2006 йил, 14 июн. Мамлакат Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида иштирок этди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бундан беш йил муқаддам айнан мана шу шаҳарда ташкил топган эди. Шу фактни инобатга оладиган бўлсак, мазкур учрашув, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос юбилей кенгашининг Шанхай шаҳрида ўтказилиши алоҳида рамзий маънога эга эканини тушуниш қийин эмас, албатта.
Шунингдек, саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Сзинтао билан учрашди.
Мулоқот чоғида икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга ўтган йилги давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар, хусусан, Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисида имзоланган давлатлараро шартнома ҳамкорликни янгибосқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Якунда, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Хитой раҳбарлари «Дўстлик дарахти»ни экдилар.