Видео: Фарғона қоятошларида тасвирланган «ғайритабий мавжудотлар»

Аждодларимиз отга минибдики, ғанимлари томонидан бир ҳақиқат боб-бот эсланади: “Туркийларни енгиш учун аввал уларни отдан туширмоқ керак!”….

Қадимги даврдан Римдан Хитойгача бўлган мамлакатларда Ўрта Осиёнинг «саман отлари» тенги йўқ ҳисобланган. Бу отлар ҳозирги ахалтекин, қорабайир отларнинг аждодлари эди. Қадимги манбаларда «ғайритабиий мавжудотлар», «илоҳий отлар», «осмон отлари» деб аталган Ўрта Осиё отларининг шон-шуҳрати айнан милоддан аввалги минг йилликка бориб тақалади.

Бундай отларни етиштиришда Парфия, Бақтрия, Фарғона, Чоч (Тошкент воҳаси) йилқичи-наслчилари донг чиқарган эдилар. Отлар ҳаттоки ўзаро урушларга, босқинчилик юришларга ҳам сабаб бўлган. Мисол учун, милоддан аввалги 104 ва 101 йилларида Хитойнинг Хан империяси қўшинларининг қадимги Фарғонага қилган ҳарбий юришига ҳам отлар сабаб бўлган.

МАВЗУГА ОИД:

Тарихий манбаларда қайд этилишича, бундан 21 аср муқаддам Хитой императори элчиси Фарғона водийсига келган. Бу ернинг жўғрофий тузилиши, табиати, ўсимликлари, халқининг урф-одатлари, касб-кори ҳақида ёзиб қолдирган. У ўзи билан узун оёқли қорабайир наслли учқур отлардан, узум, ёнғоқ уруғи ва кўчатидан олиб кетган. Императорнинг буйруғига кўра бу кўчатлар Хитойда маҳаллийлаштирилган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таклифи асосида Хитой марказий телевидениесининг “CCTV-4” канали ижодкорлари сайёҳлик салоҳияти, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари ҳақида лавҳалар тайёрлаб, элчи босиб ўтган манзилларни ҳам тасвирга туширди. Хусусан, Қувасой шаҳридаги “Водий тулпорлари” қорабайир от наслчилик мажмуаси уларда катта таассурот қолдирди.


Хитой Ғарбий Хан империясининг ҳукмдори У-ди атрофдаги қабилаларни ўзига итоат эттириб, уларнинг ерлари ҳисобидан Хитой ҳудудини кенгайтирмоқчи бўлган. Шу мақсадда ҳарбий иттифоқ тузиш учун Марказий Осиёда йирик империя, яъни Кушонлар империясига элчи юборади.
Хан ҳукмдори юборган элчи Жанг Чян Кушонлар империясига келиб кетгач, Марказий Осиё халқлари ҳақида, жумладан, қадимги Фарғона давлати ва бу ердаги хитойларга маълум бўлмаган самовий отлар ҳақида маълумот беради.

Хитой манбаларида Фарғона отлари ҳақида афсоналар ҳам тўқилган: «Фарғонада мамлакат чегарасига яқин ерда бир баланд тоғ бор. Бу тоғ устида ушлаб бўлмайдиган от бор экан. Рангдор урғочи отни ушбу тоғ этагига жойлаштириб, шу отдан болалатиб олишган экан. Туғилганда тойчадан қонсимон тер оқиб турган экан, шу боис унга Тангри оти деб ном қўйилган экан».

Фарғонанинг «қон терли отлари» деб аталган бу отларнинг бўйи баланд, танаси бақувват, лекин ихчам тузилган, бўйни оққуш сингари қайрилган, қирғийбурун бошли бўлган. Ушбу отларнинг тасвири Фарғона қоятошларидаги суратда – Аравон қоясида, Марҳамат яқинида, Новкат водийсида ва Обиширда, Айирмачтов тоғ тизмасида тасвирланган. Қояларда тасвирланган отларнинг аксарияти чайир, яғрини баланд, оёқлари алифдек, мўъжазгина каллали, узун оҳиста эгилган бўйинли.

Хитойдаги отлар жуссаси кичик, оёқлари калта, тез чопа олмас эди. Шу боис император элчилар орқали 1000 жинг (ҳозирги ҳисобда 500 кг) олтин ва олтиндан ясалган от ҳайкали юбориб, Фарғона ҳукмдоридан булар эвазига зотли отлардан беришни сўраган. Бироқ Фарғона ҳукмдори бебаҳо отларни бермаган. Бундан жаҳли чиққан У-ди қўшини Фарғонага икки марта ҳарбий қўшин юборди.

Иккинчи юришда фарғоналиклар билан сулҳ тузилиб, ўнтача зотли тез чопар отлар ва уч мингдан ортиқ ўрта ҳол отлар олиб кетилади.
Бу отларнинг Хитойдаги бугунги тақдири ҳақида журналист Муҳаммаджон Обидов Хитойга қилган сафарида шундай ёзади: Урумчида ЕМА корпорацияси бўлиб, унинг мўъжизалар майдонига айланган кўргазма боғларини ҳар йили минглаб сайёҳлар ҳайрат билан томоша қилади. У шу ерда Фарғонадан келтирилган, ҳар бир арғумоққа нақшинкор эшикли алоҳида хона, уч-тўрт эшик олдида биттадан отбоқар борлигини кўрди. Отчопар пештоқида Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон байроқлари хилпираб турарди, хитой тилида «Бу ерда Фарғона наслли отлари боқилади» деб ёзилганди.

Сайёра Шоева