Хитой элчиси фарғоналик журналистлар билан учрашди

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь хоним Фарғонага сафари давомида Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимида ҳам бўлди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими билан Хитой журналистлар ассосацияси орасида яқин муносабатлар ўрнатилган бўлиб, сўнгги 3 йилда 28 нафар фарғоналик журналист ўзаро тажриба алмашиш учун Хитойга борди, 31 нафар хитойлик журналист эса Фарғонага келди.

Натижада Хитой ОАВларида Фарғона вилояти мисолида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида 2 та кўрсатув, 12 та мақола эълон қилинди. Фарғона ОАВларида вилоят журналистларининг Хитой ҳақидаги 50 дан зиёд таҳлилий мақолалари чоп этилиб, 2 та кўрсатув намойиш этилди.

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов музокаралар давомида Шандун, Шанси провинциялари, Хитой Марказий телевидениесининг ССTV-4 канали, Циндао телевидениеси журналистлари билан ижодий уюшма Фарғона вилоят бўлими ҳамкорлигининг амалий натижаларини маъқуллади.

Келгусида Фарғона вилояти ва Шанси провинциясига ҳар икки мамлакат журналистларининг медиатурини ташкил этиш юзасидан келишиб олинди. «Доно» нашриётининг «Сиз Хитойни биласизми?» мавзусидаги мегатанлови ва Хитой тилида болалар учун «Билимдон» журнали чоп этиш лойиҳаси ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Муҳаммаджон Обидов Хитой элчисига ташриф учун миннатдорлик билдириб, уюшма вилоят бўлими бундан буён ҳам Ўзбекистон—Хитой муносабатларини янада мустахкамлашга муносиб ҳисса қўшиши, ҳамкорлик эса изчил давом этишига ишонтирди.

Учрашув чоғида сўзга чиққан фарғоналик журналистлар икки мамлакат ОАВлари ўртасида бевосита ижодий алоқалар ўрнатиш, узоқ муддатга журналистлар алмашиш, биргаликда матбуотнинг мухим масалалари юзасидан халқаро конференциялар ташкил этиш каби таклифларни билдирди.