Бугун Шанхайда халқаро медиафорумнинг танишув кечаси бўлиб ўтди. Илгари форумга 40 та мамлакат журналистлари келмоқчи деб хабар берилганди. Сўнгги кунлар унинг ишида қатнашмоқчилар сони кескин ошган. Расман 103 мамлакат журналистлар уюшмаларининг раҳбарлари, дунёнинг энг машҳур ва йирик ахборот агентликлари, телерадиокорпорация, босма нашрлар, интернет сайтлар раҳбар ва вакиллари иштирок этаётгани эълон қилинди.
Бугунги тадбирда Хитойнинг бир неча министрлари, Компартия масъул раҳбарлари, Америка, Европа, Осиё ва Австралиянинг матбуотга дахлдор 20 дан ортиқ министрлари ва дунё танийдиган журналистлар қатнашди. Улар сафида бўлмоқлик мен учун жуда масъулиятли эди. Қозоғистон Давлат телерадиокомпанияси раиси Эрлан Карин билан самимий суҳбатлашдик. Россия Давлат Телерадиокорпорацияси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли журналист, Россия Президенти ҳақидаги «Владимр Путин» туркум ҳужжатли фильмлар, Сурия, Донбас, Афғонистон каби уруш ҳаракатлари кетаётган қайноқ жойлардан фильмлар тайёрлаган Андрей Кондрашев билан ҳам учрашиб ҳамкорлик масалаларида фикр алмашдим.
Эртага медиафорум расман очилади ва бизни ғоят қизиқарли маърузалар кутмоқда. Бугун Шанхай гўё дуне матбуотининг пойтахтига айланган.