Сирдарёлик Муроджон Кенжабоев турмуш ўртоғи хитойлик Ли Тинг билан ўзбекистонлик ва хитойлик талабалар ўртасида «Меҳр-мурувват» акциясини ташкил қилиб, Сардобада жабр кўрган аҳолига 20 минг дона тиббий ниқоблар етказиб берди.
Мурод Кенжабоевнинг айтишича, ҳозирда иккинчи ёрдамга тайёргарлик олиб борилаяпти. «Пуллар яна йиғиляпти. Иккинчи ёрдам 8-9 май санаси атрофида яна ташкил этилади», – деди у биз билан суҳбатда.
Кенжабоев Ўзбекистонга келган хитойлик шифокорларга таржимонлик қилган ва ҳозирда карантинда бўлиб турибди.
Ёдингизда бўлса, «Инсон ўз бахти учун масофадан қўрқмаслиги лозим». Хитойлик қиз Сирдарёга келин бўлди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Мақола кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, ижтимоий тармоқларда фикр билдирганлар орасида тўйдан кейин қайнона ва келин муносабатларига қизиқиш билдирганлари ҳам етарлича эди. Дарҳақиқат, келин бошқа миллат вакили бўлиб, тил ва маданият жиҳатдан фарқ қилиши – ўзбек хонадонларида кўп ҳам кузатилавермайдиган ҳолат.