Тошларда акс этган муҳаббат (фото)

Хитойга борганимизда ҳар бир ташкилот ва корхона дарвозасининг икки ёнида афсонавий жониворлар ҳайкаллари ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Улар қадимдан хавфсизлик, хотиржамлик, бойлик ва омад тимсоли ҳисобланган, инсонларни турли офатлардан, хатарлардан асраб бахт ва омад фаришталарини чорлаб турган. Ҳозир ҳам хитойликлар бу тош маъбудлар ҳар бир жамоани, оилани ташқи душманлардан ҳимоя қилишига ишонишади.

Хитойнинг бир қатор шаҳарларида тош ҳайкаллар парклари барпо этилган экан. Бу масканлар доим меҳмонлар билан гавжум, асосан халқ вакиллари айланиб юришади. Менинг эътиборимни бу ерга ўз набиралари билан сайр қилишга келган қариялар тортди. Улар кичик авлодларга қадимги ёдгориклар ҳақида эртаклар сўзлаб беришмоқда эди.

Бизни Сямень шаҳридаги «Huihe» номли тош ҳайкаллар истироҳат боғига олиб боришганда ҳарсанглардан яратилган бетакрор санъат намуналарини кўриб, ҳайратимиз юз чандон ортди. Бу ерда турли асрларда тошга сайқал бериб ишланганган юзлаб катта-кичик ҳайкалларни кўрдик.

Битта ажойиб ҳайкал айниқса эътиборимни тортди. Унда кекса эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббат ва садоқат акс этган. Бобо меҳр билан бувининг сочини тараб ўтирибди. Бу санъат асари ишқ-муҳаббат туйғусининг абадийлигига, ёш чегараларини писанд этмаслигига ишора қилиб турибди.