“Бир макон-бир йўл” лойиҳаси ҳақида биласизми?

Пекиннинг “Бир макон-бир йўл” лойиҳаси учта қитъанинг 60та давлатини қамраб олади.
Ўтган йили Хитой пойтахти Пекинда “Бир макон-бир йўл” деб номланган халқаро анжуман бўлиб ўтган эди. Халқаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантиришга бағишланган анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Пекиннинг “Бир макон-бир йўл” лойиҳаси учта қитъанинг 60та давлатини қамраб олади. Лойиҳа айни дамда 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Сиандан бошланади. Бу шаҳарни хитойликлар цивилизация бешиги сифатида кўришади. Бир вақтлар сайёрамизнинг энг йирик шаҳри бўлган Сиан минг йиллар давомида Хитойнинг пойтахти вазифасини ўтаган.
Маълумки, Хитой 2013 йилда Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида “Бир макон-бир йўл” деб номланган иқтисодий тараққиётнинг янги стратегиясини эълон қилди. Шу тариқа Хитой раиси Си Цзиньпин кўп асрлик Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш борасидаги ўз ғояларини амалга оширмоқда. Янги Ипак йўлини ташкил қилиш ғояси Си Цзиньпин томонидан 2013 йилнинг 7 сентябрь куни илгари сурилган эди. Орадан бир ой ўтиб у Индонезия парламентида сўзлаган нутқида 21-асрнинг Буюк Ипак йўли ҳақидаги фикрларини такрорлади. Бу ғоя мамлакат вилоятлари ўртасида ижобий рақобатни юзага келтирди. Янги Буюк Ипак йўли Си Цзиньпиннинг она ватани бўлмиш Шэньси вилоятидан бошланиши айтилмоқда. Маълумки, сўнгги йилларда бу вилоят компаниялари хориждаги ҳамкорлари билан алоқаларини анча фаоллаштирган.
Буюк Ипак йўли эрамиздан аввалги 2 асрда пайдо бўлган. Бу йўл Хитойдан бошланиб Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Эрон, Греция, Кавказ давлатлари орқали Европагача етиб борган. Режага кўра, Хитойни Европа билан боғловчи янги Буюк Ипак йўли ўтадиган мамлакатларнинг инфратузилмалари ривожланишига Хитой сармояларини киритиш кўзда тутилади. Бу борада ҳукумат мамлакатдаги компанияларни рағбатлантириш йўлида бир қатор чора-тадбирлар кўрилишини эълон қилди. Хитой мамлакат бозорларини учта қитьа билан боғловчи инфратузилма барпо этиш йўлида махсус Жамғарма ташкил этишга қарор қилди. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, Жамғарманинг маблағлари Хитой вилоятларида темир ва автомобил йўллари, қувурлар қурилишига сарфланади. Бунда биринчи навбатда Хитойнинг “кўҳна қитьа” мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари учун зарур бўлган денгиз ва қуруқликдаги йўлларни ривожлантириш стратегияси инобатга олинади.
Лойиҳага кўра, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё, Жанубий-Шарқий Осиё ва Европанинг айрим минтақалари молия билан таъминланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Янги Буюк Ипак йўлининг ташкил қилиниши Хитойни жаҳондаги етакчи давлатлардан бирига айлантиришни мақсад қилиб қўйган. Шунингдек, “осмон ости мамлакати”нинг Осиё-Тинч океани минтақасида ҳам нуфузи ортади, ҳамда минтақадаги сиёсий ва иқтисодий таъсири кенгаяди.
Мутахассислар, Хитой ўзининг темирйўл ва қурилиш компаниялари хорижга чиқишидан манфаатдор эканлигини айтади. Россия-Хитой ҳукуматлари темирйўл масаласида бир қатор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқмоқда. Хитой Пекин – Лондон йўналишида тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш бўйича ҳам бош қотирмоқда. Агар бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, у ҳолда йўловчилар атиги икки кун ичида Лондондан Пекинга, ёки Пекиндан Лондонга етиб олишлари мумкин бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, Хитой бундан аввал дунёда энг узоқ масофали юк поезди йўналишини ишга туширган эди. Бу йўналиш мамлакат шимолий-шарқидаги Харбин шаҳри ва Германиянинг Гамбург шаҳрини ўзаро боғлайди. Поезд ҳафтада бир марта йўлга чиқади ва 9 минг 800 километрлик масофани 15 кунда босиб ўтади. Хитой-Мўғилистон ва Белорус-Польша чегараларида ғилдираклар алмаштирилади. Хитойга тегишли CNR давлат корпорацияси Калифорнияга қадар ўтатезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Лойиҳа қиймати 68 миллиард долларга тенг экани айтилмоқда. Бунинг учун тезлиги соатига 354 километрга тенг бўлган 95 та поезд харид қилиш кўзда тутилмоқда. Калифорния штати расмийлари Лос-Анджелесдан Сан-Франциско шаҳрига қадар 1 минг 287 километрлик темир йўл қурилиши учун Хитойдан сармоя олиш истагини билдирган. Бу борада штат расмийлари Хитой вакиллари билан музокоралар олиб борди. CNR ва CSR Corp Хитойда локомотив ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳисобланади. China Railway Construction ва China Railway Group компаниялари эса темир йўллар қуриш билан шуғулланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитой ҳеч қачон ўтатезюрар темирйўллари соҳасидаги технологияларини экспорт қилиш истагини яширмайди. Шу кунга қадар Хитой Туркия, Саудия Арабистони ва Венесуэла каби мамлакатларга темирйўл қурилишига ёрдам берган. Айни дамда Хитой темир йўллари жаҳонда энг гуллаб-яшнаётган тармоқ экани тан олинади. Бунга темирйўл лойиҳаларига каттадан катта сармоялар ётқизилаётгани сабаб бўлмоқда. 2014 йилда Африка Иттифоқининг Аддис-Абебедаги қароргоҳида нутқ сўзлаган Хитой Давлат Кенгашининг бош вазири Ли Кэцян ўз мамлакати Африка қитъаси давлатлари пойтахтларини ўзаро боғловчи қитъалараро тезюрар поездлар қатновини ишлаб чиқиш режасини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Шуни эслатиб ўтиш керакки, ҳозирча Африка мамлакатларини боғловчи темирйўл тармоғи мавжуд эмас. Бундан 100 йил аввал Буюк Британия ва Франция Африкада темирйўл тармоғини яратиш масаласини муҳокама қилган аммо, амалга ошмай қолган эди.
Янги Стратегия ҳаётга татбиқ этилар экан, янгидан янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шарҳловчиларнинг сўзларига қараганда, Хитой иқтисодий тараққиёт йўлидан борар экан, жаҳоннинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиршга қарор қилган. Янги Ипак йўлининг имониятлари катта экани айтилмоқда. “Иқтисодий белбоғ” деб аталмиш янги лойиҳа туфайли минтақа мамлакатларининг иқтисоди ривожланиб, савдо-сотиқ кўпаяди. Янги Ипак йўли Хитой вилоятларини қўшни давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини яратади. Шу билан бирга Хитой маҳсулотлари учун янги бозорлар пайдо бўлишига хизмат қилади. Хитой Янги Ипак йўли орқали нафақат қадимий Ипак йўлини тиклайди, балки Евроосиё минтақасида янги савдо-иқтисодий модел яратишига ҳисса қўшади. Яъни минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
“Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган транспорт йўлаги Австралия ва Индонезияни, Осиё мамлакатларини, Европа, Африка ва Лотин Америкаси орқали АҚШ билан боғлайди. Ҳисоб-китобларга қараганда, Янги Ипак йўли сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини, тўғрироғи 4,4 миллиард киши истиқомат қиладиган мамлакатларни қамраб олади. Янги Ипак йўлининг қуруқликдаги қисмида учта темирйўл йўлаги барпо этилади. Шимолий йўлак Россия ҳудудларидан ўтади. Марказий ва жанубий йўлак эса Марказий ва Ўрта Осиё мамлакатлари ҳудудларидан ўтиши режалаштирилган. Кейинчалик темирйўллар йўлакларига автомобиль йўллари ҳам қўшилади. Янги Ипак йўлининг асосий йўналиши Ўрта Осиёдан ўтади. Бу йўлакнинг узунлиги 6 минг 500 километрни ташкил қилиб, унинг 4 минг километри Хитойнинг Тинч океани соҳилларидан Синьжон – Уйғур Мухтор Ўлкасигача бўлган йўлдир. У ердан Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон орқали Эрон, Ироқ, Сурия ва Туркияга боради. У ёғи эса Европага бир қадам. Денгиз йўли ҳам худди қадимги савдо йўли сингари Гуанчжоудан бошланади ва Вьетнам, Таиланд, Малайзия, Сингапур ва Индонезия орқали Қизил денгизга чиқиб, Африкагача етиб боради. Янги транспорт йўлаклари Хитойдан ортилган юкларни қисқа муддатларда Европага етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Бугунги кунда “осмон ости мамлакати” ҳоҳ хориждаги, ҳоҳ ўзидаги транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш мақсадида маблағларни аямаяпти. Бир сўз билан айтганда Янги Буюк Ипак йўли Хитой ва бошқа мамлакатларга тараққиёт учун янги имкониятларни яратиб беради.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Бошқа хабарлар | 其他新闻

Лойиҳа истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан Шанхай Ижтимоий фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Хитой: “Бир ...
Видео: Фарғона қоятошларида тасвирланган «ғайритабий мавжудотлар»
Аждодларимиз отга минибдики, ғанимлари томонидан бир ҳақиқат боб-бот эсланади: “Туркийларни енгиш учун аввал уларни отдан туширмоқ керак!”.... Қадимги даврдан Римдан Хитойгача бўлган мамлакатларда Ўрта Осиёнинг ...
“Бир макон-бир йўл” менинг қалбимда”  расмлар кўрик-танлови ўтказилади
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида  “Бир макон-бир йўл” менинг қалбимда” мавзусида болалар ўртасида расмлар кўрик-танлови ўтказилади. Танловда 7 ...
Хитой журналистикаси: кеча ва бугун
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилганига 25 йил тўлди Хитой  — энг қадимги тамаддун мамлакатидир. Хитой тамаддуни Шумер, Хараппер, Миср цивилизациялари билан ...
«Бир макон, бир йўл» — халқаро ҳамкорликнинг янги модели
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Хитойнинг Шанхай ижтимоий фанлар академияси билан биргаликда “Ўзбекистон ва Хитой: ...
Хитойда навбатдаги халқаро форум бўлиб ўтади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан жорий йил 24-27 апрель кунлари “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро ...
Пекинда «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми расман очилди
Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форуми расман очилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот ...
Халқаро ҳамкорликнинг юксак истиқболлари
Бугун мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Ривожланган давлатлар билан йўлга қўйилаётган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ютуқларимиз янада салмоқли бўлишида муҳим аҳамият ...
Ўзбекистон — Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи
Истиқлол йилларида Ўзбекистон халқаро майдонда тинчлик ва ҳамкорликка асосланган прогрессив ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Қисқа давр ичида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, уни халқаро ...
Мен билмаган Хитой харитаси
Йўл очерки Хитой сафарининг илк кунида мени ҳаяжон босди. «Тошкент– Урумчи» йўналишидаги самолётга чиқарканман беихтиёр Ватан ҳақидаги тасаввурларим кенгайгандек бўлди. Азиз Ватаним харитасини буюк Хитой мамлакати ...
Янги лойиҳалар — истиқбол сари йўл
Хитойда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» Форумида Президентимиз бошчилигидаги делегациянинг иштирок этиши жараёнида мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим учрашувлар бўлиб ўтди, муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ана ...
“Буюк ипак йўли карвонсаройлари” лойиҳаси ишга туширилди
Хитойда ўтаётган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Э.Ражапов, Бухоро шаҳри ҳокими ўринбосари К.Давронов, Хива шаҳар ҳокими ўринбосари Ҳ.Бобоев, “Ashina Group”компанияси директори ...