Хитой Марсга илк миссиясини бошлади

Хитой Марс сайёрасини ўрганиш учун Tianwen-1 зондини учирди. Сайёра юзасига чиқиш учун етти ой керак бўлади. Агар миссия режадагидек амалга оширилса, зонд 2021 йилда Ерга биринчи маълумотларни юборади.

Хитой ҳукумати Марсни тадқиқ қилиш учун биринчи зонд Tianwen-1 ни учирди. Long March-5 ракета аппарати 23 июль куни жанубий Хайнан провинциясидаги «Вэньчан» космодромидан учирилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зонд сайёра юзасига етиб бориши учун етти ой керак бўлади. Агар парвоз режадагидек амалга оширилса, зонд 2021 йилда Ерга илк маълумотларни юборади.

Апрель ойида Хитой Марсни тадқиқ қилиш бўйича биринчи миссияси Tianwen-1 («Осмонга саволлар») деб номланиши ҳақида эълон қилган эди. Режалаштирилган миссия Марс орбитасига етиб чиқиш ва айланиш, қизил сайёра юзасига қўниш ва Марс бўйлаб ҳаракатланишни ўз ичига олади.

Агар миссия муваффақиятли бажарилса, олимлар атмосферани, топографияни, геологик хусусиятларни, сайёра магнит майдонининг хусусиятларини ўрганиши мумкин, бу эса Марснинг келиб чиқиши ва эволюцияси тўғрисида ва бутун қуёш системаси тўғрисида маълумот олишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, миссиянинг асосий мақсади — Марсда ҳаётнинг белгиларини топиш, шунингдек, келажакда ушбу сайёрада инсон яшаши учун мос шароитлар юзага келиш эҳтимолини ўрганишга қаратилган.

ХХР миллий космик бошқармаси бошлиғи Ву Яньхуанинг айтишича, бундан ташқари Хитой Юпитер сайёраси ва унинг атрофида ҳаракатларувчи астероидлар тизимини ўрганиш учун ҳам зонд юборишни режалаштирган.