Цзянсу – таркибида 13 шаҳарни бирлаштирган Хитойнинг йирик провинцияларидан бири. Провинцияда 80 миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Провинция маркази – Нанкин шаҳри Мин сулоласи даврида Хитой пойтахти бўлган. 2014 йилда ушбу шаҳарда ўсмирлар ўртасида ёзги олимпиада ўйинлари ўтказилган ва шу муносабат билан кичик олимпиада шаҳарчаси бунёд этилган.
Делегация аъзоларини қабул қилган Цзянсу провинцияси телерадио корпорацияси таркибида 14 телеканал, 10 радиоканал мавжуд. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни бир вақтнинг ўзида корпорацияси веб-сайтида томоша қилиш ва тинглаш мумкин. Ўзингизга маъқул келган телекўрсатувлар дастурини юклаб олишингиз учун 2 та махсус мобил илова ҳам яратилган.
«Цзянсу телерадио корпорациясида 8 минг ходим фаолият юритади. Мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида аҳамият берамиз. Техник ва ижодий ходимларимиз АҚШ ва Буюк Британиянинг етакчи телекомпанияларида малака ошириш курсларида мунтазам иштирок этади. Ўз навбатида, корпорациянинг ўзида ҳам хорижлик тажрибали мутахассислар билан тренинглар ўтказамиз. Бу ишлар учун ҳар йили 500 миллион юан маблағ сарфлаймиз», – дейди корпорация вице-президенти Цзян Сяопин.
Корпорация ўз киностудиясига ҳамда тўрт хил форматдаги кинотеатрлар тармоғига эга. Айни кунга қадар мазкур киностудия томонидан 400 га яқин телесериал ва фильмлар суратга олинган. Учрашув давомида киностудия мутасаддилари ўз фильм ва телесериалларини ўзбек томошабинларига ҳам тақдим этиш таклифини билдиришди.
Ўзбекистонлик журналистлар «Синьхуа кундалиги» таҳририяти ва музейи фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. «Синьхуа кундалиги» таҳририяти томонидан 14 номдаги газета, 8 номдаги журнал чоп этилади. Ахборотлар таҳририят таркибидаги 9 интернет сайт, 6 мобил илова орқали ҳам тарқатилади. Тонгги махсус газета 1 миллион, кечки газета эса 3 миллион нусхада чиқарилади.
«Бу менинг ўзбекистонлик журналистлар билан илк учрашувим. Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларингиз ҳақида ОАВ ва китоблардан кўп маълумот олганман. Аспирантурада илмий иш қилган вақтимда Абу Али ибн Сино китобларини ўқиганман. Бугунги учрашувдан кейин тез орада Ўзбекистонга бориш ва сизлар билан тажриба алмашишни мақсад қилдим», – дейди Синьхуа ахборот агентлиги бош муҳаррири ўринбосари Ли Ян.
Учрашув давомида Синьхуа ахборот агентлиги халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шен Чженжун «Бир макон — бир йўл» лойиҳаси доирасида тажриба ва маълумот алмашиш учун ишлаб чиқилган янги акция тақдимотини ўтказди.
Агентлик бош муҳаррири ўринбосари Ли Ян акциянинг рамзий белгисини Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидовга топширди.
«Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама, шунингдек, ШҲТ, ‘Бир макон – бир йўл’ дастури доирасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу икки мамлакат ОАВ ўртасидаги муносабатларда ҳам ўз аксини топмоқда. Тез орада Синьхуа ахборот агентлиги делегациясини Ўзбекистонда қабул қилиш ва тажриба алмашиш жараёнини мунтазам йўлга қўйишга тайёрмиз», – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов.