Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова маълум қилди.
«Вазирлик ҳам хитойлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиб келди. Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг дастлабки синов босқичлари муваффақиятли ўтказилгани боис унинг сўнгги — учинчи клиник синов босқичларини Ўзбекистонда ўтказдик.
Таҳлил ва ўрганишлар кўрсатяптики, вакцина — мутлақо хавфсиз ва уни қабул қилган инсонда 95-97 фоиз антитаначалар шаклланади.
Ушбу вакцинани шахсан ўзим ҳам оиламиз орқали синовдан ўтказганмиз. Синовда қатнашган 7 минг кишининг ҳеч бирида ҳеч қандай ножўя таъсири сезилмаган. Балки аллергик таъсирлар сезилиши мумкин, укол қилинган жойлар қизариши мумкин, бироқ бундан қўрқмаслик керак.
Коронавирусни енгиб ўтишнинг ягона йўли — вакцина қабул қилиш. Шу боис аҳолини вакцинация жараёнида фаол иштирок этишга чақираман», — деди вазир ўринбосари.