бўйича рақобатбардош хизматларни таклиф этиб, мижозлари учун максимал шароитлар яратишга ҳаракат қилади. Биз ташриф буюрганШэньчжэндаги бош офисда тахминан 40 мингдан зиёд ходим ишлар экан. Жаҳоннинг 170 дан зиёд мамлакати, ер шари аҳолисининг учдан бир қисми компаниянинг инновацион маҳсулотлар, лойиҳа ва хизматлардан фойдаландилар. Компания хусусий ҳисобланиб, унга тўлиғича ходимлар эгалик қилади. У смартфонлар, планшетлар, кенг йўлакли очиқ мобил қурилмалари ишлаб чиқаради ва уй учун лойиҳалар яратади. Huawei дунёдаги смартфонлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар учлигига киради. 2015 йилда компания иккинчи маротаба халқаро 100 Топ  брендига  Best Global Brand рейтингга киритилди.

Кўргазмага қўйилган ҳар бир ускунанинг олдидаги мониторларда шу ускунанинг ишлаши билан боғлиқ видео тасвирлар намойиш этилади. Шунга қарамай биз маркетинг бўйича менежер Илья Бровашовга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этик. У ҳар бир саволга атрофлича, иложи борича кўргазмали жавоб беришга ҳаракат қилди. Залларида биздан ташқари бир хил кийинган бир гуруҳ йигит-қизлар ҳам компания эксскурсоводи бошчилигида залдаги экспонатларни кўрардилар. Менежернинг айтишига қараганда, улар университет талабалари бўлиб, бу ерда амалиёт ўтаётган эканлар. Илья Бровашов бизга компания вице президенти билан учрашув вақти бўлиб қолганини айтди. Шу залда эсдалик учун гуруҳимиз билан суратга тушдик. Кўргазмадан компания ҳақида катта таассуротлар билан учрашувлар залига ўтдик.

Вице президенти билан эксклюзив суҳбат

Айтилган пайтда биз Huawei компаниясининг учрашувлар залида ҳозир бўлдик. Компаниянинг ташқи алоқалар бўлими вице-президенти Уолтер Женнингс бизни узоқ куттирмади. У компаниянинг фаолияти ҳақида инглиз тилида тақдимот қилиб берди. Унинг гапларини Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Дун Айбо рус тилига таржима қилиб турди. Тақдимотдан кейин савол-жавоблар бошланди. Дастлаб Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Обидовнинг, “Huawei дунё рейтингида жуда тез ривожланиб бораётган компаниялардан бири, деб эътироф этилди. Бунинг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз”, деган саволига Уолтер Женнингс шундай жавоб берди:

— Биласизми, мен ўзим ҳам шу саволга ҳамиша жавоб излайман. Мана қаранг, бундан 30 йил аввал, яъни 1987 йилда жаноб Жень Женфей атиги 5680 доллар жамғарма билан иш бошлаган. 2016 йилда компания  умумий 75,6 миллиард долларлик товар айланмасига эришди. Ақл бовар қилмас юксалиш, тўғрими?Компания ва унинг ходимлари учун чегараланган иш вақти, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Биз ҳар доим, кабинетда, корхонада, тушликда, брефингларда, куну-тун иш жараёнида бўламиз, иш ҳақида ўйлаймиз ва сўзлаймиз. Ишонинг, айрим лойиҳалар муҳокамаси ҳатто тушимга ҳам кириб чиқади. Компаниянинг каттадан кичигигача барча ходимлари – фидойи одамлар. Бу баландпарвоз гап эмас. Компания иқтисодий равнақи, даромади, нуфузидан барча баробар манфаатдор. У оддий ишчими, муҳандисми, бошқарувчими, қайси лавозимда бўлмасин — акциядор бўлиши мумкин. Акциялар улар орасида тақсимланган. Компания асосчиси жаноб  Жень Женфей эса ўзида 1,4 фоиз акция қолдирган холос.

Шунингдек, вице президент жавобига қўшимча қилиб, компаниялар мунтазам янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришини, эндиликда юздан зиёд пойтахт шаҳарларда компаниянинг “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ишга тушганлигини, 300 дан зиёд молия идораси, аввало энг йирик ва машҳур банклар тизими, сув кемалари, темир йўл ҳаракати бундай хизмат туридан фойдаланаётганини қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, биргина 2016 йилда Huawei томонидан 130 миллион дона Huawei бренди билан смартфонлар сотилган. Компаниянинг16 та мамлакатда йирик илмий марказлар ташкил этилган бўлиб, улар маҳсулотларни такомиллаштириш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш устида изланиш олиб боради. Йиллик даромаднинг 10-15 фоизини ана шу илмий марказларга сарфлайди. Вице президентнинг айтишича,  2016 йилда компаниянинг даромади 7,5 миллиард долларни ташкил этди.

Муҳаммаджон Обидовнинг “бугун Huawei маҳсулоти кириб бормаган, унинг хизматидан фойдаланмайдиган Ўзбекистонда бирон хонадон қолмади”, деб бошлаган фикрига Уолтер Женнингс “бизнинг маҳсулот ёки хизматдан дунёнинг ҳар учинчи одами фойдаланяпти”, деб қўшимча қилиб қўйди.

— Шундай экан, бизнинг мамлакат билан ҳамкорлик қилиш бўйича истиқболдаги режалар қандай,- деб сўрадиМуҳаммаджон Обидов.

— 1999 йилда Ўзбекистон алоқа ва телекоммуникация бозорига кириб келдик. “Юнител”, “Билайн”, “Ўзмобайл” бизнинг лойиҳалар асосида ишлади. Ҳозир юртингиздаги бўлимимизда 300 дан зиёд мутахассис ишлайди, уларнинг 75 фоизи маҳаллий ёшлардир. Мақсадимиз Ўзбекистонда фақат бизнесимизни ривожлантиришгина бўлмай, балки янги ишланмаларни яратишдир. Ҳозир эса “Ўзбектелеком” билан ҳамкорликда жуда катта сиғимга эга электрон ахборот банкини, халқ таълими вазирлиги билан электрон таълим тизимини яратмоқдамиз. “Трансгаз” тармоғига SCADA Telecom лойиҳасини тақдим этдик. Компаниямизнинг ёш олимлар, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш жамғармаси бор. Мисол учун, Тошкент ахборот технологиялар университетига оталик ёрдами кўрсатамиз. Сўнгги йилларда мазкур ўқув юртининг 200 дан зиёд талаба ва мутахассис Huawei компаниясида малака оширди. Бу йилдан бошлаб унинг қаторига  Инхауниверситети ҳам қўшилди. Энди  бу университетда таҳсил оладиган талабалар ҳам Хитойда амалиёт ўтайдилар. Буларнинг ҳар бири Ўзбекистон учун аҳамиятли лойиҳалардир. Шунингдек, мамлакатингизда стол тенниси, бокс федерацияларини қўллаб-қувватлаб турамиз..

Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун қулай муҳит ва қонунчилик асосларини яратган. Қолаверса, дунёда ўзбек халқидек очиқ кўнгил, меҳмондўст одамларни учратмаганман. Шунинг учун келгусида Huawei Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтириш, ҳамкорлик тармоқларини кўпайтириш ниятида. Ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасини компьютерлаштириш, симсиз алоқа ахбороти хавфсизлигини мустаҳкамлаш, смартфон, фотоаппарат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рақамли технологияни кенг жорий этиш, ахборот технологиялар илмий марказини очиш каби лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, уларнинг жорий этилиши Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиш билан бирга аҳоли турмуш даражасини янада юксалишига хизмат қилади.

“Ўзбекистон овози”-“Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Сафар Остоновнинг“Компания қандай шиор асосида ишлайди”, деган саволига Уолтер Женнингс,

– Очиқлик, дўстлик, ишонч асосида, — деди ҳозиржавоблик билан. – 170 минглик жамоа бир тану бир жондек ишламаса, бугунги натижага эришиб бўлмасди. Биз жамоада бир-биримизга ишониб ишлашимиз керак. Шунинг учун ички сиёсатда очиқлик принципини танлаганмиз. Ҳатто компания бошқарувида ҳам шундай. Раиснинг учта ўринбосари бор ва улар навбат билан олти ойдан компанияни бошқарадилар.Инсонийлик туйғуси вужудимизда. Натижадан қониқмаслик, олға интилиш муваффақият калити, деб ҳисоблаймиз.

Дунё Онлайн ахборот тизимига ўтиб боряпти. Биз шундай услубда келгусида ахборот матни ва тасвирини узатадиган смартфонлар ишлаб чиқаришни беш баробар кўпайтирмоқчимиз….

Стратегик режаларимиз компаниянинг ички хизмат ахбороти бўлсада, уни ўзбекистонлик ўқувчилар билан баҳам кўрмоқчи бўлдик. Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни амалга оширишда улушимиз борлигидан бахтиёрмиз. Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга қилган давлат ташрифи ғоят самарали бўлди ва имзоланган ҳамкорлик шартномаларининг бири Huawei компанияси билан экани бизда фахр уйғотади. Биз ҳали биргаликда янада юксакроқ марраларни эгаллаймиз.

Суҳбат самимий ва дўстона руҳда ўтди. Учрашув сўнгида Huawei компанияси вице президентиУолтер Женнингсга ҳурмат рамзи сифатида ўзбекларнинг чопони ва дўпписи кийдирилди. Кўҳна Самарқанд меъморий обидаларнинг  рамзи туширилган сурат ва эсдалик совғалар топширилди.

Кўл бўйида

Ҳали кечки овқатгача вақтимиз бор эди. Настя бизни Huawei  компанияси бош офиси ҳудудида яратилган сунъий кўлга олиб борди. Ёмғирдан кейин ҳаво мусаффо, дов-дарахтлар худди ювилгандай топ-тоза эди. Сафарнинг биринчи кунида дастурда белгиланган ташриф ва учрашувдан кейин, сокин кўл бўйида сайр қилдик. Сув юзида очилган нилуфар гулларининг намозшом соясидаги акси янада сирли, янада чиройли кўринарди. Унча катта бўлмаган кўл атрофи шунчалар сокин эдики, олам яралгандан бери шундай бўлгандай,гўё. Сершовқин шаҳарнинг шиддатли ва тезкор ҳаёти гўё бу ҳудудга таъсир қилмагандай.  Кўл атрофидаги бетакрор манзарани кўриб мусаввирлар яратган табиат тасвирларида қўлланадиган ранглар аслида реал борлиқнинг андозаси эканлигига амин бўласиз. Одатда бундай тасвирларда кўлда сузиб юрган оққушлар акс этади. Бу кўлда эса қора қушлар сайр этарди. Қора қушни биринчи марта шу ерда кўрдим. Улар одамлардан ҳайиқмас, агар сувга яқинроқ борсангиз хўрак илинжида олдингизга сузиб келади.

Кўл бўйида Huawei компаниясининг халқаро ҳамкорлари учун махсус қурилган бинолар Хитой анъанавий меъморчилиги асосида қад ростлаганди. Бинолар билан кўлни ажратиб турувчи ранг-баранг дарахтлар узоқдан  ўзига хос манзарани акс эттирарди. Кўл бўйи, йўлаклар яшил чим ва гуллар билан безатилган. Атроф топ-тоза, бирорта ортиқча нарса кўзга ташланмайди. Бу ерда шиддатли ташқи дунёдан узилиб, бир оз сайр қилар эканмиз, куни бўйи йиғилган чарчоқларимиз тумандай тарқаб, кайфиятимиз кўтарилиб кетди. Кўрганларимизни тарихга муҳрлаш илинжида гуруҳимиз аъзолари билан кўл манзарасида суратга тушдик.

Кеч кириб, қоронғу туша бошлаганда йўлбошчимиз Настя овқатланишга боришимиз кераклигини айтиб, микроавтобус томон бошлади. Кечки овқатни Шэньчжэн амфитеатр майдони кафтдек кўриниб турадиган ресторанда қилдик. Амфитеатрдан таралаётган жўшқин мусиқа садолари ва унга мос ҳаракатланаётган фавворалар ранг-баранг чироқлар ёғдусида янада чиройли кўринарди. Айниқса, бу манзарага мушакбозликнинг қўшилиши Нозимахон иккаламизнинг ҳайратимизни янада оширди, овқат ейишни ҳам унутдик. Муҳаммаджон ака “қизлар нима бу, фақат томошага келганмисизлар, овқатдан ҳам еб туринглар”, дейди  бизга ярим чин, ярим ҳазил билан.

Хуллас, сафаримизнинг биринчи кунида эксскурсиялар ва учрашувлар кўнгилдагидай ўтгани учун гуруҳимиз аъзоларининг кайфияти чоғ эди. Шундай кайфият билан меҳмонхонага қайтдик. Настя эрталаб соат 9.00да меҳмонхона холида учрашишимизни айтиб биз билан хайрлашди.

Замонавий Хитой ОАВ билан танишув

Эрталаб нонуштадан сўнг ҳаммамиз меҳмонхона кираверишига йиғилдик. Настя аллақачон келиб, юмшоқ курсида бизни кутиб ўтирарди. Соат 10.00 да Шэньчжэн ОАВ вакиллари билан учрашувимиз бор эди. Белгиланган вақтга шаҳар марказида жойлашган 35 қаватли бинога етиб келдик. Ташқаридан қараганда худди елканли кемани эслатувчи бу бинода Шэньчжэн Press Group медиахолдинг компанияси жойлашган эди. Бу компаниянинг тасарруфида 10 та газета, 5 та журнал ва 10 та интернет сайтиҳамда нашриёт-матбаа уйи мавжуд бўлиб, таҳририятларда 1500 нафар ижодий ходим фаолият олиб боради. Компания билан танишишни унинг музейидан бошладик. Қўйилган суратлар шаҳар матбуотининг пайдо бўлиши, ривожланиши, шаҳар ҳаёти билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни маҳаллий ОАВда ёритилиши жараёнлари акс этганди. Шунингдек, шаҳарда чоп этилган “Шэньчжэн иқтисодий газетаси”, “Шэньчжэн Daily” газеталарнинг илк сонлари билан танишдик. Ўтган йиллар давомида медиа компанияга ташриф буюрган сиёсий арбоблар билан боғлиқ фотосуратлар ушбу матбуот компаниясини шаҳар ижтимоий-сиёсий ҳаётида қанчалик ўрин тутишини яққол кўрсатиб турарди. Бундан ташқари, мазкур бинода Шэньчжэн электрон ОАВнинг Media Groupбирлашмаси ҳам жойлашган бўлиб, унинг таркибида 11 та телеканал, 4 та радиостанция ва киностудия фаолият олиб боради.

Мазкур медиагуруҳ 2002 йилга келиб шаклланган бўлиб, Шэньчжэн шаҳрида ўзининг салмоқли нуфузи ва обрўсига эга. Газеталарнинг аскарияти ихтисослашган, шунга қараб материаллар ўқувчиларнинг талаблари асосида тайёрланади. “Шэньчжэн иқтисодий газетаси” саҳифаларида иқтисод, қурилиш ва тижоратга ихтисослашган мавзуларни ёритишга кўпроқ эътибор қаратади. Музейни экскурсия қилгандан кейин мажлисларга залига ўтдик. Бу ерда компания раҳбарлари билан учрашув режалаштирилганди. Шунга кўра, курсилар тўғрисида ҳар биримиз исми шарифимиз инглизча ёзиб қўйилган эди. Биз ўзимизга белгиланган жойга ўтирдик. Аввалига Муҳаммаджон ака хитойлик ҳамкасбларимизга гуруҳимиз вакилларини бирма-бир таништирди. Кейин ҳар икки томон ҳам ўзларининг таҳририятлари хусусида қисқача маълумот берди.

— Таҳририятимизда 150 та ижодий ва техник ходим ишлайди. Уларнинг 100 нафари ахборот билан ишловчи журналистлар, 30 нафари эса муҳаррирлардир, — деди кундалик “Шэньчжэн иқтисодий газетаси” бош муҳаррири Чжоу Пинь. –Биз иқтисодий алоқалар туфайлигина Ўзбекистон ҳақида биламиз. Сизларнинг компаниямизга ташрифингиз келгусида ахборот алмашиш борасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйишда умид уйғотади.

Шэньчжэнлик ҳамкасбларимиз бу ердаги ОАВ ҳақида маълумот бериб бўлганларидан сўнг, Муҳаммаджон ака Ўзбекистон ОАВ хусусида мухтасар гапирди. Унинг сўзларини давом эттириб Сафар Остонов ўзи раҳбарлик қиладиган “Ўзбекистон овози” — “Голос Узбекистана” газеталари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзаро савол-жавоблар бошланди.

Хитойлик хамкасбларимиз Ўзбекистон ҳақида кўпроқ билишга қизиқдилар. Бу бежиз эмас эди, албатта. Чунки  Ўзбекистон Маркази Осиё иқтисодиётида етакчи давлат сифатида ўрин тутиши сўнгги йилларда жаҳон ОАВ томонидан тез-тез ёритилаётгани боис, унга бўлган қизиқиш борган сари ортмоқда. Табиийки, ҳар томонлама стратегик ҳамкор давлат сифатида Хитой Халқ Республикаси бу жараёнларга эътибори катта. Бу ҳақда “Шэньчжэн Daily” газетаси бош муҳаррири Винтон Донг шундай дейди:

-Шу кунларда Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон – бир йўл” форумида Ўзбекистон ҳукуматининг иштироки ҳамда Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқини бутун Хитой халқи ва шунингдек газета муштарийлари — ўқувчиларимиз катта қизиқиш билан қарши олдилар. – Айниқса, давлатингиз раҳбарининг мамлакатимизга қилган расмий ташрифи ва икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича имзоланган шарнома ва келишувлар икки давлатнинг истиқболдаги ҳамкорлик алоқалари барқарор давом этишида муҳим аҳамият касб этади.

Суҳбат чоғида бевосита замонавий журналистикага таалуқлимасалалар хусусида ҳам фикр алмашдик, баҳслашдик. Айниқса, ҳар куни 24 саҳифада, рангли чоп этиладиган “Шэньчжэн иқтисодий газетаси” таҳририяти иш тажрибаси, уларда қўлланадиган замонавий технологиялар, давр шиддатининг мазкур нашр фаолиятига кўрсатадиган таъсири, газетанинг иқтисодий барқарорлиги масалалари билан боғлиқ маълумотлар ҳар биримизда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур газета Шэньчжэн иқтисодий ривожланиш дастурини амалга оширишда катта роль ўйнар экан. У ватанпарварлик руҳидаги чақириқлари билан халқда бирдамлик, фидойилик шакилланишига ҳисса қўшиши ҳамкасбларимиз томонидан алоҳида таъкидланди.

Шэньчжэн Press Group медиахолдинг компанияси фаолиятида ибратли бир тажрибаси бизнинг эътиборимизни тортди. У ҳам бўлса, мазкур газеталар соф даромаднинг маълум қисмини шаҳарда ижтимоий лойиҳаларга йўналтирар экан. Масалан, шу йилнинг ўзида биргина “Шэньчжэн иқтисодий газетаси” кам таъминланган оила болаларини ўқиш машғулотлари учун мебель ва компьютерлар билан таъминлаш, спорт иншоотлари қуриш, иқтидорли талабаларга мамлакат бўйлаб саёҳат уюштириш каби лойиҳаларни амалга оширибди. ОАВнинг иқтисодий эркинлиги ишлаб топилган соф даромадни ана шундай эзгу ишларга йўналтиришга имконият яратар экан.

Бир соатга мўлжалланган суҳбат салкам икки соат давом этди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Келгусида Шэньчжэн матбуот гуруҳи комранияси билан ҳамкорлик алоқларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Суҳбат сўнгида Сафар Остонов шундай деди:

Биз компаниянгизда биринчи марта бўлсакда, худди ўзимизни шу ернинг аъзосидай ҳис қилдик. Икки тилда сўзлашсакда, бир-биримизни жуда яхши тушундик. Бу нимадан далолат беради? Сизу биз бир хил соҳада фаолият олиб борамиз, бир хил вазифани бажарамиз. У ҳам бўлса халққа, ватанимизга хизмат қилиш, юртимизда, хорижда бўлаётган янгиликлардан халқни хабардор қилиш. Ўйлайманки, бу бизнинг охирги учрашувимиз бўлмайди. Ҳали олдинда биргаликда кўп ишларни қиламиз.

Мезбонларга қуёшли Ўзбекистондан келтирган совғаларни тақдим этиб, эсдалик учун суратга тушдик. Шэньчжэнлик ҳамкасбларимиз билан самимий хайрлашдик.

Соҳилда…

Тушликкача денгиз соҳилига бордик. Бир кун олдин самолёт шаҳарга қўнаётганида иллюминаторда денгиз бўйида узоқ чўзилган кўприкни кўргандим. Бугун шу кўприккача микроавтобусда бордик ва соҳил бўйлаб пиёда сайр қилдик. Соҳил одамлар билан гавжум. Кимдир оиласи, фарзандлари билан, кимдир дўстлари билан, кимдир шаҳарга келган меҳмонлари билан денгиз бўйида дам оларди. Эътиборлиси, одам шунча кўп бўлганига қарамай, атроф ниҳоятда тоза, саришта эди. Бирорта сувдан бўшаган идишни ёки қоғозни кўрмайсиз. Соҳилдаги дам олиш шаҳобчаларининг хизматчилари, атрофдаги гулзор ва дарахтларга қараётган боғбонлар, ҳатто фаррошлар ҳам ўз ишларини сидқидилдан бажаришаётганини кўриб, шаҳарнинг бу даражада  ривожланиши бежизга эмаслигини, ҳар бир киши унинг равнақига ўз меҳнати билан ҳисса қўшаётганига амин бўласиз. Настя бизга узоқдан кўриниб турган осмонўпар биноларни кўрсатиб, унинг Гонгконг эканлигини, соҳилнинг ёнидан ўтган кўприк Шэньчженни Гонгконг билан боғлашини айтди. Биз турган жойдан машинада борса ўн беш дақиқали йўл бўлиб, фақат Гонгконгга ўтиш учун махсус рухсатнома талаб қилинар экан. Шу жойда эътиборимни кичкина бир детал тортди. У ҳам бўлса, айрим машиналарга икки хил рақам қўйилганлиги эди. Бунинг сабабини Настядан сўрасам, асосан Гонгконг машиналарига Шэньчженда ҳам бемалол ҳаракат қилишлари учун икки хил рангли рақам берилар экан.

Очиқ осмон остидаги музей

Куннинг иккинчи ярмида Шэньчжендаги машҳур маданий мажмуага боришимиз режалаштирилганди. Микроавтобусимиз бир қарашда, кўпроқ истироҳат боғига ўхшаб кетадиган жойга келиб тўхтаганда, одамларнинг гавжумлигини кўриб, бу ерда бирор бир байрам бўлаяпти, шекилли деб ўйладик. Чунки мажмуанинг кираверишида жуда одам кўп эди. Кейин билсак, бу ерда доимо одам шундай кўп бўлар экан.

Бу ерга киргандан кейин биз уни очиқ осмон остидаги музей деб атадик.   Шундай қилиб, саёҳатимиз ана шу очиқ осмон остидаги музейда давом этиши керак эди. Бу маскан жуда катта ҳудудни эгаллаганлиги учун ҳамроҳимиз Фармон ака оёғи оғриётганлиги боис “сизлар айланиб чиқаверинглар, мен автобусда кутиб ўтираман”, деди. Настя бўлса, ичкарига киргандан кейин пиёда юрмаслигимизни, чунки бу ҳудудни бир кунда пиёда айланиб чиқишнинг иложи йўқлигини, ичкарида электромобилга буюртма беришини айтди. Биз Фармон акани “кўрганингиз қолади, секин юрамиз” деб зўрға кўндирдик. Томошага келганлар ўзларининг имкониятлари, хоҳишларига қараб, пойи-пиёда, электромобилда, музей атрофидан ўтган арқон йўли (конатка), кичик вагонли электричкаларда сайр қилишни танлашлари мумкин. Музейнинг киравериши анвойи гуллар, Хитойнинг машҳур қизил фонуслари, турли шарлар билан безатилганди.

Музей икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи – миллий қисмда Хитойнинг мавжуд 31 маъмурий ҳудудида яшовчи халқларнинг бир-биридан фарқ қилувчи яшаш тарзи, меъморчилиги, маданияти, санъати акс этса, иккинчи қисмда –жаҳон тамаддунининг турли даврларида инсон тафаккурининг беқиёс махсули ўлароқ бунёд этилган дунёга машҳур Тожмаҳал, Эфил минораси, Миср пирамидалари, Пиза музейи, Озодлик ҳайкали сингари иншоотларнинг кичик андозалари барпо этилганди.  Аммо музейнинг ҳар иккала қисмни кўришнинг ярим кунда имкони бўлмагани учун биз Хитойнинг миллий маданияти қисми билан танишишни танладик. Зиналардан юриб пастга тушганимиздан кейин, Настя саккиз-ўн ўринлик электромобилни гаплашди. У бизни музейнинг белгиланган томоша йўналиши бўйича сайрга олиб кетди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини акс эттирувчи  бинолар, аҳолининг урф-одатлари, анъаналари, кийимлари, умуман турмуш тарзи қандай бўлса шундайлигича акс этган. Шу билан бирга уларнинг ҳаётини  актёрлар театрлашган томошалар орқали ҳаракатга келтирарди. Ҳар бир маъмурий ҳудудда яшовчиларнинг ўзига хос урф-одатлари, турмуш тарзининг бу тарзда намойиши Хитой халқнинг кўпмиллатли, турфа маданиятли эканлигидан далолат берарди. Энг қизиғи, кўрган экспонатларимиз орасида дунёга машҳур будда ҳайкали, дунё қўнгироғининг кичик андозаси,  оддий қамиш, сомондан ёки дарахтларнинг устида қурилган уйлар бор эди. Музей ҳудудида яратилган сунъий кўл ўртасидан иккита соҳилни боғловчи осма кўприк ўтганди. Унинг бир томонида Хитой меъморчилиги асосида пештоқлари чиқарилиб, ёғочлар турли нақшлар билан безатилганди.

Мажмуанинг ланшафт безагига қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Ҳар бир дарахт, гул, ўсимликларга турли шакллар берилганки, улар санъат асарлари  даражасида эди. Энг аҳамиятлиси, бир дарахт ёки бутага қўлланган шакл ёки кўриниш иккинчи марта учрамасди. Бутун музей ҳудуди, ариқчаларнинг бўйлари, дарахтларнинг тагигига ям-яшил чим ётқизилганди. Умуман, яшиллик ушбу очиқ музей- маданий мажмуанинг энг асосий хусусияти эди. Бу ерга келувчилар кўп бўлишига қарамай, унинг ҳудудида тартиб-интизомга қатьий амал қилиниши менга жуда ёқди. Маъмурий бирликлар ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатларни томоша қилиб бўлганимиздан кейин, Настя театрлашган рақс томошасига чипта олганини айтди. Биз унинг ортидан концерт зали томон йўл олдик.

Зал одамлар билан деярли тўлганди. Настя бу ерда ҳар куни шэньчжэнлик санъаткорлар томонидан икки маҳал театрлашган мюзикл-томоша қўйишини айтди. Кунига икки маҳал бўлишига қарамасдан, зал одамлар билан тўла эди. Демак, у қизиқарли бўлиши керак. Биз кечки пайтдаги томошани кўришга муяссар бўлдик. Тўғрисини, томошани кўриб, шу пайтгача Хитой ҳақида, унинг санъати, айниқса рақс санъати ҳақида ҳеч нарса билмаслигимдан уялиб кетдим. Чиндан ҳам Хитой рақслари деганда, фақат елпиғич билан ўйналадиган рақсларни билар эканман, холос. Бу томошада ҳар бир ҳудуд санъатининг ўзига хослиги, костюмлари, мусиқалари ва саҳналаштирилган рақсларнинг мазмуни, раққосаларнинг маҳорати, умуман барча-барчаси бу юрт ҳақидаги юзаки тасаввурларимни тубдан ўзгартириб юборганди. Саҳнада рақс тушаётган йигит-қизларнинг эгилувчанлиги ва енгил ҳаракатлари ҳар қандай томошабиннинг ҳайратини оширарди ва санъаткорларнинг маҳоратига тан берарди.Томошадан жуда катта таассурот билан чиқдик.

Кечки овқат эллигинчи қаватда

Дастурда режалаштирилган расмий ва маданий тадбирлардан сўнг кечки овқатни Шэньчжендаги энг баланд биноларнинг бирида, эллигинчи қаватда жойлашган ресторанда қилишимиз белгиланган эди. Бинонинг пастидан қараса, ҳақиқий маънода “бошдан дўппи” тушади. Ичкарига кириб лифтда аввал қирқ бешинчи қаватгача, у ердан бошқа лифтга ўтиб, эллигинчи қаватга чиқдик. Ресторан ойнабанд, доира шаклида бўлиб, зали айланиб турарди. Бундай ресторан Тошкентда Юнусободдаги телеминорада ҳам бор. Лекин у бу ердагичалик  баланд эмас. Ташқаридан тунги Шэньчжен кафтдек кўриниб турарди. Шаҳарнинг осмонўпар бинолари, йўлларда ҳаракатланаётган автомобиллар чироқлари гўзал манзара касб этганди. Баландликдан қўрққаним боис, дераза томонга қарамасликка ҳаракат қилардим. Аммо ташқаридаги гўзалликка ҳам эътиборсиз қолдиролмасдим.  Бу ерга оилавий бўлиб келадиганлар кўп экан.

Кундузи очиқ музейда менинг эътиборимни тортган нарса, сайр қилиб юрганларнинг кўпчилиги аёллар, аниқроғи оналар эди. Улар болалари билан, йигит-қизлар каттароқ ёшдаги оналари, бувилари билган бирга юришарди. Бунинг сабаби, 15-май Хитойда “Оналар куни” экан. Ресторанда ҳам фарзандлар оналари, баъзилари бувилари билан келишганди. Қўшни столлардаги уларни гуллар, турли совғалар билан табриклашарди. Биз ўзимизга белгиланган жойга ўтирганимиздан кейин Надя бу ерда швед столи бўлганлиги боис, ҳамма ўзига ёқадиган егуликни ўзи олиши кераклиги, қаерда нима борлигини тушунтирди. У шошаётганди. Биз бирга овқатланишга таклиф қилганимизда, бугун байрам бўлганлиги учун, у ҳам бориб онасини табрикламоқчи эканини айтиб,узр сўради. Таржимонлик қилишниHuawei компаниясининг менежериДун Айбо зиммасида қолдирди. Кетаётиб эрталаб соат олтида меҳмонхона холида учрашишимизни, ҳеч ким кеч қолмаслигини тайинлаб, биз билан хайрлашди. Дун Айбо Ўзбекистонда ишлаётганлиги боис, ҳамроҳларимиз унга аэропортдаёқ Абдуллажон деб от қўйиб олишганди. У ҳам кулиб бу таклифга рози бўлганди. Ресторанда хилма-хил егуликларини билиб танаввул қилиш учун Абдуллажон ҳар биримизга ёрдам берди. Илгари Хитойнинг Синхуа ахборот агенлигини Россия бўйича мухбири бўлиб ишлаган Абдуллажон – Дун Айбо рус тилини яхши биларди. Уч йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб, унинг миллий хусусиятларидан ҳам анчагина хабардор бўлганди. У Хитой ҳақида Шэньчжен шаҳри ҳақида қизиқарли маълумотларни сўлаб берди. Дастурхон устида суҳбат қизиди.

Кечки танаввулдан вақтлироқ қайтиб меҳмонхона ёнидаги дўконларни айланмоқчи эдик.Бир-икки дўконга киришга улгирмасимиздан, улар ёпила бошлади. Дўкон айланишни Пекинга қолдириб, меҳмонхонага қайтдик. Эрталаб барвақт туриб, йўлга отланишимиз керак эди.

(давоми бор)

Назира Қурбон,

журналист

Бошқа хабарлар | 其他新闻

«Ёпиқ шаҳар» сирлари
1406-1420 йилларда бунёд этилган Хитой императорлари қароргоҳи эгаллаган ҳудуди жиҳатидан ер юзидаги энг йирик сарой мажмуаси ҳисобланади. Энг қизиғи, орадан шунча аср вақт ўтса-да, ...
Пань Сянь Цзянь: «Обуна – газетачининг иши эмас»
Мамлакат жанубидаги Фуцзянь провинциясида бўлганимизда айнан шу номдаги ҳудудий газета таҳририятига бориб, бош муҳаррир Пань Сянь Цзянь билан учрашдик. Унинг айтишича, Интернет ривожланишига қарамасдан ...
Инсон капитали мамлакати — Хитой сафари таассуротлари…
Қадим Чин юртининг азим пойтахти бўлган, минг йиллик тарихга эга Пекин бизни ноодатий бўлган булутли осмони ила қарши олди. Кейин билсак, аслида бу булут ...
Бизни қаршилаган денгиз
Бир ёни дарахтзору, баланд бинолар бир ёни денгизга туташ шаҳарга борарканмиз ҳавонинг иссиқлигига қарамай сувнинг жилоси ўзига тортди. Тезюрар поезда журналистлар жамоаси Сиаменга кириб ...
Тошкент Пекиндан нималарни ўрганиши мумкин?
Ўзбек журналистлари делегацияси таркибида Хитой сафарида бўлиб, сафар давомида Пекин, Фуджоу, Сяминь шаҳарларидаги ўрганса бўладиган жиҳатларга эътибор қаратдим. Аҳолиси 20 миллион, автомобиллар сони 5 миллиондан ...
Орзулар шаҳри сари
Медиа-тур давомида Пекиндан кейинги йўлимиз Фужоу бўлди. Эртакнамо шаҳар ўзини жозибадорлиги билан бизни ҳайратга солди. Айниқса Хитой ошхонасининг энг сара таомлари Пекинда каби бу ерда ҳам ...
Тилимиз бошқа, дилимиз бир… 
(Навоийлик журналист Хитойда бўлиб қайтди) Хитой Халқ Республикаси — дунё  харитасидан аҳолиси  кўплиги, ишлаб чиқариши ривожланганлиги, янги инновацион ғоялар ижодкорлиги, техника тараққиётидаги улкан ютуқлари билан  мустаҳкам ...
Тошларда акс этган муҳаббат (фото)
Хитойга борганимизда ҳар бир ташкилот ва корхона дарвозасининг икки ёнида афсонавий жониворлар ҳайкаллари ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Улар қадимдан хавфсизлик, хотиржамлик, бойлик ва омад тимсоли ...
Хитой электромобил ишлаб чиқаришда етакчи
Бугунги кунга келиб инсоният экологик муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилмаслик, оғир оқибатларга олиб келишини тушиниб етишди. Биргина  автомобиль саноатини оладиган бўлсак, бутун дунёда соҳанинг жадаллик ...
Хитойда нега кичик янги йил нишонланади?
Ҳар йили февралда Хитойда кичик янги йил кенг нишонланади. Нега кичик янги йил дерсиз? 8  февралда хитойликлар Сяонянь  (кичи Янги йил) , яъни Хитойдаги ...
Хитой афсона эмас, ҳақиқатлар ва чин мўъжизалар мамлакати эканлигига гувоҳ бўлдик
Хитой  цивилизацияси  дунёдаги қадимий  цивилизация бешикларидан бири эканлиги тарихдан маълум.  Хитой маданияти жаҳондаги  энг қадимий афсонавий  маданият  ўчоғи  ҳисобланади.  Конфуций таълимоти бир неча юз ...
«Синьхуа» тажрибаси билан танишув
Хитойнинг ОАВ соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, провинциялари ва шаҳарларининг «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасидаги иқтисодий имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар ...