Хитой муваффақиятининг сири нимада?

Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамият ва ОАВ “осмоности ўлкаси” деб ном таратган замонавий Хитой Халқ Республикаси — кўҳна Чин халқи эришаётган улуғвор ютуқлар тўғрисида кўп гапирмоқда. Ҳатто баъзилар 2030-йилга бориб АҚШни қувиб ўтиб, жаҳоннинг биринчи рақамли иқтисодиётига эга мамлакатга айланиши ҳақида ҳавас ва фахр билан тилга олишмоқда.

Хитойликлар ўз муваффақиятини Хитой Халқ Республикасининг асосчилари Мао Сзедун, Чжоу Эн Лай ва албатта, я­нги Хитой меъмори деб дунёга танилган Ден Сяопин каби шахслар билан боғлайди.

Хитой ялпи маҳсулот ишлаб чиқа­риш ҳажми бўйича Германия, Англия, Францийа, Италия, Россия, Ҳиндистон ҳатто АҚШдан ҳам ўзиб кетмоқда. Тарихан қисқа муддатда бундай муваффақиятлар нималар ҳисобига қўлга киритилмоқда деган савол ҳаммани қизиқтиради.

Хитойнинг сўнгги 40 йилликда қўлга киритган ютуқлари замирида иқтисодий тизимда олиб борган самарали ислоҳотлари туришини бугун аксарият таҳлилчилар тан олмоқда. Ислоҳотлар бошланган йилларда Хитойда деярли хусусий корхоналар йўқ эди. Бугунги кунда уларнинг улуши умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизини ташкил қилмоқда. Бу мамлакатда нафақат хусусий мулкчиликка, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Авваллари ишлаб чиқариш ва истеъмол марказлашган бўлса, эндиликда улар фирма ва оилалар қўлида. Олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида маъмурий буйруқбозлик ўрнини иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мос­лашувчанлик, рақобатбардошлик эгал­лади.

Таҳлилчилар фикрича, “индивидуал ташаббуслар эркинлиги иқтисодий тарақ­қиёт омили экани”ни Хитойдаги ислоҳотлар исботлаб берди. Ҳукумат нафақат саноатда, балки аграр соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказди. Хитой жаҳондаги экин экиладиган ерларнинг 7 фоизига эга бўлишига қарамай, Ер шари аҳолисининг тўртдан бир қисмини боқиши керак. Бир вақтлар халқаро ҳамжамият олдида “Хитойни ким боқади?” деган савол пайдо бўлган. Ўшанда мамлакат раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислар “Хитойликлар ўзини ўзи боқа олади”, деб ўз вақтида жавоб қай­таргани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Қишлоқларда ислоҳотлар бошланган 1978-йилдан бошлаб Хитойда аграр соҳа ривожлана бошлади. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакат ғалла, пахта, ёғ-мой, мева-сабзавот, гўшт, тухум етиштиришда жаҳонда етакчилик қиляпти.

Хитойда кичик бизнес уста­хоналардан бошланган. Йиллар ўтиб у “Хитой мўжизаси”ни яратди. Бугунги кунда Хитой матбуотининг ёзишича, “мамлакатда осмонўпар бинолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпаймоқда”. Экс­портга чиқарила­ётган рақобатбардош маҳсулотлар­нинг асосий қисми айнан кичик бизнес ҳиссасига тўғри келади. Жаҳондаги элект­роника маҳсулотлари­нинг катта қисми “осмоности мамлакати” кор­хоналарида йиғилганини ҳам тан олиш керак. Жаҳон аҳолиси Хитой маҳсулотлари сифатидан қониқиш ҳосил қилмаса-да, бари­бир уларни сотиб олмоқда. Мамлакатда арзон, шу билан бирга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида Хитой маҳсулотлари­ни учратиш мумкин. Кўпчилик итал­ян поябзали, инглиз костюм-шими, Швейцария соатидан фойдаланиши билан ғурурланиши мумкин. Бироқ фахрланишга (тўғрироғи, мақта­нишга) шошилиш керак эмас.

Агар диққат билан қарасак, (Африка, Австралия, Европа ёки АҚШда бўладими) дунёнинг ҳар бир минта­қасида истиқомат қилувчи оилаларнинг дастурхонидаги маҳсулотлардан маиший турмушда ишлатилаётган буюм ва жиҳозгача — ҳаммасида “Made in China” тамғасини кўришимиз мумкин. Хитойда жаҳондаги машҳур брендли машиналарга ўхшаш автомобиллар ишлаб чиқарилаётганига ҳам тан бериш керак.

Мавзуга оид: 

Тўғри, ҳозирча Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифати япон, немисларники даражасига етолмаган, бироқ хитойлик мутахассислар қўл қовуштириб, хотиржам ўтиргани йўқ. Бу мамлакат тадбиркорлари жаҳонда янги пайдо бўлган ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни мақсад қилган.

Экспертлар Хитойдаги иқтисодий тараққиётга баҳо беришар экан, бунга мамлакат аҳолисининг миллий менталитети асосий омил бўлаётганини таъкидламоқда. Чунки меҳнатни иқтисодий фаровонлик омили билан бир қаторда миллий қадрият деб билган хитойликлар ўзларининг тадбиркорликлари ва меҳнатсеварликлари билан фахрланишади. Тарихий манбаларда “осмоности давлати” деб тилга олинган қадимий Чин мамлакати халқининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, меҳнатсеварлиги, қолаверса, ҳукуматнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан чинакамига осмонга чиқди.

Мавзуга оид: 

Ўтган асрнинг 60-йилларидаги “катта сакраш” ва “маданий инқилоб” туфайли 1976-йил сўнгига келиб, Хитой чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инқироз ёқасига келиб қолди. Хитой матбуоти ёзганидек, 1966–1976-йиллар мамлакатни ортга улоқтириб ташлаган “йўқотилган ўн йилликлар” даври бўлди. Мамлакат иқти­соди бутунлай таназзулга учраган, юз минг­лаб аҳоли қашшоқликда ҳаёт кечирарди. 1978-йили импорт маҳсулотларини харид қилиш учун ҳам валюта етишмас эди. Технология бўйича Хитой ривожланган мамлакатлардан бир неча ўн йил ортда қолиб кетган эди. Аҳолиси­нинг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қиларди. Уларнинг даромади яшашгагина етарди. Қўшимча маблағ топиш қатъиян ман қилинган эди.

Мамлакатнинг “буюк илҳомчиси” Мао Сзедун (1976-йил сентябрда) вафот этганидан сўнг ҳокимиятга Хуа Гофен келади. У Мао Сзедун сиёсатини давом эттиришини айтади. Шу билан бирга раҳбарият ичида пинҳона кураш бошланади. Охир-оқибат Ден Сяопин бошчилигидаги прагматиклар ғалаба қозонади. 1977-йилнинг июнидан Ден Сяопин раҳбарлик лавозимларига сайланади. У партия раиси ўринбосари, Ҳарбий кенгаш раиси­нинг ўринбосари, Хитой Халқ Озодлик армияси Бош штаби бошлиғи, ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларини эгаллайди. 1970-йиллар­нинг охирига келиб Ден Сяопин амалда партия ва мамлакат етакчисига айланади.

Унинг ғояси бўйича тўрт йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда фан-техника тубдан ислоҳ этилиши керак эди. 1978-йилнинг 22-декабрида тарихий қарор қабул қилинади — Ден Сяопин ва ҳаммаслакларининг ташаббуси қўллаб-қувватланади ҳамда “пролетариат диктатураси остида инқилобни давом эттириш” ғоясидан воз кечилади. Шу тариқа мамлакатда кенг қамровли модернизация жараёни бошланади. Унга кўра, янги “ислоҳотлар ва очиқлик” сиёсати тасдиқланади.

Мавзуга оид: 

Шу тариқа хорижий капиталларни жалб қилиш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди. “Ҳозирги дунё — кенг алоқалар дунёсидир. Хитой ёпиқлиги туфайли ҳам ўтмишда қолоқ эди. ХХР ташкил этилгандан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Шунингдек, ўзимиз ҳам ёпиқ эдик. 30 йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб бўлмаслиги­ни, тараққиётга эришиб бўлмаслигини кўрсатди”, деган эди Ден Сяопин. Шунда у “оқми, қорами — рангининг фарқи йўқ, мушук бўлсин — сичқон тутсин”, деган эди.

Зарур сиёсий шароитлар яратилгани­дан сўнггина Ден Сяопин кенг қамровли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга муваффақ бўлди. У Хитой воқелигидан келиб чиққан ҳолда режали иқтисоддан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини ишлаб чиқди. Шу сабабли ҳам уни Хитойдаги ислоҳотларнинг буюк отаси, дея таърифлашади. Хитойнинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Ден Сяопин ғояларига содиқликларини айтишади.

Ўтган асрнинг 50-йиллари Ден Сяопин ва Мао Сзедун Хитой тараққиёти борасида кўп баҳслашган. Мао “катта сакраш” сиёсатини илгари сурар ва замо­навий технологияларни ишлатмасдан аҳолини кенг жалб қилган, аммо хусусий тадбиркорлардан воз кечган ҳолда иқтисодиётни юритиш лозимлигини айтарди. Бу назарияга Ден Сяопин қарши чиққани боис ҳам сургун қилинади. Кейинчалик ҳокимиятга қайтган Ден қишлоқ хўжалиги коммуналларини бекор қилади ва Хитойни тўлалигича ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган давлатга айлантиради. Ден Сяопин атиги бир марта Маони танқид қилар экан, хатоларга йўл қўйган “буюк марксчи, пролетар инқилобчиси”, дея атаган. У ҳақида бошқа танқидий фикр билдирмаган. Шу тариқа ўтмишга нуқта қўйган Сяопин Ғарб мамлакатлари билан мулоқотни йўлга қўйди ва иқтисодиётни юксалти­ришда Япония тажрибасидан фойдала­нишни тавсия қилди.

Мавзуга оид: 

1979-йили Ден Сяопин АҚШга ташриф буюриб, Оқ уйда президент Жимми Картер билан учрашди, молиячилар билан Хитойни қандай қилиб модернизация қилиш ва саноати ривожланган мамлакатга айлантириш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди. Қийинчилик ва қарама-қаршиликларга қарамай, Хитой белгиланган йўлдан оғишмай, олға юрди. Соҳил бўйида жойлашган шаҳарлар саноати гуллаб-яшнаган марказларга айланди. Бу эса мамлакатнинг ривожида бош омил бўлди. Махсус иқтисодий зоналар сони ортди, юқори ва янги технологиялар зонала­рига ҳам катта эътибор қаратилди.

Ден Сяопин шиорларга ўч эмас эди. Унинг шиори битта — “Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин” эди. Ислоҳотлар шу қадар дониш­мандлик билан олиб борилдики, одамлар йилдан йилга аввалгига нисбатан яхшироқ яшай бошлади. Хитойликларнинг айтишича, улар ҳозирги ҳаётидан рози. Ден Сяопин ислоҳотлар ўтказар экан, бир нарсани — марказий ҳокимиятни бўшаштирмасликни англаб етди. Ислоҳотлар шошма-шо­шарлик билан эмас, етти ўйлаб бир кесган ҳолда олиб борилди. Ден Сяопин Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қиларди ва бу мақсадига эришди. Айни дамда Хитой замонавий саноати тезлик билан тараққий этаётган, фан ва маданияти ривожланган мамлакат дея тан олинган.

Дилшод ИБРОҲИМОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик институти тадқиқотчиси