Конфуций: ”Тинчлик ва соғлом ҳаёт эгизак”

Конфуций (тахаллуси) асл исм-шарифи Кун Цзи милоддан аввалги 551-479 йилларда яшаган. Қадимги Хитой мутаффаккири бўлиб,ҳатто кўҳна Юнонистон, Рим, Мисрда ҳам “қадимги дунёни етти донишмандидан бири” дейилган.

Конфуцийлик дини асосчиси дейилувчи Конфуций умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаб, ўз мактабини очади ва унинг асосий қарашлари “Суҳбат ва мулоҳазалар” (“Лунь юй”)  китобида баён этилган. Китоб матни асосан ҳикматлардан иборат. Конфуций таълимотининг асосида инсонпарварлик (“жэнь”) ётган.  Унга кўра одамлар аҳлоқий ва ижтимоий муносабатларда ёши улуғларни ҳурматлашлари, бир-бирларига олийжаноб муносабатларда  бўлишлари, соғлом турмуш тарзига амал қилишлари лозим. Қуйида   буюк донишманднинг саломатлик ҳақидаги ҳикматларидан баъзи-  ларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  •  Тинчлик ва соғлом ҳаёт эгизак. Уруш бўлаётган жойда хотиржамликка ўрин қолмайди. Бир лаҳзада хатар келиши, киши ногаҳон соғлиғидан ажраши, бевақт ўлиши мумкин. Урушдан нафратланинглар.
  • Аёл хонадонини озода жой, мустаҳкам соғлик қўрғонига айлантиришда етакчи ўринда туради.
  • Соғлиғини асрай деган ўзини кўп диққатчилик, кўп овқат, кўп уйқу,  кўп ҳаракатсизликдан асрай билиши керак.
  • Қайнатилган сув ичиш ва унда чўмилиш саломатликни сақлашнинг энг оддий усулларидан.
  • Тонгда бадантарбия билан шуғулланиб, оқшомда тоза ҳавода сайр  этувчиларнинг ҳеч биридан соғлиғи ҳақида шикоят эшитмадим.
  • Босиқлик улуғ фазилатлардан. Жаҳл чиққанда ўзни жиловлай олмаган одам сиҳатига зарар етказишидан ташқари ножўя ишлар содир этиб қўйиши мумкин.
  • Биринчи галда фуқаролари соғлиги учун қайғурмайдиган хукмдор   шу юксак мартабага аслида муносиб эмас.
  • Бемор шифолар ва умид-иродаси билан соғликка эришар.
  • Шифокорни тили, қўли, сўзи, юзидан меҳр ёғилиши керак. Меҳр ҳам  дардларга даво, саломатликка етказувчи беминнат шифо.
  • Ота-она, устоз фарзандга соғликни сақлашни ўргатиши керак.

                                                              Жаҳонгир Холиқов тайёрлади.