Хитойнинг бугунги кўриниши қандай? (фото)

Уларнинг ишбилармонлиги, йўқ жойдан ундириб, борини дўндирувчи одамлари, шаҳарларидаги тезкор ривожланиш, йилдан-йилга осмон ила бўйлашаётган бинолар қад ростлаётгани дунё афкор оммасининг ҳавасини келтиргани рост.

Ошхонасининг ўзига хослиги-ю, урф-одатлар, анъаналарга эга халқ эканлиги ҳам бор гап. Айниқса, қисқа фурсат ичида юксак ривожланиш чўққиларига эришгани ҳақидаги фикрлар кўп ва хўп айтилган Хитой ҳақида. Аслида-чи? Аслида биз билган, эшитган Хитой Халқ Республикасининг бугунги кўриниши қандай? Қуйидаги сафар таассуротлари шу ҳақда.

Бу оддий саёҳат эмас, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналист­лар учун ташкил этилган пресс-тур. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хитой халқаро дўстлик жамияти, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-турда пойтахт ҳамда вилоятлардаги ОАВларда меҳнат қилаётган журналистлар жам бўлишди.

Тошкент-Пекин авиарейсидан тушибоқ ўн бир нафар журналистлар орзиқиб кутилган Хитой билан юзма-юз бўлишди. Пекин аэропорти яқинида биз учун шай турган автобусга жойлашар эканмиз, кўзимизни ойнадан узмадик. Бизга ўша куни ҳамроҳлик қилган Вика исмли аёл савол беришга улгурмасимизданоқ кўчалардаги ҳар бир ҳолатга изоҳ берабошлади.

Фото: ni-hao.uz

Барча ривожланган давлатлардаги сингари бу ерда ҳам автомобиль йўлларидаги тирбандлик биринчи кўз тушадиган ҳолат. Виканинг айтишича, тирбандликларнинг олдини олиш, қолаверса, атмосфера мусаффолигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан қатор чора-тадбирлар олиб борилар экан. Мисол учун, ҳафтанинг маълум бир кунлари қайсидир рақам билан бошланувчи автомобиль эгалари машиналарини ҳайдашига рухсат йўқ. Автомобилида кўчага чиқса, жарима тўлашга тўғри келади. Умуман, бу ерда автомобиль эгаси бўлиш осон бўлса-да, аммо рақам олиш бир мунча мураккаб экан.

Фото: ni-hao.uz

Вика «Масалан, менинг турмуш ўртоғим рақам олишни етти йил кутди», дейди. Йўллардаги қоидабузарликлар учун ҳам жазо енгил эмас. Дейлик, уч марта қоидабузарликдан сўнг ҳайдовчи рақамларидан айрилиб қолиши мумкин. Уни олиш осон бўлмаслигини эса юқорида айтиб ўтдик. Шунинг учун бўлса керак, кўчада қоидабузарликлар кам учрайди. Етти кун давомидаги пресс-турда ҳам Хитойнинг қайси шаҳрига бормайлик, асабий ҳайдовчини учратмадик, тезликни оширган, бир-бирини қувиб ўтаётган автомобиль эгалари жуда кам. Автомобиль йўлларини бир хил тезликда, сокин оқиб бораётган дарёга менгзаш мумкин. Биргина Пекиннинг ўзида, бундан бир-икки йил аввалги маълумотга кўра, 5 миллион автомобиль ҳамда мингдан зиёд йўналишлар борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.

Йўлларда икки ўриндиқли, худди ўйинчоқ машиналарга ўхшайдиган электромобиллар ҳам кўп. Айтишларича, атроф-муҳитга заррача зиёни йўқ бу электромобиллар жуда арзон– ўртача 500 АҚШ доллари турар экан.

ОСМОН ИБОДАТХОНАСИ

Бугунги ривожланиш босқичига Хитой қисқа муддат – 50 йилда эришган бўлишига қарамай, мамлакат 5 минг йиллик тарихга эга. Шунинг учун дастур аввалида Хитой тарихидан сўзловчи манзилларга саёҳат уюштирилиши белгиланган экан.

Осмон ибодатхонаси – ўз номи билан юқори қисми осмон рангида, уч ярусли, хитой архитектураси услубида қурилган. Қадим ўтмишда бу ерга императорлар ҳар йили қишки қуёш турғун пайти ташриф буюриб, яхши ҳосил тилашган, табиат инжиқликларидан осмон худосидан паноҳ сўрашган, қурбонликлар қилишган. Қурбонликларнинг гўшти тановул қилинмаган.

Фото: ni-hao.uz

Ландшафт дизайни ва архитектура дурдонаси деб ном олган Осмон ибодатхонасининг асосий мақсади муқаддас қадамжо бўлиши баробарида коинот маркази борасида космологик тушунчаларни ҳам беради. Мажмуа қурилишида турли нумерологик тушунчалар қўлланилган. Ибодатхона уч қаватли кўринса-да, ичкариси бир қаватли баланд бино (дарвоқе, ичкарига кириш мумкин эмас, эшиклар очиқ, остонадан ичини бемалол томоша қилиш мумкин.) Бу ердаги катта майдондаги ям-яшил ўтлоқзорларда эрталаб маҳаллий аҳоли бадантарбия, аэробика машқлари билан шуғулланади, миллий ўйинлар билан машғул бўлишади.

Йўлбошловчимиз буларнинг ҳар бирини шунчалик завқ ва иштиёқ билан айтиб берардики, унинг сўзларидан ибодатхонадаги ҳар бир тош бир маънони англатадигандек тасаввур уйғонади. Ва у бизнинг тасаввурларимизни йўққа чиқармайди, мажмуадаги ҳар бир деталь шунчаки ўрнатилмаганини исботлаб беради. Уларнинг ҳар бирини қоғозга тушириб, ўқувчини толиқтириб қўймоқчи эмасмиз, сабаби, олдинда 730 минг метр квадрат ҳудудни эгаллаган Император саройи томошаси кутяпти.

ТАҚИҚЛАНГАН ШАҲАР

Император саройига бориш учун анчагина ҳудудни пиёда босиб ўтишимизга тўғри келди. Боргунча ям-яшил ва сариқ тусга кирган дарахтзорлар, яшил ўтлоқлар ва улкан ҳовуз бўйлаб юрасиз.

Фото: ni-hao.uz

– Ушбу сув саройни турли босқинлардан ҳимоя қилган, – бирор дақиқани шунчаки ўтказмайдиган Вика йўл-йўлакай тушунча бериб боради. – 700 йил аввал қад ростлаган бу шаҳарчада 24 нафар император ҳукмронлик қилган. Ҳозирги кунда унинг 8 мингга яқин хоналари сақланиб қолган. Айтишларича, улар 9999 та бўлган экан.

Ҳа, сезганингиздек, бу ерда ҳам тўққиз сони билан боғлиқ жуда кўп деталга дуч келдик. Вика булар ҳақида гапираркан, ҳавонинг ажойиблиги, табиатнинг, куз манзарасининг гўзаллигидан завқланишдан чарчамасди.

– Беш-олти йил аввал Пекинда мусаффо осмонни кўриш муаммо эди, – дейди Вика. –Саноат корхоналарининг чекка ҳудудларга кўчирилиши, уларнинг кескин модернизацияси, экологияга зарарсиз электромобилларнинг оммалаштирилиши табиатимизга ижобий таъсир кўрсатди.

Фото: ni-hao.uz

Тақиқланган шаҳар номини олган, уч мингга яқин усталар қурган, шимолий ва жанубий қисмларга бўлинган муҳташам Император саройи. Ўша пайтларда оддий одамлар кириши мумкин бўлмаган бу саройни кўришга бугун бутун дунёдан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Айтишларича, 2015 йилда бу маскан қатнов сони бўйича дунёда 6-ўриндабўлган экан. Тўқ қизғиш тусдаги бир-бирига эгизакдай ўхшаш саройларнинг ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Тантаналар, мажлислар, томошалар учун алоҳида майдонлар. Эркак ва аёллар учун алоҳида саройлар. Саройнинг аёллар яшайдиган қисми қаттиқ қўриқланган. Императорнинг камида 76 завжаси бўлиши шарт бўлган экан. Императорнинг рухсатисиз саройнинг аёллар яшайдиган қисмига ҳеч ким кира олмаган.

Фото: ni-hao.uz

Бу ҳудуд ҳам тимсолларга бой: аждар – омад, яхшиликнинг ғолиб келиши, шер – куч-қудрат, афсонавий қушлар бахт каби маъноларни ифодаловчи рамзлар сарой томларида, ерда, деворларда ҳам учрайди. Умуман, Хитойда тимсоллар кўп, қизиғи, уларнинг аксарияти омад, давлат, бойлик маъноларини ифодалайди. Эҳтимол, бу ишонч Хитойнинг кундан-кун ривожланишида муҳим омилдир.

УЧ ЙЎЛАК, ЕТТИ КЎЧА

Хитойнинг тарихий ҳудудлари ҳақида гап кетар экан, мамлакатнинг жанубий қисми, Пекиндан қарийб икки минг километр олисдаги Фучжоунинг эски шаҳрини тилга олмай илож йўқ. Ушбу қадимий шаҳарчанинг номи шундай – Уч йўлак, етти кўча.

Фото: ni-hao.uz

Фучжоудаги ушбу эски шаҳарчада 4-5 аср олдин, Мин ва Цин сулолаларига тегишли бўлган 200 га яқин хонадон сақланиб қолган. Бу кўчалардаги уйларда ёғоч эшиклар ўзига хос тарзда ишланган, гуруч ва қумдан яcалган деворлар, ҳар бир хонадонда ҳовузчалар, унинг устига қурилган қадим Хитой услубидаги театр саҳнаси – ҳаммаси ўз ҳолича сақлаб қолинган.

Фото: ni-hao.uz

Қора рангга бўялган деворлар бу уйда бадавлат инсонлар истиқомат қилишини билдирар экан. Ҳовузчаларда худди ўша пайтдагидек қизил балиқлар сузиб юрибди, сув юзасида нилуфар гуллар яшнаб турибди. Булар ҳам омад, бойлик рамзи саналар экан. Дарвозалар тепасидаги қизил фонуслар нафақат қадим шаҳарча, балки Хитойнинг замонавий биноларини ҳам безаб турибди.

Фото: ni-hao.uz

Эски шаҳарчадаги катта бир кўча ҳунармандлар маҳсулотлари билан тўла. Бу ерда уларнинг ўзлари ҳам дастгоҳларда маҳсулот ясаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Сунъий тарзда виқирлаб турган сувда чиғаноқлардан чиққан марварид, маржонлар шиқир-шиқир қилади, истаганингизни олиб, мунчоқ ясатиб олишингиз мумкин, тайёрлари ҳам жуда кўп. Тошнинг ичига нақш чизувчи қизлар, кумушдан рўзғорга керакли буюмлар, тақинчоқлар ясаётган ҳунармандлар, кўз олдингизда хитойча услубда чой дамлаб бераётган мутахассислар, ўзига хос ширинликлар пишираётган хотин-қизлар. Бу ҳолатларнинг бари Уч йўлак, етти кўчага ўзгача қадимий фусун бериб турибди.

Хитойнинг  тарихий  ҳудудларига  саёҳат  қанчалик  мазмунли  ўтмасин,  бизни  олдинда  44 қаватли  осмонўпар  бинода  жойлашган  Хитой  телевидениеси,  кунига 300 минг нусхада чоп  этиладиган  газета  таҳририяти,  мамлакат  ҳақида ахборот тар­қатиш билан шуғулланувчи марказ, 16  минггина  аҳолига  эга,  аммо  16 давлат элчихонаси мавжуд ГуЛангью оролига саёҳат каби бир-биридан  қизиқ  манзиллар кутмоқда эди. Улар кейинги мақолаларимизга мавзу бўлақолсин.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

Тошкент-Пекин-Тошкент.

Бошқа хабарлар | 其他新闻

«Бўйдоқлар куни» қандай нишонланади?
Хитойда ҳар йили 11 ноябрь куни «Бўйдоқлар куни» нишонланиши анъанага айланган. Бу кунни «Бутундунё савдо куни» деб ҳам аташади. Никоҳда бўлмаган инсонлар ушбу кунни байрамона ўтказишга одатланган.  Байрам ...
Тилимиз бошқа, дилимиз бир… 
(Навоийлик журналист Хитойда бўлиб қайтди) Хитой Халқ Республикаси — дунё  харитасидан аҳолиси  кўплиги, ишлаб чиқариши ривожланганлиги, янги инновацион ғоялар ижодкорлиги, техника тараққиётидаги улкан ютуқлари билан  мустаҳкам ...
Тошларда акс этган муҳаббат (фото)
Хитойга борганимизда ҳар бир ташкилот ва корхона дарвозасининг икки ёнида афсонавий жониворлар ҳайкаллари ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Улар қадимдан хавфсизлик, хотиржамлик, бойлик ва омад тимсоли ...
Хитойда оилавий муносабатлар
Хитойда оила институти давлат ва жамият барқарорлиги ҳамда равнақининг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этилади. Шу боис уни мустаҳкамлаш масалаларига давлат томонидан алоҳида эътибор ...
Орзулар шаҳри сари
Медиа-тур давомида Пекиндан кейинги йўлимиз Фужоу бўлди. Эртакнамо шаҳар ўзини жозибадорлиги билан бизни ҳайратга солди. Айниқса Хитой ошхонасининг энг сара таомлари Пекинда каби бу ерда ҳам ...
Чин диёри сарҳадлари бўйлаб (очерк)
Тараддуд Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларнинг Хитойга қиладиган ижодий сафари май ойининг ўрталарига тўғри келди. 12 май куни, айтилган ...
Бизни қаршилаган денгиз
Бир ёни дарахтзору, баланд бинолар бир ёни денгизга туташ шаҳарга борарканмиз ҳавонинг иссиқлигига қарамай сувнинг жилоси ўзига тортди. Тезюрар поезда журналистлар жамоаси Сиаменга кириб ...
Тарихнинг келажакка уйғунлашуви
Хитойнинг ўзига ҳос тарихи асрлар давомида ўз сирлилиги билан инсонларни тортади. Архитектурасининг ҳашамдорлигини бошқа бирон давлатда кузатмайсиз. Императорлар давридан буён дунёни лол қолдириб келаётган ...
Сиз эшитмаган ва кўрмаган мўъжизалар
Саёҳатимиз давомида кўплаб қизиқарли тассуротларга, билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Илк бор қадам қўйган мамлакати ҳар қандай одам учун сирли ажойиботлар дунёси бўлиб кўринади. ...
Элни-элга боғлаган “Бир макон, бир йўл” …
Хитой  нафақат  саноати, техникаси ривожланган, қурилиш ва архитектурасининг ноёб ва бетакрорлиги билан донг таратган, балки илм-фан, санъат, маданият соҳасидаги улкан  ютуқлари билан ҳам  дунё ...
Нечта хитой бор?
Хитой- инсоният тақдирини ўзгартирган кашфиётлар, осмонўпар бинолар, яшиликка бурканган тоғлар, буюк Хитой деворининг Ватани. Хитойга Ўзбекистон ОАВ вакиллари билан ҳамкорликдаги ташрифимиз давомида мамлакатни қайтадан кашф ...
Пань Сянь Цзянь: «Обуна – газетачининг иши эмас»
Мамлакат жанубидаги Фуцзянь провинциясида бўлганимизда айнан шу номдаги ҳудудий газета таҳририятига бориб, бош муҳаррир Пань Сянь Цзянь билан учрашдик. Унинг айтишича, Интернет ривожланишига қарамасдан ...