Шанхайда China International Import Expo— биринчи халқаро импорт товарлари ва хизматлари кўргазмаси ўз ишини бошлади. Унда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан келган ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, инновацион ғоялар маркази вакиллари ва инвесторлар иштирок этмоқда.
Хитой хукумати Шанхайга дунёнинг барча қитъаларидан ОАВлар, таҳлил маркази мутахассисларини таклиф этди ва бу анжуманни Халқаро медиафорум деб атади. Дунёнинг 600 дан зиёд оммавий ахборот воситаси ва таҳлил марказлари вакиллари ҳузурида Хитой раиси Си Цзиньпин, Россия бош вазири Дмитрий Медведев нутқ сўзлади. Умуман, Expo ва медиафорумда 10 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.
Шундан сўнг дунё иқтисоди ва у билан боғлиқ мавзуларни ОАВда ёритиш масалаларига бағишланган халқаро медиафорум иши бошланди. Биринчи бўлиб сўзга чиққан Хитой матбуот канселярияси вазири Хуан Кунминга кўра, Хитой очиқ иқтисодий сиёсат йўлини танладик. Чунки ташқи бозор иштирокисиз мамлакат мақсадига эриша олмайди. Бу йил Ден Сяопин бошчилигида Хитойда очиқ иқтисодий сиёсат йўлига ўтилганига 40 йил тўлди. Бу даврда Хитой қолоқ давлатдан дунёнинг юксак иқтисодиётга эга мамлакатга айланди. Ҳар бир давлатнинг миллий манфаатларлари бор, лекин матбуотдаги иқтисодий таҳлил холис бўлиши лозим. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги керак.
Япония матбуоти раҳбарларидан бири Шинон Кита Америка—Хитой «савдо уруши» матбуотдаги мезонларга таъсир кўрсатаётганини кузатяпмиз, Осиё давлатлари ОАВлари форумини ташкил этиб, мавжуд муаммоларни биргаликда муҳокама қилишга чақираман, деди.
—Давлатлараро муносабатларда иқтисод сиёсатга нисбатан устуворлик касб этяпти, шунинг учун биз махсус иқтисодий масалаларни ёритадиган телеканал очдик, — таъкидлади ХХР телерадиокорпорацияси раҳбари Жен Жаижонг.
Россия вакили Александр Бистрицский муҳим масалани ўртага ташлади.
— ОАВдаги ахборот доим ҳам хақиқатни акс эттиролмайдиган замонда яшаяпмиз. Бу дунёдаги зиддиятлар ва давлат манфаатини юқори қўйиш билан боғлиқ, — деди у. — ОАВдаги аслида ҳақиқатдан йироқ маълумотлар туфайли давлат раҳбарлари баъзида хавфли қарорлар қабул қиляпти. Оммавий ахборот воситаси ўз чиқишларида ҳақиқатни ёлғондан ажратиб бериши керак.
Шанхайдаги Эхпо кўргазмаси ва медиафорум давом этмоқда.