Минг йиллар давомида Хитой ва Ўзбекистон халқлари “Чунжие” ва Наврўз байрамини янгиланиш ва яшариш айёми сифатида кенг нишонлаб келади. Бу байрам она табиатнинг бор улуғворлигини намоён этади.
Баҳор фасли — йилнинг ҳал қилувчи фасли, деб бежиз айтилмайди, чунки бу даврда ерга уруғ қадалади, келгуси йил учун режалар тузилади. Бу эса қалбларни янги умидлар билан тўлдиради.
Ўтган йил Ўзбекистон учун ҳам, Хитой учун ҳам муҳим бўлди. Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланди ва Президент сайлови муваффақиятли ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ манфаатларини таъминлаш йўлида турли жабҳаларда амалга ошираётган ислоҳотлари натижасида юрт қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда, аҳоли ўртасида бахт ва мамнунлик туйғуси кучаймоқда. Мамлакатингизда “Янги Ўзбекистон” қуришга ишонч билан киришилди.
2021 йилда Хитой Коммунистик партияси ташкил этилганининг юз йиллик юбилейи тантанали равишда нишонланди. Бир асрга мўлжалланган қашшоқликка қарши қизғин курашда ғалабани белгиланган вақтда қўлга киритди. Ўртача турмуш даражасидаги жамият барпо этилгани расман эълон қилинди, модернизация қилинган социалистик давлатни қуриш мақсадига эришиш йўлида янги ҳаракатлар бошланди.
2021 йилда бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемияси тарқалишига қарамасдан, Хитой ва Ўзбекистон кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлади. 2021 йилда Хитой ва Ўзбекис-тон маҳсулот айланмаси ҳамда инвестициялар ҳажми мос равишда 7,44 млрд. ва 2,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 15,5 ва 83,3 фоизга ошди. Бир қатор янги қўшма лойиҳалар ишга туширилди. Ўзбекистонда ҳамкорликда ишлаб чиқаришга жорий этилган -“ZF-UZ-VAC2001” вакцинаси эмлаш режалаштирилаётган аҳолининг 76 фоизини эмлаш учун ишлатилди. Хитой томонидан ишлаб чиқилган COVID-19га қарши “VV116” препарати Ўзбекистонда фойдаланиш учун расман тасдиқланди.
Жорий йилнинг февраль ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилги Пекин қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиб, ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбарлари сўнгги 30 йил ичида Хитой — Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш якунларини сар-ҳисоб қилдилар, истиқболда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдилар.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама муносабатлари янги бошланғич нуқтада турибди. Наврўз — бетакрор баҳор байрамини нишонлар эканмиз, биз, ўзбек дўстларимиз билан икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрмиз.
Ўзбекистон халқини кириб келаётган баҳор байрами — Наврўз билан чин қалбимдан табриклайман. Бахт-саодат, соғлиқ ва барча ҳаракатларингизда муваффақиятлар тилайман. Ушбу байрам сизга, оилангизга ва дўстларингизга фаровонлик, ғайрат-шижоат ва завқ олиб келсин!
Цзян Ян,
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси.