Медиа-тур давомида Пекиндан кейинги манзилимиз Фучжоу шаҳри бўлди. Илк қарашдаёқ эртакнамо қиёфаси ва бетакрор жозибаси билан ажралиб турадиган бу шаҳар бизда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Пекинда таътиб кўрганимиз каби, Фучжоуда ҳам Хитой миллий ошхонасининг сара таомларидан баҳраманд бўлдик.
Шаҳарнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унинг яшил табиати. Дарахтзорлар билан қопланган ҳудудлар, ўйланган ландшафт дизайни, кичик кўллар ва шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёлар Фучжоуга алоҳида ҳусн бағишлайди. Йирик саноат ва порт шаҳри бўлишига қарамай, бу ерда табиат ва шаҳарсозлик ўзаро уйғунлашган.
Фучжоу қадимий тарихга эга шаҳарлардан бири ҳисобланади. Манбаларга кўра, унинг биринчи шаҳар девори милоддан аввалги 202 йилда қурилган. Танг сулоласи даврида, яъни 725 йилдан бошлаб шаҳар ҳозирги Фучжоу номи билан атала бошлаган. Сонг сулоласи императори 978 йилда шаҳар деворларини бузиш ҳақида фармон берган бўлса-да, кейинчалик улар қайта тикланган. Энг сўнгги шаҳар деворлари эса 1371 йилда барпо этилган.
Қадим тарих ва замонавий тараққиёт уйғунлашган Фучжоуда яшиллик ҳар қадамда сезилади. Бу ердаги ўрмон кўприги айниқса катта таассурот қолдирди. Ердан тоғ бағригача маржондек тизилиб кетган ўрмон йўлаклари ва кўприклар, ноёб дарахт турлари билан бой табиат ҳар қандай меҳмонни маҳлиё қилади. Тоғга кўтарилар эканмиз, яшиллик бағрида қад ростлаган замонавий бинолар шаҳарнинг янада фусункор манзарасини намоён этди.
Биз қўнган Фучжоу халқаро аэропорти шаҳар марказидан тахминан 50 километр узоқликда жойлашган. У ердан Пекин, Шанхай, Чэнду, Гонконг, Сиань, Урумчи, Ҳайкоу, Токио, Осака, Сингапур ва Циндао каби шаҳарларга мунтазам авиақатновлар амалга оширилади. 2016 йил май ойида шаҳарда метро тизими ҳам ишга туширилган.
Фучжоудаги дастлабки кунимизда маҳаллий телевидение, радио ва газета фаолияти билан ҳам танишдик. Ҳар куни 300 минг нусхада чоп этиладиган газетанинг интернетдаги ўқувчилари сони 6 миллион нафарга етади. Шаҳарнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётини ёритувчи мазкур нашрга талаб юқори. Газета таҳририяти 27 қаватли замонавий бинода жойлашган бўлиб, ходимлар учун яратилган қулай меҳнат шароитлари иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Сафарнинг иккинчи кунида Фучжоудаги йирик саноат корхоналаридан бири фаолияти билан танишдик. Ипак толалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона денгиз устида қурилган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси ҳисобланади. Корхонада маҳсулот сифати доимий илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштириб борилади. Бу жараёнда олим Мин Тингнинг ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Корхона қошидаги инновацион марказда замонавий технологиялар кенг жорий этилган. Асосий ишлаб чиқариш жараёнлари Германиядан келтирилган юқори технологияли ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Майдони 1000 квадрат метрдан зиёд бўлган мазкур корхона 30 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг 500 дан ортиқ рақобатчилари мавжуд. Корхона маҳсулотларини ишлаб чиқаришда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитойда етиштирилган пахта хомашёсидан фойдаланади.
Фучжоу биз учун фақатгина навбатдаги сафар манзили эмас, балки табиат, тарих, замонавий инфратузилма ва саноат тараққиёти уйғунлашган бетакрор шаҳар сифатида ёдда қолди.
Мастура Ҳамроева