Элни-элга боғлаган “Бир макон, бир йўл” …

Хитой  нафақат  саноати, техникаси ривожланган, қурилиш ва архитектурасининг ноёб ва бетакрорлиги билан донг таратган, балки илм-фан, санъат, маданият соҳасидаги улкан  ютуқлари билан ҳам  дунё мамлакатларини ҳайратга солиб келаётган давлат сифатида маълум ва машҳурдир.

Буни  мазкур давлатга бир ҳафталик сафаримизнинг атиги бир неча соатларини ўтказган  Гуланъюй оролига саёҳатда кўрган мўъжизалар мисолида эътироф этиш мумкин.  Афсонага ўхшайдиган  бетакрор гулларга, ноёб дарахтларга  барканган бу масканга қиёс тополмадик. Бу оролда яшовчи  халқ  унча кўп эмас, аммо келиб-кетувчиларнинг сон-саноғи йўқ. Бу ички туризмнинг ривожланганлигидан далолатдир. Бу орол транспорт воситаларининг шовқинидан ва  зарарли исларидан холи бўлган  мусаффо макон.  Оролга ошиқаётган сув лайнерларининг кети узилмайди.   Бу эса одамларнинг бу оролга интилиши жуда баландлигидан далолат бериб турибди. Ҳатто келин-куёвлар ҳам шу оролга келиб бахтиёр лаҳзаларини суратларда   муҳрлаши  ўзига хос анъанага айланган.  Худди бахт ўлкасига ўхшайди бу орол.

Фото: ni-hao.uz

Оролдаги яна бир хазина билан танишдик.  Мусиқа санъатига ҳурмат бобида ҳам  Хитойнинг ўзига хос тажрибаси борлигига гувоҳ бўлдик. Оролнинг энг юқори  қисмидаги саройда жойлашган дунёдаги энг ноёб Пианино музейидан жой олган     мусиқа асбобларининг турли аср, турли йиллар, турли даврлардан буён сақланиб келаётгани ҳақидаги маълумотлар билан танишар эканмиз, уларнинг  ярқираган ҳолатда худди янгидек сақланаётганлигига ҳавасимиз келди. Оёқ билан чалинадиган  ярим автомат фортопьянолар ҳам музейдан жой олганлиги, мусиқа тарихининг ўтмиши узунлигини кўрсатиб турибди. Ҳар бирининг ўзига хос оҳанги, ўзига хос жаранги борлиги мусиқа оламининг сеҳрини  яна бир карра ҳис этишга ёрдам берди. Мусиқа асбобларининг худди санъат асари сингари авайлаб, асраб келинаётганлиги  бу музейга кирган  миллатидан қатъий назар миллионлаб  кишиларнинг   қалбини ажиб ҳисларга, ширин хотираларга тўлдириши аниқ.

Яна бир жиҳат Хитой цивилизацияси дунёдаги қадимий цивилизация бешиги деб бежизга таърифланмайди. Тилида 80 мингта белги бор. Университетни тугатган ҳар бир хитойлик ўртача 5 минг иероглифни билади.   Регионал диалект бир-биридан фарқ қилади. Уларни ягона  иероглифик  ёзув бирлаштиради.  Ўз тилини ниҳоятда севадиган халқ. Жуда кўпчилиги  Америка, Англия ва  Европа давлатларидаги нуфузли олий ўқув юртларида  таҳсил олган бўлсада, зарурат бўлмаса, ўз тилидан бошқа тилда гаплашмайди.

Фото: ni-hao.uz

Бу давлат қадимий анъаналарни ўз ҳолича, ҳеч қандай бўёқларсиз, таъмирларсиз сақлаб қолишга эришганлиги билан ҳам диққатга сазовор. Ҳатто қадимда  бадавлат хитойликлар яшаган эски ҳовлиларда ҳам тарихий  ва миллий руҳ  борлиги кишини ҳайратга солади.  Худдики музейга айланган дейсиз. Кўришга қизиқувчиларнинг  қадами узилмайди. Ана шундай мўъжаз ҳовлилардан бирида бўлдик. Кичик театр ҳовлиси. Сув устида кичкина саҳна ўрнатилган. Сабаби билан қизиқдик. Бизга таржимонлик қилаётган гид  саҳнанинг сув устида бўлиши сирини  овозни тиниқлаштириб, яхши етказиб беришида эканлигида деб изоҳ берди.

Фото: ni-hao.uz

Хитойга сафаримиз чоғида бизни ҳайратга солган яна бир  илм ва маърифат даргоҳи, Чин мамлакатидаги энг катта дорилфунунлардан бири- Сямэнь университети бўлди.  88 та факультет ва 40 000 нафар талабаси бор бу олий  таълим даргоҳига 1921 йилда бизнесмен-эмигрант Чэнь Цзягэн томонидан ўз маблағлари ҳисобидан асос солинган.  Бир вақтлар  молиявий қийинчиликларга дуч келган чоғида ўз уйларини сотиб,  олий таълим даргоҳини сақлаб қолган ажойиб ватанпарвар инсон билан хитойликлар фахрланади. Унинг ҳайкали бугун университет ҳовлисида виқор билан турибди.  Ана шу ватанпарварлик талабаларга ҳам ўтганлигини университетни битириб кетган  собиқ талабалар ўз ҳисобларидан янги корпус қуриб берганлиги билан изоҳлаш мумкин. Дорилфунунда талабалар учун барча шароитлар яратилган. Университет ҳовлиси кичик бир шаҳарчага ўхшайди. Бир-биридан  маҳобатли ва кўркам  ўқув корпуслари, тарихдан сўзлагувчи музей, кутубхоналар.  Биргина стадионнинг ўзи худди халқаро мусобақалар ўтказишга мўлжалланган  стадионлардан қолишмайди.  Боғлар,  ноёб  гуллар,   ажиб кўл. Ҳаммаси худди афсонага ўхшайди.

Фото: ni-hao.uz

Бу ердаги экологик муҳитни  жаннатмонанд деб таърифласак арзийди. Феникс  “Хумо”дарахтининг сеҳрли хислати ҳам бизни лол қолдирди. Чунки бу дарахт ҳар ўқув йилида икки марта 1-семестр тугаганда  бир бор ва 2-семестр тугаганда иккинчи марта гуллайди экан.  Табиат мўъжизаси.

Сафаримиз чоғида Хитойлик ёшларга ҳам эътибор бердик. Уларнинг  билимли, тиришқоқ ва юксак маънавият соҳиби эканлигига гувоҳ бўлдик. Ёшларнинг одоби-ахлоқи, ғурури  баланд, иродаси кучли.  Кўча-куйда беўхшов  кийинган ёки ўзини енгил-елпи тутган, очиғини айтганда, ҳатто қўл ушлашиб юрган ёшларнида учратмадик. Ахлоқ нормалари жуда кучли.

Пресс-турдаги ижодий сафар Хитойнинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик ассоциацияси фаолияти билан танишиш ила якунланди. Бу ташкилот Хитой халқи билан бошқа мамлакатлар халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган умуммиллий дипломатик ташкилотлардан бири. Жаҳондаги 157 давлатдаги  500 дан ортиқ жамоат ташкилотлари билан дўстона алоқалар ўрнатишга эришган мазкур ташкилот маъмуриятига, бизга сафар давомида ҳамроҳлик  ва таржимонлик қилган ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари  бўйича департаменти масъул ходими Денис  ( Цай Юньчжэ) га,  Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган Журналистларни қайта тайёрлаш марказига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.  Президентимиз томонидан илгари сурилган ғояларнинг амалдаги ижроси сифатида барча соҳаларда жаҳон тажрибасини ўрганиш, хориж мамлакатлари билан тажриба алмашиш журналистларга ҳам ижодий юксаклик, илҳом бағишлаши шубҳасиз.

Фото: ni-hao.uz

Тош маданияти боғи,  Чой музейига ташриф,  махсус чой  маросими,  тантанали қабуллар, ҳайратга сазовор аттракцион ўйинлари, император аёлга кўзгулик қилган  тарихий катта тош ойна,  маҳобатли кўприклардаги гул чаманлари, яшил тоғлар, бетакрор қиёси йўқ гуллар,  шовуллаб турган денгиз тўлқинлари, тезюрар поездлар, ўзига хос авиалайнерлар, латофатли стюардессалар, беш юлдузли меҳмонхоналарнинг самимий ва меҳмондўст ходимлари, Хитой халқи учун энг қимматли нондек азиз- гуруч, денгиз ўтларидан тайёрланган антиқа таомлар…, энг муҳими, очиқ чеҳрали, меҳнаткаш, оламшумул ихтироларнинг ижодкори бўлган  Хитой халқи, ҳамма-ҳаммаси Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни ёдга солиб туради, ҳеч қачон  унутилмайди…