Ўзбекистон ўз сиёсий мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йилларданоқ, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш, шу жумладан, марказий Осиё давлатлари билан кўп томонлама манфаатдорлик асосида алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Дунёда ўзига яраша юксак салоҳияти, беназир нуфузга эга Марказий Осиё давлатларида истиқомат қиладиган турли миллат вакиллари ўзбек халқи билан аҳил, иноқ ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустағкамлаш йўлидан бормоқда. Кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган ўзбек ва яқин қўшни халқларнинг дўстлиги абадийдир. Миллат равнақи учун ҳамиша буюк бойлик бўлиб келган эркин ва фаровон турмушни таъминлаш, маънавиятини юксалтириш, илмий-ижодий фаолияти ап дўстона алоқаларини яхшилаш, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш, гендер тенглик сиёсатини таъминлаш нафақат Ўзбекисонда, балки бутун дунёдаги сингари Марказий Осиё давлатларида ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Дўстона ва очиқлик руҳида мунтазам равишда амалга оширилаётган илиқ муносабатларда Ўзбекистон билан марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикрлар алмашинилади. Бу борадаги ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштиришда 2001 йил 15 июнда ташкил этилган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо 6 та – Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон давлатлари ўртасида халқаро минтақавий ташкилотнинг ўрни каттадир.
Унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳафаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Давлатларнинг ўзаро муносабатлари ривожида муҳим сиёсий воқеа бўлиб ҳисобланган ўзаро ташрифлар ишонч ва ҳурматга асосланган, ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганлиги муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз. Бу жараёнда лидер хотин-қизларнинг илмий-ижодий ҳамкорлиги ҳам катта ўрин тутади. Яқинда “Кактакто” нашри Марказий Осиё тарихида сезиларли из қолдирган аёллар рўйхатини тузди. Мазкур рўйхатдан энг қадимги даврдан токи бугунги кунга қадар кўзга кўринган лидер аёллар ўрин олганлигини кўриш мумкин.
Мамлакат мустақил тараққиётида хотин-қизларнинг фаоллиш ортиб бораётган бир даврда, яъни 2001 йил июнь ойида Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши ва унинг муассиси ҳамда тенг ҳуқуқли қатнашчисига айланиши катта воқелик бўлди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тартиб-қоидаларига биноан, ҳар йили аъзо мамлакатлардан бири унга раис бўлади. Ўзбекистон раислиги даврида эришилган ютуқлардан бири — БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 18 декабрда консенсус асосида ШҲТ ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши бўлди. Мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг фаоллигига ҳам катта эътибор қаратилган эди. Аъзо мамлакатларда маданият кунларини ўтказиш борасидаги таклифлар қўллаб-қувватланди. Ўтган давр ичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир неча тадбирлар ўтказилди. Мамлакатлар ўртасида талабалар ва ўқитувчи-профессорлар алмашинувлари йўлга қўйилган. Санъат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда. Буларнинг барчасида лидер аёлларнинг фаоллиги кўзга ташланади. 2020 йил 30 октябрда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар олий судлари раисларининг XV йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув ва ишонч, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжумани мажлисида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга чақириб, «Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига хурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси — «Шанхай руҳини» мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим», деди. Бу ибора қарорларни консенсус асосида қабул қилиш, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашув, биргаликда тараққий этишга интилиш тамойилларига қатъий амал қилиш демакдир.
ШХТ йиғилишларида бой тарихий меросга бўлган эътиборни кучайтириш, қўшни давлатларда яшаб, ижод қилган кўплаб лидер аёллар илмий-ижодий фаолиятини барча халқлар учун намуна қилиб кўрсатиш зарурлиги таъкидланди. Бунга жавобан, бир нечта аёлларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Қозоқ хони Абулхайрхоннинг рафиқаси Бопай ўткир ақли, характери билан ажралиб турган. Маликанинг Ўрта ва Кичик Жуз қабилалари орасида обрўси жуда юқори бўлган. Ўзбек классик адабиётининг вакили ҳисобланган Нодирабегим Қўқон хони Умархон (ҳукмронлиги 1810-1822) нинг турмуш ўртоғи. Унинг даврида Увайсий каби шоиралар етишди, Қўқонда йирик адабий муҳит вужудга келди.
Қирғиз халқи қийин аҳволга тушганда ўғлини қурбон бериб, халқни геноциддан сақлаб қолгани тарих саҳифаларида қайд этилган Қурбонжон додҳони «Олой маликаси» деб ҳам номлашган. Зийнат таҳаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Миллат ғурурига айланган бу аёл бугунги кун аёллари учун ибрат ва намунадир.
Биринчи қозоқ журналист-аёли Назипа Қулжанова педагог, этнограф, таржимон. «Мактабгача таълим», «Она ва бола» китоблари муаллифи (1923-1927). Асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, унинг асарлари таълим-тарбия ишида, маънавиятни юксалтиришда катта аҳамиятга эгадир. Қиргизистон Халқ артисти, операчиси, жамоат арбоби, педагог, профессор Сайра Киизбаеванинг фаолият юритган даври қирғиз опера санъатида «олтин давр» сифатида эсланади.
Тожик аёли София Ҳакимова 33 ёшида тиббиёт фанлари доктори даражасини олган бўлиб, у нафақат Тожикистон илм-фанига ҳисса қўшган жамоат арбоби, балки Марказий Осиё ва ҳатто жаҳон илм аҳли, тиббиёт соҳаси жонкуяри сифатида машҳур. У Душанбедаги тугруқхонада илк инсон генетикаси бўйича лабораториясини очган.
Қозоғистоннинг биринчи ташқи ишлар вазири Балжан Бултрикова саналади, сиёсат арбоби БМТ минбарида қатнашган илк қозоғистонлик аёл-дипломатдир.
Марказий Осиё халқлари, жумладан хотин-қизлар ўзаро ҳамкорликда илм-фан ривожи, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва маънавий-маданий юксалишга муносиб ҳисса қўшиб келдилар. Улар орасида Хадича Сулаймонова ҳуқуқ фанлари доктори, Ўзбекистон Адлия вазири ва ўзбек тилидаги жиноят ҳуқуқи бўйича илк дарсликнинг муаллифи ҳисобланган бўлса, Дилбар Абдураҳмонова нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда биринчи аёл-дирижёр саналади. Унинг репертуарида бОдан зиёд опера ва балет спектакллари бор.
Асал Сартбаева Марказий Осиёнинг илк тан олинган олима аёлларидан бири. У вакциналарни кремний билан қоплаш усулини ўйлаб топган. Бу тиббиёт воситаларини музлатишсиз сақлаш имконини беради. Бу бутун инсоният учун муҳим ихтиро бўлиб, ҳозирда кўплаб вакциналар музлатгичда сақланмаса, айниб қолиши, ҳатто заҳарли моддага айланиши ҳам мумкин. Шунингдек, шарқ халқлари тарихига қизиққан ва бу борадаги кўплаб китоблари билан машҳур Розия Султонова Кембридж Университети қошидаги Марказий Осиё Форуми тадқиқотчиси ва Марказий Осиё мусиқаси маркази директори ҳисобланади. Британиядаги Голдсмис Коллежи ва Африка ва Шарқ тадқиқотлари дорилфунинида тадқиқотчи сифатида ҳам фаолият олиб борган. Розия Султонованинг фаолияти нафақат Россия ва Марказий Осиё, балки Яқин Шарқ маданияти ва мусиқасини ҳам қамраб олади.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мамлакат равнақи йўлида фидоий бўлган лидер аёллар ҳар бир миллатда топилади. Ўзбекистон бой қазилма ва табиий ресурсларга, қудратли иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга бўлган мамлакат. Бу ҳақиқатни чуқур англаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев: «Бу салоҳиятни яратиш ва янада кўпайтиришда ҳурматли зиёлиларимиз — илм-фан ва техника намояндалари, биринчи навбатда қадрли ва хурматли академикларимиз, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларининг вакиллари бутун вужудини бериб, фидокорона меҳнат қилаётганликларини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз», деб таъкидлади .
Яқин йиллар ичида минтақа давлатлари раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, мунтазам учрашув ва музокаралари натижасида бир қатор долзарб муаммолар ўз амалий ечимини топаётгани, янги шартнома ва келишувларнинг имзоланиши ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг йўл очиб берди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ҳамкорликдаги барча саъй-ҳаракатларимиз, лойиҳа ва дастурларимиз, ҳеч шубҳасиз, ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаб, халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланаётган ва уларнинг манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда ва мазмунан бойитмоқда» . Эзгу интилишлар замиридаги пок ният ва буюк ишонч мужассам бўлган тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги лидер аёллар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, айниқса, жаҳон аҳлига яхши маълум бўлган, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ мақсад йўлидаги бунёдкорлик ишлари амалий натижа бермоқда.
Мамлакатимиз илм-фан, маърифат ва маънавияти ривожига улкан ҳисса қўшган олималарнинг ўрни ҳам беқиёс. Мамлакатимиз тарихида ўзининг ноёб иқтидори, билими, савияси ва зукколиги билан ном қолдирган ҳамда мустақил дунёқарашга, фалсафий мушоҳадага эга юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялашда алоҳида ўрнига эга ўнлаб аёллар номини келтириш мумкин. Шулардан ватанимизда етишиб, фаолият юритган таникли олималар -Ҳадича Сулаймонова, Зарифа Саидносирова, Галина Пугаченкова, Суюма Ғаниева, Сабоҳат Азимжонова, Фозила Сулаймонова, Мазлума Асқарова, Раъно Ражабова, Раҳима Аминова каби олималар олиб борган тадқиқот ишлари ва уларнинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ёшлар учун ибрат ва ўрнакдир. Бугунги кунда Марказий Осиё лидер аёлларининг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг янгича дунёқарашини шакллантириш, илмий-ижодини ривожлантириш, уларда миллий-маънавий қадрият ва фазилатларни камол топтиришга эътибор кучли. Айниқса, аёлларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий, илмий-ижодий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Узбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев: «Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоги шарт»1 деб таъкидлагани, айни ҳақиқатдир. Президент 2021 йил 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан селектор ўтказди. Унда расмий релизга кўра, бугунги кунда 1 400 га яқин аёл республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани, талабаларнинг 48 фоизи — хотин-қизлар эканлиги, ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ОТМга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги таъкидланди.
Зеро, Ўзбекистоннинг лидер аёллари ШХТ ташқи сиёсати доирасини муттасил кенгайтириб бориш, ташқи давлатлар билан, энг аввало Марказий Осиё давлатлари билан минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти, яхши қўшничилик муносабатлари ҳамда илмий-ижодий алоқалар бугунги ва келгуси авлодларнинг фаровонлиги йўлида ўзаро фойдали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ана шу мавжуд имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиш республикамиз келажагини, унинг халқаро нуфузини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Д.Бобожонова,
тарих фанлари доктори, профессор.