- Провинция: Сичуан
- Маъмурий маркази: Чэнду
- Майдони: 486 000 км²
- Аҳолиси: 83 минг кишидан зиёд
- Маъмурий бўлиниши: Провинция 21 маъмурий-ҳудудий бирликка бўлинади: улардан 18 таси шаҳар, 3 таси автоном ҳудуд
- Йирик шаҳарлари: Нанчонг, Лучжоу, Зигонг, Нэйжянг, Панжиҳуа, Мяньянг.
Сичуан (“дарёлар ва дараларнинг тўрт занжири” деган маънони англатади) Хитойнинг бешинчи йирик ҳудуди (486 000 км²). Провинция Шимолий Сун сулоласи даврида тўртта майдонга бўлиниши натижасида Сичуан номини олган. Бу ер 2 миллион йил аввал Хитой миллати пайдо бўлган жойлардан бири. 25 минг йил илгари тамаддун ўчоғи бўлган, кейинчалик бу ерда Шу тамаддуни шаклланган. Ҳозирги кунда кўплаб археологик топилмалар мавжуд.
Жўғрофий ўрни ва иқлими. Сичуан вилояти Хитой марказий ҳудудининг жанубида, Янцзе дарёсининг юқори қисмида жойлашган. Минтақанинг шарқий қисми Синчуан ҳавзаси, ғарби эса Чингҳай–Тибет платоси билан чегарадош.
Сичуаннинг ғарбий қисмида энг баланд нуқта – Гунгашан тепалиги жойлашган. Провинцияда панда, тилларанг маймун, қора турна, оқ леопардлар учрайди. Хавф остида қолган табиатни муҳофаза қилиш учун 40 та қўриқхона очилган.
Йирик дарёлари: Янцзе дарёсининг Минжянг, Жалинжянг, Тожянг, Ялунжянг, Жиншажянг ирмоқлари
Энг баланд нуқтаси: Гунгашан чўққиси (7556 м)
Иқлими: Тропик муссонли, субтропик.
Иқтисоди.Вилоятда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган – гуруч ва буғдой етиштирилади, ипак қуртини етказиб беришда эса мамлакатда иккинчи ўринда туради. Сичуанда Хитойдаги барча ванадий, кобальт ва титан захирасининг ярмидан кўпи, шунингдек, темир жавҳари ва бошқа фойдали қазилмаларнинг муҳим захиралари тўпланган. Вилоят автомобиль, авиация, металлургия, озиқ-овқат, қурилиш ва тўқимачилик саноати бўйича илғор. Провинция Хитойнинг мудофаа саноати ҳамда илмий ва технологик салоҳиятини ривожлантириш жиҳатидан стратегик аҳамиятга эга.
Фойдали қазилмалар: табиий газ, қора ва жигарранг кўмир, темир жавҳари, мис, ванадий, кобальт, титан, тош тузи, фосфатлар, асбест, нефть.
Саноат: кимё, гидроэнергетика, машинасозлик, электроника, ахборот технологиялари, озиқ-овқат (мусалласчилик), автомобилсозлик, авиация, металлургия, қурилиш ва тўқимачилик саноати.
Қишлоқ хўжалиги: деҳқончилик (чой, гуруч, буғдой, жўхори, арпа, дуккакли ўсимликлар, ширин картошка, қаҳва, соя, тамаки, шакарқамиш, пахта, гаолян, цитрус мевалари, карам), чорвачилик (қорамол), ипакчилик.
Хизматлар: сайёҳлик, савдо-сотиқ, молиявий, транспорт, Янцзе дарёси ва унинг ирмоқлари бўйлаб юк ташиш хизмати.
Диққатга сазовор жойлар:
Манзарали масканлар: Зинченг тоғи (Даосизм ватани), йирик пандалар қўриқхонаси, буддавийларнинг муқаддас тоғи Эмейшан, Жюжайгоу табиат қўриқхонаси, Ҳуанглонг карст ғорлари, Жага шаршараси (93 метр).
Муҳандислик иншооти: “Дужянгян” қадимги суғориш тизими (Бутунжаҳон мероси рўйхатида).
Тарихий обидалар: улкан Буддан ҳайкали (Лэшан, 713–803 йилларда қурилган), Сансингдуй харобалари (қадимги Сичуан тамаддуни ёдгорликлари), Жинша харобалари.
Лэшан шаҳридаги Будда Маитрея ҳайкали ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. У минг йиллардан буён дунёдагинафақат энг баланд Будда ҳайкали, балки энг йирик ҳайкалтарошлик намунаси ҳамдир. Ҳайкални яратиш бўйича ишлар 713 йилда Танг сулоласи даврида бошланиб, тўқсон йил давом этган. Ҳайкалнинг баландлиги 71 метр, бошининг баландлиги деярли 15 метр, елкалари кенглиги 30 метр, қўл бармоқлари узунлиги 8 метр, оёқ бармоқлариники эса 1,6 метр, бурун узунлиги 5,5 метр.
Жюжайгоу рангли кўллари – кўк, яшил ва мовий – музликларнинг эриши ва карбонат чўкиндиларининг чўкиши оқибатида ҳосил бўлган. Кўл суви жуда юқори кальций карбонат концентрациясига эга. Шунчалик шаффофки, кўл остидаги чуқурликлар ҳам яққол кўзга ташланади.
Провинция ҳудудида жойлашган қуйидаги объектлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган:
- Жюжайгоу миллий боғи;
- Ҳуанглонг манзарали ландшафт ҳудуди;
- Лэшандаги Будда ҳайкали ва Эмэйшан тоғи;
- “Дужянгян” суғориш тизими ва Чингченгшан тоғи;
- Йирик пандалар қўриқхонаси.