Урумчи ёҳуд «Савдогарлар шаҳри»га саёҳат (фото+видео)

Шинжон Уйғур Автоном Районининг сиёсий-иқтисодий маркази Урумчи шаҳрини турли номлар билан атаса бўлади. Хитойнинг ғарбий дарбозаси. Ғарбу Шарқ юзлашган шаҳар ёҳуд савдогарлар шаҳри.

Бундай таърифу тавсиф беришса ажабланиб юрманг, бунинг боиси бор. Мегаполис мақомига етган шаҳарнинг қай бурчига борманг, ер устида бўласизми, ёки остида, албатта бир катта бозорнинг ичидан чиқасиз.

Маҳаллий халқ орасида вақти-вақти билан Шао Мо Чинг, Да Базаар, Те Лу Жи, Локомотив, Бенжан, Ши Юй, Ди Ван каби сўзларни эшитиб қоласиз. Булар ўша машҳур ва катта бозорларнинг номлари. Марказий Осиёликлар орасида айниқса, Ша Мо Чинг, Бенжан ва Ши Юй каби бозору замонавий карвонсаройлар жуда машҳур.

Хитойлик таржимонларнинг айтишлари бўйича бутун Хитой бўйича уч йирик шаҳар – Шанхай, Гуанжоу ва Урумчи савдо-сотиқ марказлари ҳисобланади. Табиийки, бутун дунёдан келган савдогару тужжорлар учрашадиган жой бўлиб қолган.

Шанхай ва Гуанжоуни бир четга қўйиб турамиз-да, имкон қадар Урумчининг катта бозорлари билан танишишга ҳаракат қиламиз.

Шао Мо Чин

Шаҳар четроғидаги энг йирик улгуржи бозорларидан бири. Бозорнинг номини Ша Мо Чинг дея шартли равишда ёздик. Сабаби, бизга ҳамроҳлик қилган таржимон унинг хитойча талаффузини қайта-қайта айтиб берди. Ҳар гал эшитганимизда, бозорнинг хаёлимизда пайдо бўлаётган номи ўзгараверди. Аниқроғи, бир ҳарфнинг ўрнида бошқа ҳарф бўлиши керакдек туюлаверди. Хитойликларнинг бошқаларникига ўхшамайдиган алифбоси ва сўзлари борлигини эътибордан соқит қилмаган ҳолда, мақбул бўлган сўзни ўзимизча туздик: Ша Мо Чинг.

Бу ернинг аксарият харидорлари марказий осиёликлар. Бир-бири билан ўзбекча гаплашаётган ўзбеклар, тожикчада сўзлашаётган тожикларни учратишингиз мумкин. Дўконларда яна руслар, қозоқ ва қирғизлар кўриниб қолади.

Тасаввур ҳосил қилиш учун кўз олдингизга етти-саккиз қаватли бинони келтиринг. Бино остида яна бир-икки қават. Қаватларнинг ҳаммасида дўконлар. Эскалаторларда аста кўтарилиб, оёғингиз толгунича, зериккунингизча айланаверасиз. Тасаввурингизда кўриниш берган худди ўша жой Ша Мо Чинг бозори, десак ҳам бўлаверади. Юқори қаватлардан бирига кўтариламиз.

Бу ернинг савдогарлари кўпроқ аёллар. Турли матолар, чойшаб ва ёпқичлар сотиладиган дўконлар. Дўконлардан бирида бир ўзбек акамиз таржимон бўлиб ёлланган уйғур қизга ҳафсала билан тушунтираяпти.

-Сен мен томон бўлишинг керак! Анавинга айт, яна ўн юан тушиб берсин!.

-Вой, ака, бўлмайду дейду, ўзи заводдан шунчадан олганман дейду…

Таржимон қиз сотувчига таржима қилади. Анча-мунча мол олмоқчи бўлган харидордан ажралиб қолишидан қўрққан сотувчи дарров рози бўлиб юборди.

Беихтиёр жилмайиб қўйдим. Савдолашиш бўйича бизнинг халқнинг олдига тушадигани йўқ. Буни биздан бошқалар ҳам билишаркан. Икки уйғур бир мол устида савдолашса-ю, харидор нарҳни тушираверса, сотувчи айтаркан, «намунча ўзбекка ўхшаб тортишдинг!».

Бу ердагилар, агар хорижлик эканингизни билиб қолишса, молига тап тортмай баланд нарҳлар қўйиб юбораверишини билдим. Молга қизиқсангиз-у нарҳи сабаб олмасангиз секин тушаверишади. «Бор-э!», деб қўл силтаб, дўкондан чиқсангиз ортингиздан қувиб, ярим нарҳига сотишга ҳам рози бўлиб кетишади.

Де Ванг

Бу бозорда фақат бир нарса – пойафзал сотилади. Олти қаватдан иборат бино, ҳамроҳларимдан бирининг айтишича, пойафзал шаклида солинганмиш. Бинонинг ташқи кўринишидан шундай ҳам туюлади одамга. Замонавий меъморчилик анъаналарини ўзлаштирган ҳолда солинган жуда чиройли бино.

Қизиғи, бу ердан бир-бир ярим чақиримлар наридаги Ша Мо Чинда 300 юанга таклиф қилинаётган туфли бу ерда 200-250 юан (6,23 юан 1 доллар) ёки ундан ҳам арзонроқ. Ҳар қандай турдаги пойафзални танлаб, харид қилишингиз мумкин.

Бен Жан

Бу бозор юқорида номлари зикр этилиб, таърифи келтирилган бозорлардан анча олисда жойлашган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Ша Мо Чинг шаҳарнинг бир бурчида, Бенжан эса иккинчи бурчида жойлашган. Марказий Осиёдан келадиган савдогарларнинг аксарияти Бенжандаги меҳмонхоналарга қўнишади. Қизиғи, бу ерда моллар жуда арзон. Шаҳарнинг бошқа қисмида масалан, 1800-2000 юанга оладиган телефонни бу ерда 1000-1200 юанга олишингиз мумкин.

Янглиш фикр туғилмасин, ўша қиммат телефонларни Бенжандан арзонроққа олиш мумкин экан, деб. Бир фирма ёки корхонанинг бозорга мослаб тайёрланган айнан бир моделдаги телефоннинг икки хил кўриниши: сифатли ва сифатсиз. Ишлаб чиқарувчилар харидор қобилиятига кўра маҳсулот ишлаб чиқаришлари бор гап. Мундоқроғи фалончига, ҳафсала билан ишлангани пистончига. Бошқача айтганда, Марказий Осиё, Шарқий Оврўпо ва Оврўпога айни бир модел турлича тайёрланади.

Хунчилу

Урумчининг йирик савдо марказлари ҳақида сўз борганда, шаҳарда алоҳида ўрин тутадиган Хунчилу савдо маркази айтиб ўтилмаса, адолатдан эмас. Асосан компютерлар, планшетлар, турли фотоаппаратлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар сотиладиган савдо маркази бир неча кўп қаватли биноларни ишғол қилади. Ҳар бир қаватдаги дўконларни тўлдирган сўнгги русумдаги ноутбук ва лэптоплардан кўзларингиз қувнайди. Ҳар-ҳил брендларни учратасиз: ASUS, ACER, TOSHIBA, SAMSUNG… Бинонинг ер ости қаватларида эса ишлатилган компютерлар… Хуллас, пулингиз бўлса, бу ердан қуруқ кетмайсиз.

Хуалин

Хунчилудан фарқ қилиб, Хуалин савдо марказида нафақат компютерлар, деярли ҳамма турдаги оргтехника маҳсулотлари сотилади. Савдо марказини эрталабдан ҳафсала билан айланишга тушсангиз, кечга яқин ундаги нарсаларни базўр кўздан кечириб улгурасиз. Бу ерга тушиб қолган киши «йўқ нарсанинг ўзи йўқ», деган ўйга бориши табиий. Хунчилу ва Хуалинга Марказий Осиё, Покистон ва Россиядан кўплаб савдогарлар ташриф буюради. Арзимайдигандек туюладиган нарсалар, масалан, телефон чипларини катта-катта ҳажмларда улгуржи сотиб олинади.

Марказий Осиё ва Россия учун дарбоза ҳисобланган Урумчида ҳаёт қайнайверади, тиниб-тинчимас савдогарлар мағрибу машриқни боғлайверадилар. Улар сабаб, бозорларда савдолар қизийверади, тараққиёт чарҳпалаги айланаверади…

Манба: bbc.com

Бошқа хабарлар | 其他新闻

Дунёдаги энг узун шиша кўприк (видео)
Билсангиз, Хитойнинг жанубида дунёдаги энг узун шиша кўприк бор. Унинг узунлиги  200 метр бўлган конструкция томоша майдони билан тугалланади. Буларнинг барчаси жарликдан бир неча метр ...
Қадим Сиан шаҳрига хуш келибсиз! (видео)
Сиан қадимги шаҳарларидан бири бўлиб, 1100 йилдан кўпроқ вақт давомида Хитойнинг пойтахти сифатида хизмат қилган. https://www.youtube.com/watch?v=eM-qZ7ZphPo Хитой марказидаги мазкур шаҳарнинг тарихи 3000 йилдан ошади. Айрим манбаларга ...
Бу фотошоп эмас! Чжанъе Данься тоғларининг ранг-баранг тепаликлари
Табиат томонидан яратилган кўп рангли бўёқлар билан зеб берилган ғайриоддий манзара умр бўйи эсда қолиши шубҳасиз. 2010 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Чжанъе ...
Баҳор байрами авжида
Хитойда Чунсзе (春节) байрами  - ой тақвими бўйича янги йил яъни, баҳор умумиллий байрами кенг нишонланмоқда. Фото: СИНЬХУА Маълумот учун, ой тақвими ...
«Нафақат китоб сотиб оласиз балки шу ернинг ўзида ўқиш, ишлаш ва дам олиш учун ҳам шароит бор» — Пекиндаги китоб дўкони ҳақида
Журналист Барчиной Жўраева "Фейсбук"даги саҳифасида Пекиндаги йирик китоб дўкони ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашди: “Ёшлар китобдан узоқлашди, дейишади. Лекин бу гап технологияларга муккасидан кетган хитой ёшлари ...
ГУАНДОНГ (ГУАНДУН) — 广东 Guǎngdōng
Провинция: Гуандонг Маъмурий маркази: Гуанжоу Майдони: 179 700 км² Аҳолиси: 111 миллион кишидан зиёд Йирик шаҳарлари: Гуанжоу, Шэнжэн, Чухай, Шантоу, Жанжианг (Чжаньцзян) . Жўғрофий ўрни ва иқлими. Гуандонг вилояти қуйидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар билан ...
Хитойда урбанизация даражаси қандай? (видео)
“Урбанизация” сўзи лотин тилида шаҳар маъносини англатиб, мамлакат (минтақа) аҳолиси таркибидаги шаҳар аҳолисининг салмоғи орқали ўлчанади. Урбанизация жараёнларининг асосий натижалари қуйидагилар билан боғлиқ: барқарор ...
Қаранг-а, бу хитойликлар нималар қуряпти? (видео)
Келажакка тушиб қолишни хоҳлайсизми? Хитойга чипта сотиб олинг. Бу мамлакат 21-асрда эмас, балки 23-асрда яшамоқда. Хитой иқтисодиёти дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар сафида. Ривожланиш жиҳатидан, ...
Ипак йўли Сиан шаҳридан бошланган(ми)?
Биласизми, қадимда Марказий Осиё ва Хитойни бирлаштирган Буюк Ипак йўли айнан Сиан шаҳридан бошланган. Шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидан бири Шэнси вилояти тарих музейидир. Бу замонавий ускуналар ...
Футбол қадимги Хитойда пайдо бўлганми?
Хитойлик тарихчилар айтишларича, футбол Қадимги Хитойда пайдо бўлган. Хитойликлар бу спорт тури билан ҳали м.а. 1000 йилларда шуғулланганликларига тасдиқлар мавжуд. Анча кейинг эслатмалар м.а. ...
Сучжоуда 3D-принтерда девор яратилди (видео)
Хитойнинг Сучжоу шаҳрида 3D-принтерда тайёрланган энг катта объектнинг қурилиши якунланди. Winsun компанияси тошқинлардан ҳимоя учун 500 метр узунликдаги деворни қурди. Конструкция алоҳида қисмлардан қурилган, бироқ ...
Мусиқа севувчи халқ ёки Хон династиясига мансуб музей хақида (видео)
Хитой археологлари томонидан 2000 йил 23 октябрда  қадимий мусиқа асбоблари музейи топилган, бу музей 2 минг йил аввал бунёд бўлиб, бу давр Хон династияси даврига мансубдир. Жуда кўп вақт ...