Дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири — «Жэньминь Жибао» газетаси саҳифаларида Ўзбекистон ва Хитой Халқ республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб шу сарлавҳа остида мақола чоп этилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Материалда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар соҳалардаги алоқалари натижаси, томонларнинг БМТ, ШҲТ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги ёритилган.
Мақолада қайд этилишича, ўтган 30 йиллик давр Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик тарихида ёрқин саҳифани ташкил этади. Ўзаро муносабат стратегик шериклик даражасигача кўтарилган, кенг кўламли шериклик кўплаб соҳаларни қамраб олган.
Олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот барча йўналишлардаги ҳамкорликнинг энг муҳим омили сифатида таъкидланади.
Муаллиф савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижасига юксак баҳо бериб, Хитой ўзбек товарлари учун энг йирик экспорт бозори ҳисобланишига урғу беради:
2021 йил давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 7,4 миллиард долларни ташкил этди.
Чин мамлакати Ўзбекистонга 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. Тўғридан-тўғри Хитой инвестицияси республикамизнинг нефть-газ ва кимё саноати, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа тармоқларига йўналтирилмоқда.
Шериклик жараёнида соғлиқни сақлаш ва камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, «Жэньминь Жибао» газетаси ўқувчиларни Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ютуқлар билан ҳам таништиради.
Қайд этилишича, ўтган йил “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” муваффақиятли амалга оширилгани эълон қилинди. Сиёсий, ҳуқуқий соҳаларни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ҳамда маданият ва таълим соҳаларида салмоқли ютуқларга эришилди.
«Умуман олганда, дипломатик муносабатнинг 30 йиллиги Ўзбекистон — Хитой стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш йўлида янги бошланиш нуқтасидир», — дея хулоса қилади нашр.
Хитойнинг энг нуфузли ахборот платформаси ҳисобланган «Жэньминь Жибао» халқаро миқёсда ҳам етакчи газеталардан бири саналади.
1948 йилда ташкил этилган нашрнинг адади айни пайт 3 миллиондан ошган. Жамоанинг мингдан зиёд журналисти турли мамлакатлардаги 70 та мухбирлик бўлимида фаолият юритади. Газета хитой, рус, инглиз, япон, француз, испан, араб, мўғул, тибет, уйғур, қозоқ, корейс ва чжуан тилларида чоп этилади.