Журналист Барчиной Жўраева «Фейсбук»даги саҳифасида Пекиндаги йирик китоб дўкони ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Ёшлар китобдан узоқлашди, дейишади. Лекин бу гап технологияларга муккасидан кетган хитой ёшлари ҳақида бўлмаса керак, деган хулосага келдим. Пекин шаҳрининг Ванфуцзын кўчасидаги йирик китоб дўкони ҳақиқий дам олиш маскани. Нафақат китоб сотиб оласиз балки шу ернинг ўзида ўқиш, ишлаш ва дам олиш учун ҳам шароит бор. Айниқса ота-оналар, буви ва буваларнинг кичкинтойларни шу ерга олиб келиб, эринмай китоб ўқиб бераётганини кўриб қойил қолдим. Болалар бўлинмасининг безак ва шароитларини ҳам боплашибди.
Менга манзур бўлгани, ёшларнинг турли тадбирларни ўтказишлари учун ҳам имкон борлиги. Бешинчи қаватга чиқсам, талабалар миллий либосларда, миллий ўйинларни ўйнаб, турли қўл ишларини ҳам намойиш қилишаётган экан. Кўзага ўқ отиб тушириш ўйинини ўйнадик. Натижаларим ёмон бўлмади.
Улардан сал нарида эса рассомларнинг ишлари кўргазмага қўйилган. Хуллас, универсал зиё тарқатувчи, инсонларни бирлаштирувчи ва кунни кўнгилли ўтказишга хизмат қилувчи марказ бўлибди”.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик иқтидорли журналист Барчиной Жўраева ҳозирда Хитойнинг марказий телевидениясида муҳаррир лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.