Иш юзасидан Хитойга кўп бориб турамиз. Бу гал офис учун мебел қидириб йўлга тушдик. Кўпчилик билади, Хитой шаҳарларида ихтисослашув бор. Яъни ҳар бир шаҳар нимагадир ихтисослашган. Масалан, Гужен — чироқлар шаҳри. У ердан сиз хоҳлаган лампангизни топишингиз мумкин. Ёки Жежианг провинсиясини олайлик. Жежиангда ҳамма ёппасига парда ишлаб чиқаради. Хуллас, биз ўзимизга керакли мебел шаҳри— Фошанга етиб келдик.
Қатор-қатор мебел дўконлари шу қадар кўпки, ҳафталаб айлансангиз ҳам тугай демайди. Эрталабдан то кечга қадар бозор айланиб, меҳмонхонага чарчаб қайтамиз. Сафаримизнинг биринчи куни бизни бозорга элтиб қўйган такси ҳайдовчиси мени таржимон эканлигимни билиб, исмимни сўради. Хитойча исмимни айтдим. У ҳам ўзини таништирди ва “инглизча исмим Жек”, — деб қўшиб қўйди. (Хитойча талаффуз чет элликларга қийинчилик туғдиргани учун кўпчилик хитойликлар ўзларига инглизча исм қўйиб олишган).
Жек қаерлик эканимизни сўради.
— Ву зи бие ки си тан, — дедим фахр билан.
У тушунмасдан “Ҳа са ке си тан — деди (Қозоғистонни назарда тутиб).
— Йўқ, Ўзбекистон, — дедим.
— Ишқилиб, ўша 5 та “истон” дан бирида, — деди у.
Ўзбекистонни билишмаслигидан жуда жаҳлим чиқди… Манзилга етгач, ундан рақамини сўрадим. Қайтишда бизни меҳмонхонага ўзи олиб бориб қўядиган бўлди. Шундай қилиб 2 кун бизни айтган жойимизга обориб, олиб келиб юрди. Учинчи куни иши чиқиб қолгани учун келолмаслигини, ўрнига бир ҳайдовчи дўстини юборишини айтди. Дўсти ҳам ўзига ўхшаган шинаванда йигит экан. Йўл бўйи у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетдик. Манзилга етай деганимизда: “Яна 3-4 кун Хитойда бўламиз, телефон рақамингни бер. Такси керак бўлса, сенга телефон қиламиз” – дедим. У “Йўқ, сен Жекнинг мижозисан. Бугун менга ишониб олдингга жўнатди. Aгар ундан мижозини олиб қўйсам, эртага кўзига қандай қарайман”, — деб жавоб берди. Ҳеч нарса деёлмай қолдим. Машинадан тушиб меҳмонхонага кирарканман, ўйлаб қолдим:
— Инсоф Хитойда ҳам инсоф экан-да!..
Дарҳақиқат, миллатнинг ёмони бўлмайди, бошқарув бошқа масала…
Зилола Наврўзова,
Манба: azon.uz