«Синьхуа» тажрибаси билан танишув

Хитойнинг ОАВ соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, провинциялари ва шаҳарларининг «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасидаги иқтисодий имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун ушбу мамлакатга медиа-тур ташкил этилди.

Ўзбекистонлик журналистлар дастлаб «Синьхуа» ахборот агентлигида бўлиб, медиа марказидаги сўнгги технологиялар билан танишди.

Мазкур медиа-марказ мутахассислари томонидан янгиликларни ўқувчи сунъий бошловчи яратилган. У бир суткада 24 соат ишлаши, синтетик овоздан фойдаланган ҳолда матнларни ўқиши мумкин. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган ушбу виртуал телебошловчи хитойликларнинг овози, лаб ҳаракати ва юз ифодаларини ўхшата олади. У хитой ва инглиз тилларида дастурларни олиб боради.

Медиа-марказдаги инновацион технологиялардан яна бири — махсус қурилма бирор анжуман ёки тадбирни кузатиб, унинг тафсилотлари ҳақидаги хабар ёки янгиликни ўн сония ичида тайёрлаб беради. Мутахассислар тадбирга оид ахборотни журналистлар қанча муддатда тайёрлаши мумкинлигини ҳам текшириб кўришди. Мухбир бир тадбир тўғрисидаги хабарни тезкор тайёрлаши учун 15 дақиқа сарфлар экан.

Сўнгги йилларда Хитой оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигимиз янада фаол ривожланмоқда. Журналистлар ва техник мутахассисларимиз учун Хитойга медиа-тур ва ижодий сафарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Қолаверса, хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам айни шу мақсадда Ўзбекистонда бўлиб, телевидение, радио ва газеталар фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

«Синьхуа» нафақат Хитойда, балки дунёда ҳам энг йирик халқаро ахборот агентликларидан бири ҳисобланади. Агентлик Хитойда ва бошқа хорижий мамлакатларда 130 дан ортиқ бош бошқарма, бўлим ва филиалларига эга. Хитойнинг барча ҳудудида мухбирлар пункт­лари мавжуд. Агентлик тизимида 4 минг нафарга яқин мутахассис ишлайди.

Агентлик 10 тилда ахборот тарқатади. Агентлик таркибидаги интернет сайтларига ҳар куни 15 мингдан ортиқ информацион материаллар жайлаштирилади. Агентлик веб-сайтига бир кунда 100 миллиондан зиёд ўқувчи киради.