Биласизми, қадимда Марказий Осиё ва Хитойни бирлаштирган Буюк Ипак йўли айнан Сиан шаҳридан бошланган.
Шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидан бири Шэнси вилояти тарих музейидир.
Бу замонавий ускуналар билан жиҳозланган музей 50 минг кв метр ҳудудни эгаллайди. Музей залларида неолит давридан Цин сулоласи давригача мансуб 300 дан зиёд экспонатлар сақланади.
Шаҳарнинг муҳим объектларидан бири – Мин даврида бунёд этилган қадимий девор.
У бундан 600 йиллар олдин тупроқ, гуруч елими ҳамда сўндирилган оҳакдан барпо этилган. Шаҳар девори тўғри тўртбурчак шаклида, 11,9 км га чўзилиб кетган. Бўйи – 12 метр, тепа қисми кенглиги –12-14 метр, пойдеворининг кенглиги – 15-18 метр. Деворнинг 4 та қоровул минораси ва 4 та дарвозаси мавжуд.
Сиан шаҳридаги энг аҳамиятли жой – Сиан масжиди.
У Хитойдаги 4 та йирик масжидлардан бири саналади. Бу масжид XVIII асрда қурилган бўлиб, Хитой архитектураси услубида барпо этилган. Ушбу масжиднинг ҳовлисига барча сайёҳлар кириб айланиши мумкин. Аммо намоз ўқиладиган залга фақат мусулмонлар киришига руҳсат берилади. Қадимда Буюк ипак йўли орқали Хитойга келган савдогарлар шу масжидда тўхтаб намоз ўқишган.
Маълумот учун: Сиан – Шэнси провинциясининг маркази бўлиб, “ғарб дунёси” маъносини англатади. Шаҳар Хитойнинг шарқий қисмида Вей дарёсининг Ханхе ирмоғи бўйидаги Гуанчжун текислигида жойлашган. У Хитойдаги энг қадимий тўрт шаҳардан биридир. 3 минг йиллик тарихга эга ушбу шаҳар 1100 йил давомида 11 та сулола императорларининг ҳукмронлик маркази бўлган.
1992 йилда Хитой ҳукумати қарорига биноан Сиан шаҳрига очиқ шаҳар мақоми берилган. Айни вақтда мазкур шаҳарда 4 млн. Аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг зичлиги 1 кв км га 2037 нафар кишидан тўғри келади. Фуқароларнинг 99 фоизи – этник хитойликлардир.