Дарахтлар инсондек азиз ёки гул кўкарган тошларни кўрдик… (фото)

Хитой нафақат  қадимий цивилизация бешиги, балки бетакрор табиат, ноёб дарахтлар, турфа гуллар макони ҳам. Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларнинг ижодий сафаримиз  пойтахт Пекин шаҳридан бошланди.

Фото: ni-hao.uz

Осмонўпар бинолари кишини ҳайратга соладиган  бу шаҳарда 20 миллион аҳоли истиқомат қилади. Пойтахтдаги юксак маданиятнинг қиёси  ҳамма давлатда ҳам топилмаслиги аниқ.  Йўлларни тўлдириб, машиналар сувдай оқади. Хитой Халқ Республикасига ижодий сафаримиз давомида қайси  провинцияга, қайси шаҳарга, қайси районга бормайлик, йўл бўйи  яшил олам ва гуллар кўзларимизни қувонтирди. Дарахтларга муносабатни кўриб, биздаги кейинги йилларда  дарахтларга  кўрсатилаётган  “ марҳамат”дан   кўнглимиз бироз  чўкди.

Фото: ni-hao.uz

Гарчи, статистик маълумотларга қараганда, 1 гектар аралаш дарахтлардан иборат майдон бир йилда 3 тонна кислород  ишлаб чиқариб, 54 тонна чанг ва 5 тонна СО2 ни ютиши аниқ бўлишига  қарамасдан юртимизда дарахтларни   кўп қаватли уйлар қуриш, савдо ва бизнес  иншоотларини барпо этиш  учун ноқонуний кесиш ҳолатларига барҳам берилмаётганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда минглаб, миллионлаб  тирик дарахтлар кесилиб, барбод бўлгани ёлғон эмас, рост.

Фото: ni-hao.uz

Хитойликлар эса биздан фарқли ўлароқ,  дарахтларни кўз қорачиғидек асрашни муқаддас бурч деб билишади. Ҳар бир дарахт, ҳар бир гиёҳни асраб-авайлаш бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратилганлигини кўриб, дарахтларнинг  қалбига қулоқ солишни хитойликлардан ўрганиш  керак, деган хулосага келдик.

Фото: ni-hao.uz

Дарахтларни шамоллардан, тўфонлардан асраш учун катта- кичиклигидан  қатъий назар ҳар битта  дарахт учун махсус  ҳимоя   чўп  тиргаклари  қилинганлиги муболаға эмас, кўзимиз билан кўрган ҳақиқат.  Агар миллионта дарахт бор  бўлса, барчасида ана шундай ҳимоя тиргаклари ясалганлигини кўриб, рости кўзларимизга ишонмадик. Худди боласини бўронлардан асрагандек, дарахтларни  табиат инжиқликларидан асраётган  хитойликларнинг энг катта ютуғи  — меҳнаткашлиги бўлса, яна бир ютуғи- табиатга меҳрли муносабатини  алоҳида  эътироф этиш зарур.

Фото: ni-hao.uz

Мамлакат пойтахти Пекин шаҳридан токи,  Фуцзянь провинцияси, Фучжоу, Сямэнь шаҳарларигача йўллар бошдан оёғигача гулларга бурканган. Дарахтларнинг шаклига қараб, санъат асарини кўргандек завқ оласиз. Бетон кўприклардан  пастга   осилиб турган  анвойи  гулларни кўриб, табиат гўзаллигига тан бермай иложингиз йўқ.  Ҳатто тошларда ҳам гул кўкарганидан  ажиб баҳра оласиз.

Фото: ni-hao.uz

Бир сўз билан таърифлаганда, табиатга муносабат инсонга муносабат билан тенг.  Кўчалар, маъмурий идоралар ҳудуди гулларга ўралган. Гулсиз кўчанинг ўзи йўқ . Шунинг учун ҳам Хитойни боғлар ва гуллар   мамлакати дейишади.  Бу мамлакатда   ўзимизнинг жийдага ўхшаб дарахт бўлиб кетган гули ҳам энг  ифорли гуллардан ширин османдус, кўзларга завқ бағишлайдиган  Тан сулоласи даврида  V111 –X асрда пайдо бўлган бонсай табиатдан  гул тувакка олинган. У   императорнинг топшириғига биноан барча шаҳар ва районлар, қишлоқларни кўркам   санъат даражасидаги гулларга буркаш ғоясига асосан яратилган санъат асари дейишга арзийди.

Фото: ni-hao.uz

Нилуфаргулларнинг  нафақат ложувард кўлларда, балки меҳмонхоналар, деярли барча корхона ва идоралар ҳудудида гўзал товланиб туриши  бу гулларга меҳр бошқача эканлигидан далолат бериб турибди. Хитойнинг гул боғлари ўз гўзаллиги билан ҳар қандай кишини мафтун қилади. Хитой гулларининг  нафислигини битта мақолага  сиғдириш қийин албатта.  Шунинг учун бугун  фақат энг кўп учрайдиган таниқли ва  севимли гуллар билан танишамиз.

МЭЙХУА

Мэйхуа –  ёввойи олхўри гули.  Бу гул Хитойдаги энг ҳурматли гуллардан бири ҳисобланади. Мэйхуа-  миллий гуллардан бири.  У  қишнинг охирида ҳали борлиқ қор қўйнида ухлаб ётганда гуллай бошлайди. Унинг беш япроғи Хитойнинг бешта халқини—хитой, манжур, монгол, мусульмон ва тибет халқи рамзидир.

Фото: bolshoyvopros.ru

Бу гул қишда гуллай бошлайди. Барг чиқаришдан олдин гулга киради. Хитойнинг деярли  барча  ҳудудида уни учратиш мумкин.  Бу гул  3 минг йилдан  ортиқ вақт мобайнида маълум ва машҳурдир. Унинг 230 дан ортиқ  тури мавжуд.

МАГНОЛИЯ

Магнолия –ҳар  қандай боғнинг  безаги бўладиган,   ниҳоятда нозик ва гўзал  баҳор гулларидан.  У бетакрор гўзаллиги ва ёқимли ҳиди билан  кишини мафтун этади. Марказий Хитойда ўсади.

Фото: greenmarket.com.ua

Катта-катта оппоқ,  пушти рангли ва қаймоқ рангдаги гулдасталар  очилиб ётган дарахтлар  ҳақиқий мўъжизанинг ўзи дейсиз.

ПИОН

Хитойда Пиондан  алоҳида меҳр ва ҳурмат билан фойдаланишади. Бу мамлакатда пионнинг 300 дан ортиқ тури мавжуд. Бу гулнинг Хитойда етиштирилаётганлигига 1500 йилдан ошди. Узоқ йиллар мобайнида ёввойи ўсимлик ҳисобланган бу гул, хитойлик боғбонларнинг  машаққатли меҳнати туфайли  гўзал боғ гулларига айланди.

Фото: Жемчужина дракона

Хитой пионлари энг ёрқин рангларга эга. Оқ, сариқ, пушти ранг, қизил,  сиёҳ рангли пионлар хиёбонларнинг кўркига кўрк қўшмоқда. Энг  чиройли пионлар коллекциясини Лоян шаҳрида  учратиш мумкин..   Бу шаҳарга Хитойнинг турли бурчакларидан одамлар  пионларнинг бетакрор гулларидан завқланиб баҳра олиш учун келишади.

ОРХИДЕЯ

Орхидея – ҳамиша ям-яшил ва  мафтункор гуллайдиган ўсимлик . Хитойда  бу гулнинг 300 дан ортиқ тури ўсади. Гулларининг япроғи  ажиб шаклларга эга. Бир  мэйхуа гулига, яна бири нилуфар гулга, бошқаси эса нарциссга  ўхшаб кетади.

Фото: LiveJournal

Ранглари турфа хил- оқ, сариқ, сирен рангли, яшил.  Орхидея гуллари жуда ширин ва  нозик ҳид  таратади.  Хитойликлар орхидеяга хризантема, мейхуа ва бамбук билан бирга тўрт олий навли ўсимлик сифатида қарайди.

НИЛУФАРГУЛ

Нилуфар  гул Хитойда  7 минг йилдан зиёд йиллар мобайнида ўстирилади. Унинг гуллари оддий ҳамда патли, оқ, қизил, яшил ва сирен рангли бўлади.

Нилуфаргулнинг 90 хили мавжуд бўлиб, унинг  ярмидан кўп тури Хитойда ўсади. Хитойликлар  бу гулни озодалик,  оқиллик  ва.  унумдорлик  рамзи деб  ҳисоблайди

САРИҚ  АТИРГУЛ

Сариқ атиргул дунёдаги энг гўзал гуллардан бири.

Уни бежизга гулларнинг шоҳи деб таърифлашмайди.  Бу гулнинг ватани ҳам Хитой.  Жаҳонда унинг 20 мингдан ортиқ  тури мавжуд.

Маруса  ҲОСИЛОВА,

журналист