Хитой электромобил ишлаб чиқаришда етакчи

Бугунги кунга келиб инсоният экологик муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилмаслик, оғир оқибатларга олиб келишини тушиниб етишди. Биргина  автомобиль саноатини оладиган бўлсак, бутун дунёда соҳанинг жадаллик билан ривожланиши ҳавонинг ифлосланишига салмоқли  ҳисса қўшаётганин ҳеч ким инкор қила олмайди. Йирик шаҳарларда айнан автоуловлар ҳавони 70–90 % гача ифлослантиришади. Бундан ташқари қулай ҳаракатланиш воситаси ҳисобланган транспорт ис газидан ташқари  катта шовқин манбаи ҳамдир. Автомобилдан чиқаётган ис газида атроф-муҳит ва инсонҳаёти учун хавли кўплаб кимёвий моддалар мавжуд. Шунингдек улар иссиқхона газлари саналиб, ҳавонинг исиши ва иқлим ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Шаҳарда мазкур муаммони ечишнинг ягона йўлидан бири электромобилларга ўтишдир.  Илк электромобиллар ички ёнув двигателига эга бўлган автоуловлардан 50 йил илгари пайдо бўлган эди. Фарадей электромагнит индукцияси ҳодисасини кашф этгач, муҳандислар айнан электромобиллар яратиш устида ишлай бошладилар.1895 йили  илу маротаба француз Шарль Жанто соатига 63 км. тезликда электромобилда рекорд ўрнатади. 1899 йилда бу рақам янгиланиб,  янги  соатига 100 км.лик рекорд ўрнатилади. Белгиялик Камил Иенатци томонидан яратилган электромобиль соатига 105 км.тезликда юра олган. ХХ асрнинг бошларида электроавтоуловлар кенг тарқалиб, улардан такси, ўт ўчиришда, тез тиббий ёрдам кўрсатишда фойдаланишади. Аммо 1930-йиллардан бошлаб электромобиллар ўрнини ички ёнув двигателига эга автомобиллар эгаллай бошлади.1990-йилларга келиб, ҳавонинг  ўта ифлосланиши оқибатида  электромобилларни ижорий қилиш фикри яна фаоллашди. Замонамизнинг биринчи серияли равишда чиқарилган электромобили GM EV1 бўлиб, у АҚШда  1996  йилдан 2003 йилгача чиқарилди.  Бугунги кунда автомобиль бозорида  жуда ҳам кўп русумли электромобиллар чиқарилмоқда.

Айнан ушбу соҳада Хитой етакчидир. Бу борада Хитойнинг пойтахти  Пекинда  ҳавони тозалаш борасида мазкур амалиёт жадаллик билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Мамлакат қудратини ўзида акс этувчи ва бугунги кунда табиатни асраш, замонавий муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишнинг ёрқин тимосли сифатида  Хитойдаги йирик “Beijing Automotive Industry Holding Co., Ltd.” корхонаси фаолият юритади. Заводда замонавий электрокарлар ишлаб чиқарилади. 1988 йилда асос солинган заводда ишлаб чиқарилаётган “Senova D20 Hatchback” хэтчбэки, “BAW Yusheng 007” кроссовери, “Foton View” микроавтобуси ва бошқа кўплаб моделларга талаб катта.

Компания йилдан йилга ўз маҳсулотини такомиллаштиради. Агарда биринчи чиққан электромобилларни зарядлаш учун тўрт соат вақт кетган бўлса,  ҳозирда электрокарнинг батареяларни алмаштириш 1,5 дақиқа вақтни олади, холос.

Бугунги кунда  Пекин ёки Нанкин йўлларини тўлдириб ўтаётган автомобилларнинг ҳар 100 тадан 70-80 таси Хитой маҳсулоти эканини кўрасиз. Қолгани ҳам саноқли давлатлар автомобил русумлари: Япониянинг “Тойота”, “Ниссан” ва “Ҳонда”, Германиянинг “Мерседес”, “БМВ” ва “Фолксваген”, АҚШнинг “Женерал моторс” корпорациясининг моделлари. ХХРнинг ривожланиш ва ислоҳатлар бўйича давлат қумитаси мамлакатнинг деярли барча шаҳарларида электромобиллар учун зарядланиш шоҳобчалари қурилиши ҳақида қарор қабул қилди. Қурилиш тезроқ амалга оширилиши учун Хитой ҳукумати энергетик компанияларга мурожаат қилди. Жорий йилнинг ёзида Хитойда 81 мингта зарядлаш шаҳобчалари очилди. Умумий ҳисобда  мамлакатда 2017 йилнинг май ойи ҳолатига 161 мингта шаҳобча фаолият юритмоқда. Электромобиллар сони эса 1,004 млн.ни ташкил этди. Бу эса бутун дунёдаги электромобилларнинг 50 фоизи демакдир.

Хитой ҳукуматининг янги қарорига биноан эндиликда  қазиб олинувчи ёнилғида ишловчи автомобиллар ишлаб чиқарувчи компаниялар кам ёки ноль миқдорда карбонат ангидрид чиқарувчи транспортни яратиш ҳисобига «кредит» олишлари керак бўлади. Янги қоида йил давомида ички ёнув двигателига эга 30 мингтадан кўпроқ автомобиль йиғадиган ёки импорт қиладиган компанияларга қўлланади. Энди автомобилсозлик компаниялари қуйидаги квоталарга мувофиқ келишлари зарур: 2019 йилгача компаниялар ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг камида 10 фоизи, 2020 йилгача эса камида 12 фоизи электрда юрувчи бўлиши керак. Акс ҳолда компаниялар жарима тўлашади. Хитой айни вақтда дунёдаги энг катта автомобиль бозори ҳисобланади, шу сабабли Honda ва Volkswagen каби хорижий компаниялар  ҳам мазкур қоидага бўйсунишга тайёрдирлар. Бошқа кўплаб компаниялар, жумладан Хитой компаниялари электромобил яратишга ўзлари қизиқиш билдирмоқдалар ва янги квоталар уларга қўшимча фойда келтиришини кутмоқдалар.

Хитой ҳавосининг анчагина ифлосланганидан азият чекаётганлиги сабабли у ички ёнув двигателига эга автомобиллардан секин-аста воз кечишга интилмоқда.  Хитой 2025 йилгача электромобиллар савдоси умумий савдо ҳажмидан 20 фоизни ташкил қилишига интилмоқда.

 Наргис ҚОСИМОВА,

Тошкент-Пекин-Тошкент